Таносил ёки ОИВ касаллиги/ОИТСни тарқатганлик учун жиноий жавобгарлик мавжуд
Бугунги кунда юртимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, айниқса, ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасида қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Бироқ шунга қарамасдан Ўзбекистонда 48 мингдан ортиқ шахсда ОИВ касаллиги аниқланган. Сўнгги 5 йилда ОИВ инфекциясига текширувлар сони 700 мингдан 3,5 миллионга ёки 5 баробарга ортган.
Мазкур турдаги касалликларни била туриб юқтириш ёки юқтириш хавфи остида қолдириш ушбу касалликка чалиниш суратининг тобора ошишига сабаб бўлмоқда.
Ушбу турдаги жиноятлар учун қонунчиликда қатъий жазо чоралари белгиланган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг
113-моддасига кўра, била туриб, бошқа шахсни таносил касаллигини юқтириш хавфи остида қолдириш базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши;
ўзида таносил касаллиги борлигини била туриб, бу касални бошқа шахсга юқтириш базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши;
ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан, вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган бўлса, уч юз олтмиш соатдан тўрт юз саксон соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши;
била туриб, бошқа шахсни ОИВ касаллиги/ОИТСни юқтириш хавфи остида қолдириш ёки унга ОИВ касаллиги/ОИТСни юқтириш беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши;
Шахснинг касб юзасидан ўз вазифаларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги оқибатида бошқа шахсга ОИВ касаллиги/ОИТСни юқтириши базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатдан тўрт юз саксон соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланини белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2023 йил 19 июндаги 03-23-547-23-сонли топшириқ хати ҳамда Навоий вилоят суди Раёсатининг
2023 йил 5 июлдаги РС-83-23-сонли қарори билан тасдиқланган Навоий вилоят судининг 2023 йил иккинчи ярмига мўлжалланган иш режасининг 3.4-банди ижросини таъминлаш мақсадида, жиноят судлари томонидан 2021-2022 йиллар ҳамда 2023 йил 1-ярми ярми давомида таносил ёки ОИВ касаллиги/ОИТСни тарқатиш (ЖК 113-моддаси) билан боғлиқ кўрилган ишлар бўйича суд амалиёти умумлаштирилди.
Статистик маълумотларга кўра, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари томонидан 2021 йилда ЖКнинг 113-моддаси билан жами 4 нафар шахсга нисбатан 4 та иш кўриб тамомланган, барча жиноят ишлари бўйича айблов ҳукми чиқарилган бўлиб, 2 нафар судланувчига озодликни чеклаш, 2 нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
2022 йилда ЖКнинг 113-моддаси билан жами 3 нафар шахсга нисбатан 3 та иш кўриб тамомланган, барча жиноят ишлари юзасидан айблов ҳукми чиқарилган бўлиб, судланувчиларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
2023 йилнинг биринчи ярми давомида ЖКнинг 113-моддаси билан жами 2 нафар шахсга нисбатан 2 та иш кўриб тамомланган бўлиб, 1 нафар шахсга нисбатан ахлоқ тузатиш ишлари жазоси, 1 нафар шахсга нисбатан эса озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Мазкур даврларда оқланган ёки иш юритиш ҳаракатдан тугатилган ишлар мавжуд эмас.
2021 йил давомида жами 3 нафар судланувчига нисбатан ЖК
57-моддаси қўлланилган ҳолда санкцияда назарда тутилган жазодан енгилроқ жазо тайинланган бўлиб, 2 нафар судланувчининг оилавий шароити, 1 нафар судланувчининг қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги сабаб бўлган.
2022 йилда 1 нафар ҳамда 2023 йил 1-ярми давомида ҳам 1 нафар судланувчига нисбатан ЖК 57-моддаси қўлланилган ҳолда санкцияда назарда тутилган жазодан енгилроқ жазо тайинланган бўлиб, бунга судланувчиларнинг қилмишидан чин кўнгилданн пушаймонликлари асос сифатида баҳоланган.
Умумлаштириш даврида судланганларга нисбатан шартли ҳукм қўлланилмаган.
Ҳисобот даврида тергов органи томонидан ЖКнинг бошқа моддалари билан келиб тушиб, ЖКнинг 113-моддасига қайта малакаланган жиноят ишлари мавжуд эмас.
Шунингдек, тергов органлари томонидан ЖКнинг 113-моддаси билан келиб тушиб, ЖКнинг бошқа моддаларига қайта квалификация қилинган ишлар мавжуд эмас.
Рохила Худайбердиева,
вилоят суди судьяси