Қидирув:

Навоийда пора бериш жинояти бўйича судланганлар сони ошди. Нега?

2021 йил давомида Навоий вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари томонидан жами 1 минг 676 нафар шахсга нисбатан 1282 та жиноят иши кўрилди. Бу 2020 йилга нисбатан 47,5 фоиз, шахслар бўйича эса 57 фоизга кўп демакдир. Ҳисобот даврида ҳукм чиқарилган ишлар 43,9 фоизга ошган. Улар орасида 146 нафар аёл, 680 нафар ёшлар ва 31 нафар вояга етмаганлар борлиги таассуфли.

Ушбу рақамлар Навоий вилоят судининг 2021 йил фаолиятига бағишланган матбуот анжуманида тақдим этилди. Беш йил аввал бундай кўрсаткичларни ошкор қилиш нари турсин, қайд этишнинг ўзи судларга анча-мунча ташвиш келтириши яширилмади.

Жамият очиқлиги, жиноятга жазо муқаррарлиги самараси бу. Табиийки, ушбу сиёсат ва ислоҳотлар бошқа бир қатор кўрсаткичларда ўзининг ижобий ифодасини топмоқда. Хусусан, 2021 йил давомида жами 18 та жиноят иши бўйича 29 нафар шахс судлар томонидан оқланиб, шундан 2 таси жиноят иши бўйича биринчи инстанция судлари, 16 таси жиноят иши бўйича вилоят судининг апелляция инстанцияси ҳиссасига тўғри келади. Шунингдек, вилоят миқёсида судлар томонидан кўрилган ишлардан гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятлар 26 та, қасддан одам ўлдириш жинояти 9 та, вояга етмаган шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш жинояти эса 13 тага камайган.

— Ҳисобот даврида пора бериш жиноятининг 28 тадан 66 тага, яъни 38 тага ошган, — дейди Навоий вилоят судининг жамоатчилик билан алоқалар хизмати раҳбари Азиза Рўзиева. — Ушбу рақамларни фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги, коррупцияга нисбатан муросасизлиги ошаётганлиги нуқтаи назаридан ижобий қабул қилиш ҳам мумкин. Бироқ мамлакатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ҳар бир жиноят содир этилишининг келиб чиқиш сабаблари чуқур таҳлил этилиб, унинг олдини олиш жамиятни иллатлардан тозалашда муҳим омиллардан биридир.

Шу боис вилоятда ҳар бир жиноят тафсилотларини профилактика инспекторлари, маҳалла ва жамоатчилик иштирокида чуқур таҳлил қилиш мақсадида 2021 йил давомида 1282 та жиноят ишидан 686 таси ёки 53.5фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди.

Матбуот анжуманида фуқаролик ишлари, иқтисодий ишлар бўйича ҳамда вилоят бўйича ва туманлараро маъмурий судларнинг 2021 йил фаолияти бўйича маълумотлар тақдим этилиб, журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.

“Коррупция ҳолатига йўл қўймаслик” юзасидан семинар ташкил этилди

“Коррупция ҳолатига йўл қўймаслик” ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 1 февралдаги «Банкротлик таомилларини янада соддалаштириш ва суд бошқарувчилари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4146 сонли қарорига киритилган сўнги ўзгартиришлар ҳамда «Банкротлик” ишлари бўйича тугатиш (суд) бошқарувчилари томонидан тугатишга оид ишларни олиб боришда юзага келаётган муаммолар юзасидан  семинар ташкил этилди.

Семинарда прокуратура, солиқ бошқармаси масъул ходимлари, банк юристлари, Давлат активларини бошқариш агентлиги Навоий вилоят бошқармаси масъул ходимлари- тугатиш (суд бошқарувчилари) иштирок этди.

Бугунги семинарни ташкил этишдан мақсад асосан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 1 февралдаги «Банкротлик таомилларини янада соддалаштириш ва суд бошқарувчилари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4146 сонли қарорига киритилган сўнги ўзгартиришлар ҳамда «Банкротлик” ишлари буйича тугатиш (суд) бошқарувчилари томонидан тугатишга оид ишларни олиб боришда юзага келаётган муаммоларни ҳал этишга бағишланди.

Даставвал давлатимиз тараққиёти кушандаси бўлган «Коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик” масаласига тўхталиб ўтилди.

Коррупцияга қарши курашишга фақат давлатнинг ваколатли органларини курашиши етарли эмас. Бу борада кенг жамоатчиликни жалб қилиш, фуқароларимизни хукуқий онги ва маданиятини ошириш зарурдирллиги таъкидланди.

Шу боис, давлат раҳбари Ш.Мирзиёев томонидан ўзининг президентлик лавозимига киришганлигининг дастлабки кунлариданоқ биринчи қабул қилган қонуни бу 2017 йил 3 январдаги «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни бўлганлиги бежиз эмас.

Шунингдек, Ўзбекистан Республикаси Президентининг «Банкротлик таомилларини янада соддалаштириш ва суд бошқарувчилари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4146 сонли қарори юзасидан Кармана туманлараро иқтисодий суди раиси А.Хамидов,  қуйидагиларни:

–       2019 йил 1 майдан давлат солиқ хизмати органларининг аризалари бўйича қўзғатилган банкротликнинг соддалаштирилган таомилларини ўтказишди суд бошқарувчиларини давлат солиқ хизмати органлари ходимлари орасидан тайинлаш амалиёти бекор қилингани,

–       давлат солиқ хизмати органларининг аризалари бўйича қўзғатилган банкротликнинг соддалаштирилган таомилларини ўтказишда тўртинчи тоифали суд бошқарувчиси аттестатига эга бўлган ва Ўзбекистон суд бошқарувчилари ассоциацияси (кейинги уринларда — Ассоциация) аъзолари ҳисобланган шахслар суд бошқарувчиси этиб тайинланиши белгиланганлигини таъкидлади.

Ушбу қарорга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил

30 декабрдаги ПҚ-73-сонли қарори билан қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган, яъни банкротликни соддалаштирилган тартиби қўлланилганда, агар қарздор билан бошқача келишув белгиланган бўлмаса, суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш ҳаражатларининг ўрни қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик ҳақида иш қўзгатиш тўғрисида ариза берган солиқ органи томонидан Давлат бюджета маблағлари ҳисобидан қопланиши, бунда, суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш учун суднинг депозит ҳисобварағига базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида олдиндан тулов амалга оширилиши белгиланганлиги семинар иштирокчилар эътиборига етказилди.

Бундан ташқари, «Банкротлик” ишлари бўйича тугатиш (суд] бошқарувчилари томонидан тугатишга оид ишларни олиб боришда юзага келаётган муаммолар юзасидан тугатиш бошқарувчиларининг фикрларини тингланди, ушбу муаммоларни ечими юзасидан фикр алмашилди.

Акбар Ҳамидов

Кармана туманлараро иқтисодий 

суди раиси

«ADOLAT» ахборот тизимлари комплексининг мазмун-моҳияти юзасидан семинар ташкил этилди

Кармана туманлараро иқтисодий суди раиси А.Хамидов томонидан вилоят Савдо-саноат палатасида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг 2021 йил 9 декбрдаги “Республика судлари фаолиятига “ADOLAT” ахборот тизимлари комплексини жорий этиш ҳақида”ги қарори тарғиботига бағишланган семинар ташкил этилди.

Вилоят прокуратураси, Савдо саноат палатаси ходимлари, НКМК ва тижорат банклари юристлари, адвокатлар ҳамда  адлия органлари вакиллари иштирок этган семинарда “ADOLAT” ахборот тизимлари комплексининг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Жумладан, эндиликда давлат хокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари, адвокатлар томонидан судларга даъво аризаси, ариза ва шикоятлар фақат электрон шаклда такдим этилиши борасида сўз юритилди. Аҳамиятлиси, мазкур тизимда  манфаатдор шахслар даъво аризаси, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн тарзда кузатиб бориши мумкин. Шунингдек, суд мажлиси иштирокчилари томонидан маълумотлар ва ҳужжатларни электрон шаклда юбориш, суд қарорларини иш бўйича тарафларга онлайн тарзда тақдим этиш имконияти ҳам мавжудлиги таъкидланди.

“ADOLAT” ахборот тизимлари комплекси ва судлар қарорларини иш бўйича тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимосномаси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этиш амалиёти судлар фаолиятига босқичма-босқич жорий этилиши иштирокчилар эътиборига етказилди.

Бундан ташқари, семинарда ушбу янгилик қайси суд фаолиятига қайси муддатда жорий этилиши хусусида ҳам тушунча берилди.

Тингловчилар томонидан мазкур тизим юзасидан берилган саволларга туман суди раиси томонидан батафсил жавоб қайтарилди.

 

Азиза Рўзиева

Навоий вилоят суди жамоатчилик ва ОАВлар билан алоқалар бўйича бош консультанти

Навоий вилоятида ер ҳисоби ва давлат кадастрларини шакллантиришда юзага келадиган муаммолар ўрганилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2021 йилнинг 21 декабрь куни ер ҳисоби ва давлат кадастрларини шакллантириш, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда белгиланган вазифалар ижросини сифатли ва ўз вақтида таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг 2021 йил 27 декабрдаги 40-сонли Фармойишига асосан судья ва суд аппарати ходимлари ҳамда масъул вазирлик ва идоралар томонидан бириктирилган ходимлардан иборат таркибда ишчи гуруҳи тузилди.

Ишчи гуруҳи зиммасига масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда жойларда ер ҳисоби ва давлат кадастрларини шакллантиришдаги мавжуд муаммоларни аниқлаб, уларни батафсил ўрганиш, натижаларини умумлаштириш, шунингдек муаамоларнинг қонуний ечимларини топиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган.

Белгиланган вазифалар ижросидан келиб чиқиб, жорий йилнинг

7 январь куни Навоий вилояти учун масъул бўлган ишчи гуруҳ аъзоси Олий суд судьяси, О.Баракаевнинг иштирокидаги ишчи гуруҳ аъзолари вилоятнинг барча шаҳар, туманларида бўлиб, ўзбошимчалик билан эгалланган ерларни кадастр рўйхатидан ўтказиш бўйича аҳоли билан мулоқот қилишди, уйга эгалик ҳуқуқи мавжуд бўлмаган фуқароларнинг муаммолари батафсил ўрганилди.

Жойларда ер ҳисоби ва давлат кадастрларини шакллантиришдаги мавжуд аниқланган муаммоларни ўрганиш ва уларнинг қонуний ечимларини топиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида ишчи гуруҳ аъзолари туман, шаҳар ҳокимликлари биносида прокурата, адлия архитектура ва кадастр вакиллари иштирокида йиғилиш ўтказиб, уй-жойларини тегишли тартибда кадастр рўйхатидан ўтказиш юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Азиза Рўзиева 

Навоий вилоят суди жамоатчилик ва ОАВлар бўйича алоқалар бўлими бош консультанти

Skip to content