Навоийда пора бериш жинояти бўйича судланганлар сони ошди. Нега?
2021 йил давомида Навоий вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари томонидан жами 1 минг 676 нафар шахсга нисбатан 1282 та жиноят иши кўрилди. Бу 2020 йилга нисбатан 47,5 фоиз, шахслар бўйича эса 57 фоизга кўп демакдир. Ҳисобот даврида ҳукм чиқарилган ишлар 43,9 фоизга ошган. Улар орасида 146 нафар аёл, 680 нафар ёшлар ва 31 нафар вояга етмаганлар борлиги таассуфли.
Ушбу рақамлар Навоий вилоят судининг 2021 йил фаолиятига бағишланган матбуот анжуманида тақдим этилди. Беш йил аввал бундай кўрсаткичларни ошкор қилиш нари турсин, қайд этишнинг ўзи судларга анча-мунча ташвиш келтириши яширилмади.
Жамият очиқлиги, жиноятга жазо муқаррарлиги самараси бу. Табиийки, ушбу сиёсат ва ислоҳотлар бошқа бир қатор кўрсаткичларда ўзининг ижобий ифодасини топмоқда. Хусусан, 2021 йил давомида жами 18 та жиноят иши бўйича 29 нафар шахс судлар томонидан оқланиб, шундан 2 таси жиноят иши бўйича биринчи инстанция судлари, 16 таси жиноят иши бўйича вилоят судининг апелляция инстанцияси ҳиссасига тўғри келади. Шунингдек, вилоят миқёсида судлар томонидан кўрилган ишлардан гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятлар 26 та, қасддан одам ўлдириш жинояти 9 та, вояга етмаган шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш жинояти эса 13 тага камайган.
— Ҳисобот даврида пора бериш жиноятининг 28 тадан 66 тага, яъни 38 тага ошган, — дейди Навоий вилоят судининг жамоатчилик билан алоқалар хизмати раҳбари Азиза Рўзиева. — Ушбу рақамларни фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги, коррупцияга нисбатан муросасизлиги ошаётганлиги нуқтаи назаридан ижобий қабул қилиш ҳам мумкин. Бироқ мамлакатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ҳар бир жиноят содир этилишининг келиб чиқиш сабаблари чуқур таҳлил этилиб, унинг олдини олиш жамиятни иллатлардан тозалашда муҳим омиллардан биридир.
Шу боис вилоятда ҳар бир жиноят тафсилотларини профилактика инспекторлари, маҳалла ва жамоатчилик иштирокида чуқур таҳлил қилиш мақсадида 2021 йил давомида 1282 та жиноят ишидан 686 таси ёки 53.5фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди.
Матбуот анжуманида фуқаролик ишлари, иқтисодий ишлар бўйича ҳамда вилоят бўйича ва туманлараро маъмурий судларнинг 2021 йил фаолияти бўйича маълумотлар тақдим этилиб, журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.