Искать:

ХОТИН-ҚИЗЛАР ҲУҚУҚЛАРИ ДОИМО ДАВЛАТ ҲИМОЯСИДА

Жорий йилнинг 22 июль куни Навоий вилоят судига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси Ш.Махкамова ташриф буюрди ва шу куни аёллар ҳуқуқларига доир қўшма мажлис ўтказилди.

Мажлисда вилоят суди раиси Х.Қудратов, раиси ўринбосари И.Касимов, вилоят, туманлараро (туман) судларининг фуқаролик ишлари бўйича судьялари, туман (шахар) оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиқлари, туман (шахар) адлия бўлим бошлиқлари ва ИИБ ходимлари иштирок этдилар.

Йиғилишда З.Махкамова мамлакатда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, оилалар барқарорлигини таъминлаш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларни Навоий вилоятида ҳам тизимли давом эттириш масаласига тўхталиб ўтди.

Шунингдек, оилавий ажримлар сони, уларни камайтириш бўйича қилинган ишлар ҳар бир туман (шахар) кесимида муҳокама қилинди. Оилавий низоларни барвақт аниқлаш, уларни яраштириш чораларини кўриш ва бу борда ўзаро ҳамкорликни яхшилаш масаласи келишиб олинди.

Оилавий низоларни судгача ҳал этиш механазимини жорий этиш, бу борадаги қонун ҳужжатларига таклифлар тайёрлаш масаласи муҳокама қилинди.

Суднинг эр-хотинни яраштириш бўйича чиқарган ажримларни ижросини таъминлаш, уларни кўриб чиқиш якуни бўйича судларга хулосалар тақдим этиш, хулосаларнинг намунвий шакллари юзасидан келишув тузилди.

Шунингдек, судлар ва туман (шахар) оила ва хотин-қизлар бўлими ўртасида тезкор ахборот алмашинувини таъминлаш юзасидан телеграм гурухи ташкил қилинди.

Келгусида судлар ҳамда туман (шахар) оила ва хотин-қизлар бўлимлари томонидан бундай тардбирлар жойларда режа асосида давом эттриладиган бўлди.

 

 

Навоий вилоят суди судьяси Нодиржон Расулов

Янги конституция нормалари амалда қўлланилмоқда!!!

Даъвогар Б.Р.нинг жавобгар Хатирчи туман халқ таълими бўлимига нисбатан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқни ғайриқонуний деб топиб ўз ишига тиклаш, мажбурий бекор юрган кунлари учун иш ҳақи ва маънавий зарар ундириш ҳақидаги даъво аризаси фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман суди томонидан 2023 йил июль ойининг 06 куни кўриб чиқилди.

Аниқланган ҳолатларга кўра, Хатирчи туман халқ таълими бўлими мудирининг 2023 йил 31 март кунидаги 245-5-77-ХТ/2023-сонли буйруғига кўра Р.Б билан имзоланган меҳнат шартномаси Ўз.Р Меҳнат кодексининг (эски тахрирдаги) 100-моддаси 2-қисми 3-бандига асосан бекор қилинган.

Мазкур буйруққа асос сифатида унга 2023 йил 03 февралдаги 22-5-77-ХТ/2023-сон буйруғи билан қўлланилган хайфсан, 2023 йил 28 февралдаги 190-5-77-ХТ/2023-сон буйруғи билан қўлланилган 30 % жарима интизомий жазо чоралари, Хатирчи туман прокуратурасининг 2023 йил 28 февралдаги 9/90-23-сонли тақдимномаси, тушунтириш хати, лавозим мажбуриятлари, касаба уюшмаси қўмитасининг розилик қарори, Ўз.Р Меҳнат кодексининг (эски тахрирдаги) 100-моддаси иккинчи қисми 3-банди кўрсатилган.

Мазкур меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқ чиқарилгунга қадар, Хатирчи туман халқ таълими бўлими мудирининг 3.02.2023 йилдаги 122-5-77-ХТ/2023-сонли буйруғига асосан Р.Бга лавозим мажбуриятларини тўлиқ бажармаганлиги, иш жараёнида хато ва камчиликларга йўл қўйганлиги, инглиз тили фани ўқитувчиси Д.Хнинг 2022 йил декабрь ойи иш ҳақини ёзиш жараёнида камчиликлари учун “хайфсан” интизомий жазоси берилган.

Буйруққа асос сифатида мактаб директори Ш.Бнинг билдиргиси, туман молия бўлими ҳамда мактаб ходимлари томонидан тузилган 2023 йил
19 январдаги далолатнома, Ўз.Р Меҳнат кодексининг 181-моддаси 1-банди кўрсатилган.

Шунингдек Хатирчи туман халқ таълими бўлими мудирининг 28.02.2023 йилдаги 190-5-77-ХТ/2023-сонли буйруғига асосан Р.Бга ўзининг лавозим мажбуриятларини бажаришда камчиликларга йўл қўйганлиги сабабли ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида жарима жазоси қўлланилган.

Буйруққа асос сифатида мактаб директори Ш.Бнинг билдиргиси, Р.Бнинг тушунтириш хати, Ўз.Р Меҳнат кодексининг 181-моддаси
2-банди кўрсатилган.

Судда аниқланган ҳолатларга кўра иш берувчи, яъни жавобгар Хатирчи туман халқ таълими бўлими даъвогар Р.Бга нисбатан икки ой ичида учта интизомий жазо чорасини қўллаган бўлсада аммо бирортаси бўйича ҳам даъвогарни интизомий жазо берилгани тўғрисида буйруқ ходимга маълум қилинмаган, таништирилгани ҳақида тилхат олинмаган.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг (эски тахрир) 182-моддасида кўрсатилишича, интизомий жазолар ишга қабул қилиш ҳуқуқи берилган шахслар (органлар) томонидан қўлланилади.

Интизомий жазо қўлланилишидан аввал ходимдан ёзма равишда тушунтириш хати талаб қилиниши лозим. Ходимнинг тушунтириш хати беришдан бош тортиши унинг илгари содир қилган ножўя хатти-ҳаракати учун жазо қўллашга тўсиқ бўла олмайди.

Интизомий жазони қўлланишда содир этилган ножўя хатти-ҳаракатнинг қай даражада оғир эканлиги, шу хатти-ҳаракат содир этилган вазият, ходимнинг олдинги иши ва хулқ-атвори ҳисобга олинади.

Ҳар бир ножўя хатти-ҳаракат учун фақат битта интизомий жазо қўлланиши мумкин.

Интизомий жазо берилгани тўғрисидаги буйруқ (фармойиш) ёки қарор ходимга маълум қилиниб, тилхат олинади.

Хатирчи туман халқ таълими бўлими мудирининг 2023 йил 31 март кунидаги 245-5-77-ХТ/2023-сонли буйруғига кўра Р.Б билан имзоланган меҳнат шартномаси Ўз.Р Меҳнат кодексининг (эски тахрирдаги) 100-моддаси 2-қисми
3-бандига асосан бекор қилинган. Мазкур буйруққа асос сифатида унга бундан олдинги иккита интизомий жазо қўллаш ҳақидаги буйруқлар ва Хатирчи туман прокуратурасининг 2023 йил 28 февралдаги 9/90-23-сонли тақдимномаси асос қилиб кўрсатилган.

Хатирчи туман прокуратурасининг 2023 йил 28 февралдаги 9/90-23-сонли тақдимномасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 12.10.2021 йилдаги 638-сон қарори билан тасдиқланган “Жисмоний, ақлий, сенсор ёки руҳий нуқсонлари бўлган, шунингдек узоқ вақт даволанишга муҳтож бўлган болаларга уйда якка тартибда таълим бериш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига риоя қилиниши аҳволи туман ХТБ тасарруфидаги умумий ўрта таълим мактабларида ўрганилгани, ўрганишда бир нечта мактабларда шу соҳада қатор камчиликлар аниқлангани, жумладан тумандаги 24-сонли умумтаълим мактабнинг 7-синф ўқувчиси Н.Болтаева ўқув режада физика фани режалаштирилмаган бўлсада, ушбу фан бўйича унга дарс соатлари ўтиб келингани камчилик сифатида қайд этилган.

Туман прокуратурасининг тақдимномасида юқорида қайд этилган камчилик Хатирчи туманидаги 24-сон умумтаълим мактабининг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Р.Бозоров томонидан содир қилингани ёки Р.Бозоровга интизомий жазо чорасини қўллаш сўралмаган бўлсада, Хатирчи туман ҳалқ таълими бўлими мудири томонидан шу холатлар бўйича Р.Бозоров билан меҳнат шартномаси меҳнат интизомини мунтазам равишда бузиб келганлиги важи билан бекор қилинган.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 октябрдаги 638-сонли “Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим беришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига 4-илова қилиб тасдиқланган “Жисмоний, ақлий, сенсор ёки руҳий нуқсонлари бўлган, шунингдек узоқ вақт даволанишгав муҳтож бўлган болаларга уйда якка тартибда таълим бериш тартиби тўғрисидаги” Низомнинг 4-боб 20-бандида “Ўқувчининг қизиқиши ва қобилиятини ҳисобга олиб, ота-оналарнинг аризасига мувофиқ ўқув режасида кўрсатилган фанларни умумий соатлар миқдоридан ошмаган ҳолда 1 соатга ўзгартиришга йўл қўйилади.

Бундай ўзгартириш мактаб директорининг буйруғига мувофиқ ўқув режасидаги битта фанни бошқа бир фан билан алмаштириш ҳисобига амалга оширилади” деб кўрсатилган.                 

Бундан маълум бўлишича фуқаро Ф.Арзиқулованинг набираси Болтаева Нилуфарга жисмоний тарбия фани ўрнига физика фанини қўйиб бериш мактаб директорининг ваколати бўлсада, бундай камчиликка йўл қўйилганлиги важи билан Р.Бозоровга икки ой ичида учинчи интизомий жазо чораси берилиб у билан меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Судда аниқланган ҳолатларга кўра, жисмоний, ақлий ёки руҳий нуқсонлари бўлган уйда якка тартибда таълим олаётган болаларга битта фанни бошқа бир фан билан алмаштириб бериш вазифаси ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари лавозим мажбурияларига кирмайди, аммо шундай бўлсада айнан шу ҳолат бўйича Р.Бозоровга учинчи интизомий жазо чораси ҳам нотўғри қўлланилган ва бунинг натижасида у билан меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 42-моддасига кўра ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга.

Суд юқорида кўрсатилган қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Олий суд Пленум қарори раҳбарий кўрсатма талабларидан келиб чиқиб, судда аниқланган иш ҳолатларига кўра, жавобгар Хатирчи туман халқ таълими бўлимининг даъвогар  Р.Б билан меҳнат шарномасини бекор қилиш ҳақидаги 31.03.2023 йилдаги 245-5-77ХТ/2023-сонли буйруғини ғайриқонуний деб топишни ҳамда Р.Бни 2023 йил 31 март кунидан бошлаб ўз ишига, Хатирчи туманидаги 24-сон умумтаълим мактабининг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари лавозимига ишга тиклашни лозим деб топди.

Шунингдек, даъвогар Р.Бнинг 2023 йил 31 мартдан 2023 йил 06 июль кунига қадар мажбуран бекор юрган кунлари 3 ой 6 кун учун жами 13.434.093 сўм иш ҳақи (солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ушланган ҳолда) ундириб берилди.

Хулоса қилиб айтганда, янги Конституция нормалари амалда қўлланилиб, меҳнат ҳуқуқлари бузилган ходимнинг ҳуқуқлари суд орқали тикланди.   

 

Баходир Бабақулов

 

Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман суди раиси

Хусусий ажрим муҳокама қилинди

Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси А.Курбонов томонидан жиноятчиликни олдини олиш ва унга қарши кураш юзасидан  Навоий кон металлургия комбинати акциядорлик жамияти Шимолий кон бошқармасига қарашли Шарқий конида хусусий ажримнинг муҳокамаси юзасидан учрашув ўтказилди.

Туман судининг 2023 йил 1 июндаги ҳукмига кўра, Ф.Ш.га Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизи давлат ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан 2 йил муддатга аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Суднинг ҳукмига кўра, судланувчи Ф.Ш қасддан жиноят содир етиш йўлига кириб, фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки мулкига бўлган ҳуқуқини қўлга киритишни ўз олдига мақсад қилган ҳолда, 2022 йил 30 июль куни Ш.Ё.га тегишли дўконга бориб, унга онасини туғилган куни эканлигини, шу сабабли унга тилла тақинчоқ совға қилишини айтган ҳолда уни алдаб, унга тегишли бўлган 30 грам вазндаги бир дона “Медас” номли тилла тақинчоқни жами 16 млн 690 минг сўмга оғзаки келишиб, унинг ишончига кириш мақсадида бир неча кундан сўнг 3 млн сўм миқдоридаги пулларни бериб, қолган 13 млн 690 минг сўм пулларни бир неча кун ичида беришини айтиб, фирибарлик йўли билан қўлга киритган бир дона тилла тақинчоқни сотиб юбориб, пулларини ўз эҳтижлари учун ишлатиб юборган.

Бундай салбий ҳолатларга барҳам ва бундан кейин бу каби жиноятларни олдини олиш мақсадида бошқарманинг мутасадди ходимлари томонидан мазкур жиноятни келиб чиқишига сабаб бўлган ўрганиш, жиноят содий этишга мойил ходимлар билан ҳуқуқий тарғибот ишларини жадаллаштириш юзасидан чора-тадбирлар белгилаш кераклиги қайд этилди.

Шунингдек, йиғилишда туман судининг раиси Шимолий кон бошқармасига қарашли автомобиль транспорт бошқармаси ишчи ходимларига бугунги кунда энг кўп содир этилаётган жиноятлар ва ҳуқуқбузарликлар ҳақида маълумот бериб, ўз ҳуқуқларини қандай ҳимоя қилишлари ҳақида ҳуқуқий маслаҳатлар берди.

Тадбир сўнгида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

 

Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси

Акмал Қурбонов

Навоий вилоят судида оммавий ахборот воситалари вакиллар учун навбатдаги матбуот анжумани ўтказилди

Мутбуот анжуманида Навоий вилоят судлари ҳамда Навоий вилоят маъмурий судлари томонидан одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида 20232 йилнинг 1-ярми давомида амалга оширилган ишлар сарҳисоби юзасидан оммавий ахборот воситалари вакилларига ахборот берилди.

Маълумот учун, 2023 йил 1-ярми давомида (2022 йил 1-ярми давомида амалга оширилган ишлар қавс ичида) судлар томонидан жами 1201(1003) нафар шахсга нисбатан 866(784) та жиноят иши тамомланган бўлиб, кўриб тамомланган ишлар салмоғи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан жиноят ишлари 82 та ёки 10,4 фоизга кўпайган, шахслар эса 198 тага ёки 19,7 фоизга кўпайган.

Жами тамомланган ишларнинг барчаси туман (шаҳар) судларида кўрилган.

Ҳисобот даврида 221(242) нафар шахсга нисбатан 204(222) та иш тугатилган. Шундан 196(230) нафар шахсга нисбатан 186(215) та жиноят иши ЖК 661-моддасига асосан тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатилган.

Ушбу даврда 122(104) нафар аёлларга нисбатан 107(95) та жиноят иши кўрилган. Иш сони 12 тага ёки 12,6 фоизга,  шахс сони 18 тага ёки 17,3 фоизга ошган.

432(422) нафар ёшларга нисбатан 348(346) та жиноят иши судлар томонидан мазмунан кўриб ҳал этилган бўлиб, шундан 18(20) та жиноят иши бўйича 25(25) нафарини вояга етмаганлар ташкил этган. Ёшлар бўйича шахс сони 10 тага ёки 2.3 фоизга ошган.

2023 йил 1-ярми давомида жами 3 та жиноят иши бўйича 5 нафар шахс судлар томонидан оқланган бўлиб, шундан 1 та жиноят иши бўйича 1 нафар шахс биринчи инстанция судлари томонидан, 2 та жиноят иши бўйича 4 нафар шахс вилоят судининг апелляция инстанцияси томонидан оқланган.

Судлар томонидан кўрилган ишлардан

–пора бериш 54 та, 31 тага ёки 1,4 бараварга;

электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш жинояти  12 та, 5 тага ёки 71,4 фоизга ошган бўлса;

Судлар томонидан кўрилган ишлардан

Қасддан одам ўлдириш –3 та, 1 тага ёки 25 фоизга;

Вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш – 28 та, 2 тага ёки  6,6 фоизга;

Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш 16 та, 9 тага ёки 36 фоизга камайган.

2023 йил 1-ярми давомида 15312(12349) нафар шахсга нисбатан 13146(10020) та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилган. Шундан, 8730(7536) нафар шахсга нисбатан 7918(6498) та иш бўйича жазо тайинланган бўлса, 6582(4813) нафар шахсга нисбатан 5228(3522) та иш ҳаракатдан тугатилган.

Кўриб тамомланган ишлар 2963 тага ёки 23,9 фоизга, шахслар 3126 тага ёки 31.1 фоизга ошган.

Жами кўриб чиқилган 866 та жиноят ишидан 70 таси оммавий-ахборот воситалари (Тв, веб-сайт, газета, журнал) орқали ёритилди.

Ушбу даврда жиноятнинг сабабларини ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш тўғрисида 572 та ёки 66,1 фоиз ишлар бўйича хусусий ажримлар чиқарилиб, тегишли корхона ва ташкилотлар, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларига муҳокама учун юборилди.

2023 йил 1 ярми давомида барча судлар томонидан корхона ва ташкилотларда 600 марта, аҳоли ўртасида 400 марта, ўқув муассасаларида 38 марта лекция, суҳбат ва учрашувлар ўтказилган, 65 марта газета-журналларда мақолалар чоп этилган, 35 марта радиода, 52 марта телевидениеда ва 149 марта веб-сайтларда чиқишлар қилинган.

2023 йилнинг биринчи ярми давомида (2022 йил биринчи ярмига оид маълумотлар қавс ичида) Навоий вилоят, туманлараро, туман (шаҳар) судларига жами 3874 та (4598) мурожаатлар келиб тушган бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 724 тага ёки 15,7 фоизга камайган.

Мазкур мурожаатларнинг 1182 таси ёки 30,5 фоизи жиноят судларига, 2471 таси ёки 63,8 фоизи фуқаролик судларига келиб тушган бўлса, қолган 221 таси ёки 5,7 фоизи иқтисодий судларига келиб тушган

Жами келиб тушган мурожаатлардан 3835 таси ёки 99 фоизи ўрганиб чиқилган бўлса, 28 та ёки 0,7 фоиз мурожаат тааллуқлилиги ёки тегишлилиги бўйича бошқа ташкилотларга юборилган, 11 та ёки 0,3 фоиз мурожаат ўрганиш жараёнида қолдиқда қолган.

Ўрганиб чиқилган жами 3835 та мурожаатлардан 108 таси ёки
2,8 фоиз мурожаат қаноатлантирилган бўлса, 3721 таси ёки 97 фоиз мурожаат юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилган, шунингдек 6 та ёки 0,2 фоиз мурожаат қаноатлантирилмаган.

 

Фуқаролик  ишлари бўйича

 

Навоий вилоят фуқаролик судлари томонидан фуқаролик соҳасида одил судловни амалга ошириш юзасидан 2023 йил 1-ярми давомида бир қатор ишларни амалга оширилди.

Хусусан, ҳисобот даврида судлар томонидан жами 10781 та (вилоят суди 1 та, фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро суди 4379 та, фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро суди 1325 та, фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро суди 2758 та, фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди 736 та, фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман суди 1582 та фуқаролик ишлар кўриб тамомланган. Шундан 629 таси ёки 5,8 фоизи сайёр суд мажлисларида ҳал этилган.

Судлар томонидан кўрилган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 293 тага ёки 3,8 фоизга кўпайган.

Бу кўрсаткичнинг таҳлили қуйидагича:

Ўтган давр мобайнида алоҳида тартибда кўрилган бошқа ишлар билан боғлиқ низолар 76 тага (372-448)

кредит билан боғлиқ низолар 1092 тага (4204-5296);

уй-жой низоларидан келиб чиққан низолар 107 тага (156-263) камайган бир вақтда,

оила низолари билан боғлиқ кўрилган низолар 264 тага (2028-1764);

ерга оид низолари билан боғлиқ кўрилган низолар 10 тага (107-97);

меҳнат низолари билан боғлиқ низолар 308 тага (753-445) кўпайган.

2023 йил 1-ярми мобайнида жами 1151(912) та никоҳдан ажратиш билан боғлиқ ишлар кўрилган бўлиб, 650(482) таси қаноатлантирилган, 260(220) таси рад қилинган, 74(116) таси кўрмасдан қолдирилган, 167(94)таси иш юритувдан тугатилган.

Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан никоҳдан ажратиш билан боғлиқ ишлар сони 239 тага ёки 20,8 фоизга кўпайган.

Жойларда мавжуд муаммоларни ҳал этиш юзасидан аҳоли билан ҳар ойда камида бир марта очиқ мулоқотларни ташкил этиш тизимини йўлга қўйилган бўлиб, ўтган даврда жами 581 та ҳуқуқий тарғибот ишлари амалга оширилган.

Ўтказилган ҳуқуқий тарғиботларнинг 138 таси ОАВларда ёритилган. Шундан, телевидениеда 33 та, радиода 22 та, газета ва журналларда 13 та, веб-сайт ва бошқа ахборот  воситаларида 70 та чиқишлар қилинган.

 

Иқтисодий  ишлар бўйича

 

Навоий вилоят иқтисодий судлари томонидан иқтисодиёт соҳасида одил судловни амалга ошириш юзасидан 2023 йилнинг 1-ярими давомида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Хусусан, ҳисобот даврида судлар томонидан жами 6219 та (Вилоят 6 та, Кармана 4061 та, Навбаҳор 882 та, Зарафшон 1021 та, Учқудуқ 249 та) иқтисодий ишлар кўриб чиқилган.

137 та суд мажлиси ВКА режимида ўтказилди. Бунда
235 нафар вакиллар ўз ҳудудларида иштирок этиб, уларнинг тахминан 62,6 млн. сўм маблағлари тежалган.

Кўрилган ишларнинг 2031 таси ёки 32,6 фоизи фуқаролик ҳуқуқий муносабатларга оид, 3999 таси ёки 64,3 фоизи маъмурий ҳуқуқий муносабатларга оид, 144 таси ёки 2,3 фоизи банкротликка оид, 45 таси ёки 0,7 фоизи корпоратив муносабатларга оид ишларни ташкил этган.

Судлар томонидан кўрилган ишлар сони ўтган йилга нисбатан 3894 тага ёки 167,4 фоизга кўпайган (ўтган йили шу даврда – 2325 та).

Бу кўрсаткичнинг таҳлили қўйидагича:

ü коммунал шартномасидан келиб чиққан низолар 553 тага (410-963);

ü ерга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан низолар 13 тага (15-28).

ü ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасидан келиб чиққан низолар 70 тага (124-194);

ü контрактация шартномасидан келиб чиққан низолар
25 тага (5-30);

ü маҳсулот етказиб беришга доир кўрилган низолар
212 тага (126-338);

ü ижара шартномасидан келиб чиққан низолар 5 тага (46-51);

ü солиқ қонунчилигини қўллаш билан боғлиқ низолар
3226 тага (452-3678) кўпайган.

Айни пайтда, қўйидаги тоифадаги низолар камайган:

ü пудрат шартномасидан келиб чиққан низолар 9 тага
(86-77);

ü кредит шартномасидан келиб чиққан низолар 64 тага (220-156);

ü лизинг шартномасидан келиб чиққан низолар 46 тага
(64-18);

ü инвестицион низолар 20 тага (22-2);

ü банкрот деб топиш тўғрисидаги низолар 127 тага камайган (214-138)

ü юридик шахсни тугатиш юзасидан ишлар кўрилмаган (0-0).

Ҳал этилган ишлар бўйича 167,3 млрд. сўм миқдоридаги қарз ва етказилган моддий зарарларни даъвогарлар фойдасига ундириш ҳақида қарорлар қабул қилинган. Шундан хусусий тадбиркорлар ва кичик бизнес субъектларнинг фойдасига 35,2 млрд. сўм ундирилган.

Жойларда мавжуд муаммоларни ҳал этиш юзасидан аҳоли билан ҳар ойда камида бир марта очиқ мулоқатларни ташкил этиш тизимини йўлга қўйилган бўлиб, жами 326 та ҳуқуқий тарғибот ишлари амалга оширилган.

Ўтказилган ҳуқуқий тарғиботларнинг 162 таси ОАВларда ёритилган. Шундан, телевидениеда 19 та, радиода 20 та, газета ва журналларда 28 та, веб-сайт ва бошқа ахборот воситаларида 95 та чиқишлар қилинган.

 

 

Вилоят судининг жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими бош консультанти Азамат Ботиров 

ФАРЗАНДИ ОЛДИДАГИ МАСЪУЛИЯТИНИ УНУТГАН ОТА!

Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг очиқ суд мажлисида Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 474-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганлик юзасидан Навбаҳор туманида истиқомат қилувчи В.И.га нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик иш ҳужжатлари кўриб чиқилди.

Унда аниқланишича, ҳуқуқбузар В.И 2022 йилнинг 21 декабридан 2023 йилнинг 1 майига қадар 3.900.789 сўм миқдоридаги алимент пулини алимент ундирувчи О.Б.га тўламасдан, моддий ёрдамга муҳтож шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаб келган.

Қарздор В.И ҳуқуқбузарлик ҳаракатига иқрорлик билдириб, судда ҳақиқатдан ҳам, фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан, ундирувчи О.Б фойдасига бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун даромадининг тўртдан бир қисми миқдорида алимент ундириш белгиланганлигини, алимент қарздорлиги 3.900.789 сўм бўлганлигини, ҳозирда ушбу қарздорликни бартараф этганлиги, унга нисбатан қонуний енгиллик беришни сўраб кўрсатма берди.

Ундирувчи О.Б ҳуқуқбузар В.И.дан унинг фойдасига бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланганлигини, ҳозирги кунда В.И алимент пулларини тўлиқ тўлаб берганлигини, унга нисбатан даъвоси йўқлигини, ишни тугатишни сўраб кўрсатув берди.

В.Ис.нинг ҳуқуқбузарлик ҳаракати иш материалида мавжуд суд буйруғи, ижро иши юритувини қўзғатиш тўғрисидаги қарори, алимент қарзини ҳисоблаш тўғрисидаги қарор, расмий огоҳлантириш, тушунтириш хатлари, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома ва суд мажлисида муҳокама қилиниб, баҳо берилган бошқа объектив далиллар билан ўз тасдиғини топди деб ҳисоблади.

Суд, қонун талабидан келиб чиқиб В.И алимент қарздорлигини тўлиқ қоплаганлигини инобатга олиб, унга оид маъмурий ишни МЖтКнинг 271-моддаси 10-банди тартибида тугатишга қарор қилди.

 

Алишер САЙДУЛЛАЕВ,

Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман суди раиси

Бугунги куннинг долзарб мавзуси – КРЕДИТ

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси ўз молия, пул-кредит тизимига эгадир.

Молия-кредит тизими ҳар бир давлат иқтисодиётининг  муҳим тармоқларидан бири бўлиб, пул бозорининг ривожланиши, пул оқимини бошқариши, давлатнинг инвестицион  жозибадорлигини оширишдаги аҳамиятини белгилайди.

Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг кредит олиш кафолатини мустаҳкамлаш ва у билан боғлиқ муаммоларни илмий тадқиқ қилиб ўрганиш долзарб масалалардан биридир.

Сўнгги йилларда  судларда кредит ундириш билан боғлиқ ишларни кўпайиши, кредит ундириш билан боғлиқ ишларни кўришдаги муаммоларни ўрганиш зарурияти келтириб чиқарди.

Кредит шартномаси бўйича қарздорликни ундириш ҳақидаги ишлар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси, Ўзбекистон Республикасининг “Ипотека тўғрисида”ги, “Гаров тўғрисида”ги, “Гаров реестри тўғрисида”ги Қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди Пленумининг “Кредит шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги 2006 йил 22 декабрдаги 13/150-сонли ҳамда “Суд амалиётида битимларни тартибга солувчи қонунчилик нормаларини татбиқ қилишда вужудга келадиган айрим масалалар тўғрисида”ги 2006 йил 22 декабрдаги 17-сонли қарорлари ҳамда бошқа норматив ҳужжатлар асосида кўриб ҳал қилинади.

Мазкур тоифадаги ишларни судларда кўрилишида юзага келаётган айрим муаммо ва тушунмовчиликларни ечимини топиш, йўл қўйилаётган хато-камчиликларни бартараф этиш, судларга тегишли йўлланма бериш мақсадида, фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 2022 йилда кўрилган мазкур тоифадаги ишлар умумлаштириш йўли билан ўрганилганда қуйидагилар аниқланди.

Статистик маълумотларга кўра, 2022 йилда (2021 йил) фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан жами 238 774 та (139 943 та) кредит шартномаси бўйича қарздорликни ундиришга оид фуқаролик ишлари кўриб тамомланган бўлиб, шундан кредит қарздорлиги билан биргаликда гаров таъминоти ундириш сўралган ишлар сони 19 129 тани (18 224 та) ташкил этган.

Кўриб тамомланган ишларнинг 192 029 таси ёки 80,4 фоизи (119 395 та ёки 85,3 фоиз) қаноатлантирилган, 2 296 таси ёки 1,0 фоизи (1 190 та ёки 0,9 фоиз) рад этилган, 43 433 таси ёки 18,2 фоизи (18 356 та ёки 13,1 фоиз) кўрмасдан қолдирилган ва 1 016 таси ёки 0,4 фоизи (1 002 та ёки 0,7 фоиз) иш юритишдан тугатилган.

Бу даврда 73 441 та (2021 йилда бу тоифа бўйича суд буйруғи чиқарилмаган) кредит шартномаси бўйича қарздорликни ундиришга
оид суд буйруқлари чиқарилган.

Кўриб тамомланган ишларнинг 194 590 таси тижорат банкларининг даъво ариза (ариза)ларини, 44 184 таси микромолия ташкилотларининг даъво ариза (ариза)ларини ташкил этган.

Банклар томонидан берилган даъво ариза (ариза)ларнинг кредитлар тоифаси қуйидагича:

– Истеъмол кредитлари– 54 155 та 27 трлн. 748 млрд. сўмлик;

– Чорвачилик учун ажратилган кредитлар-21 132 та 1 трлн. 59 млрд. сўмлик;

– Маиший кредитлар-27 359 та 2 трлн. 743 млрд. сўмлик;

– Бошқа кредитлар-91 944 та 23 трлн. 299 млрд. сўмлик.

Ишлар асосан (суд буйруғи қўшилган ҳолда) Наманган (50 294 та), Тошкент шаҳри (45 404 та), Фарғона (44 116 та), Андижон (29 125 та), Самарқанд (25 327 та), Сурхондарё (21 541 та), Қашқадарё (19 886 та) вилояти судларида бошқа судларга нисбатан кўпроқ кўрилган.

2022 йилда Республика фуқаролик ишлари бўйича судларнинг барчасида мазкур тоифадаги ишлар сони 2021 йилга нисбатан кўпайган, жумладан Наманганда 40 236 тага, Фарғонада 23 933 тага, Тошкент шаҳрида 22 151 тага, Андижонда 19 626 тага, Самарқандда 13 879 тага, Сурхондарёда 13 646 тага, Қашқадарёда 10 610 тага, Тошкент вилоятида 9 675 тага, Сирдарёда 5 733 тага, Навоийда 5 488 тага, Жиззахда 3 503 тага, Бухорода 2 182 тага, Қорақалпоғистон Республикасида 851 тага ва Хоразм вилоятида 676 тага кўпайган.

2022 йил давомида Навоий вилоят фуқаролик ишлари бўйича туманлараро (туман) судлари томонидан  кредит қарздорлигини ундириш билан боғлиқ низоларга оид жами 11 544 та фуқаролик иши кўриб тамомланган бўлиб, шундан 9385 та иш бўйича ҳал қилув қарори чиқарилиб, 9119 та иш бўйича даъволар қаноатлантирилган,  266 та иш бўйича даъволар қаноатлантиришдан рад қилинган,  2134 та иш бўйича даъво аризалар кўрмасдан қолдирилган, 25 та иш юритишдан тугатилган, 1971 та суд буйруғи чиқарилган, 4088 та ҳал қилув қарори сиртдан  қабул қилинган, 1685 та ҳал қилув қарори сиртдан бекор қилинган.

Кредит шартномасига оид 11.544 та иш кўрилган бўлиб, шундан кредит қарздорлиги билан биргаликда гаров таъминоти ундириш сўралган ишлар 709 тани, банкларнинг даъво аризаларига асосан 11 529 та даъво аризалар, банк бўлмаган ташкилотларнинг даъво аризаларига асосан 15 та даъво аризалар келиб тушган.

Шундан истеъмол кредитлари 3113 тани, чорвачилик учун ажратилган кредитлар 875 тани, маиший кредитлар 3060 тани,  бошқа кредитлар 4481 тани ташкил қилган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси 171-моддасининг 1, 2 ва 9-бандларида:

– агар талаб нотариал тасдиқланган битимга асосланган бўлса;

– талаб ёзма битимга асосланган ва қарздор томонидан тан олинган бўлса;

– ёзма битим мавжуд бўлган тақдирда, ундирувни қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти бўлган кўчар мол-мулкка қаратиш тўғрисида талаб арз қилинган бўлса суд буйруғи берилиши назарда тутилган.

Судларда иш ҳажми ҳамда суд харажатлари миқдорини камайтириш, юридик ва жисмоний шахсларнинг ортиқча оворагарчилигини олдини олиш, ишни кўриш билан боғлиқ бўлган харажатларни иқтисод қилиш мақсадида Олий суд томонидан судларга юқорида қайд этилган қонун талабига биноан кредит (уй-рўзғор, маиший-техникага оид битим ва шу каби бошқа) қарздорлигини ундириш билан боғлиқ ишлар юзасидан 2022 йилнинг 1 июлидан бошлаб суд буйруғи чиқариш ва уни ижрога юбориш орқали ҳал этилиши, шунингдек, Савдо саноат палатасининг ушбу мазмунда асосий ундирувчи яъни банк (ёки бошқа шахс) манфаатида судга мурожаат қилиши қонунга зид бўлмаганлиги туфайли улар томонидан берилган суд буйруғи чиқариш ҳақидаги аризаларни ҳам кўриб чиқилиши борасида кўрсатма берилган эди.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2022 йил 10 июндаги 22-6-сонли хати билан вилоят судлари ва қуйи судларга гаров мулки билан боғлиқ бўлмаган кредит суммаларини ундириш ҳақидаги ишларни даъво тартибида эмас, балки буйруқ тартибида кўриш тушунтирилган.

2022 йил давомида Навоий вилоят фуқаролик ишлари бўйича туманлараро (туман) судлари томонидан  кредит қарздорлигини ундириш билан боғлиқ низоларга оид жами 1971 та суд буйруғи чиқарилган.

Агар гаров билан таъминланган мажбуриятнинг қарздор томонидан бузилиши жуда арзимас бўлса ва шу туфайли гаровга олувчининг талабларининг миқдори гаровга қўйилган мол-мулкнинг қийматига мутлақо мос келмаса, ундирувни гаровга қўйилган  мол-мулкка қаратиш рад этилади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 279-моддасига кўра, гаровга олувчининг (кредиторнинг) талабларини қондириш учун ундиpувни қарздор гаров билан таъминланган мажбуриятни ўзи жавобгаp бўлган вазиятларда бажармаган ёки лозим даpажада бажармаган тақдирда гаровга қўйилган мол-мулкка қаратиш мумкин.

Агар гаров билан таъминланган мажбуриятнинг қарздор томонидан бузилиши жуда арзимас бўлса ва шу туфайли гаровга олувчининг талабларининг миқдори гаровга қўйилган мол-мулкнинг қийматига мутлақо мос келмаса, ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратишни рад этиш мумкин.

Суд амалиётини ўрганиш шуни кўрсатадики, узоқ муддатли ипотека кредитлари бўйича қарздор муайян давр учун қарздорлик вужудга келган ҳолларда (масалан 3-4 ойлик қарздорлик) банклар кредитнинг қолган барча қисмини муддатидан илгари ундириш ҳақидаги талаб билан судга мурожаат қилмоқда.

Бунда кредит бўйича вужудга келган реал қарздорлик эмас, балки кредитнинг ҳали муддати келмаган қисмини ҳам олдиндан бир йўла ундириш талаби қўйилмоқда.

Бу ўз навбатида кредит олган фуқарони қийин аҳволга солади, давлат божи ҳам реал қарздорлик учун эмас балки, даъво суммасидан келиб чиқиб, бутун кредит суммасига нисбатан ҳисобланади.

Бунда қарздор кредит қарзини бир йўла тўлай олмаган тақдирда ундирув гаров мулкига қаратилишига олиб келиши мумкин.

Шу сабабли судлар ушбу тоифадаги ишларни кўришда ишнинг юқоридаги каби ҳолатларига, кредит реал қарзи унча кўп бўлмаган ва гаров мулкини қийматига номутаносиб бўлган ҳолларда реал қарздорликни ундирувини гаровга қаратиш масаласини ФКнинг 279-моддаси 2-қисмида назарда тутилган тартибда ҳал қилиши лозим.

Шунингдек, кредит шартномаси бўйича кредитни қайтарилишининг таъминоти сифатида қарздор ёки учинчи шахсларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган кўчмас мулк гаровга қўйилади.

Кейинчалик кредит ўз вақтида қайтарилмаганлиги сабабли кредитни ундиришни гаров мулкига қаратишда унинг кредит олинган пайтдаги баҳоси паст бўлганлиги, орада вақт ўтиши билан мулкнинг қиймати анча ортиб кетганлиги сабабли, гаров мулкининг баҳосини белгилаш юзасидан эътирозлар мавжуд.

Гаров мулкига ундирувни қаратишда низо бўлган ҳолларда гаров мулкининг баҳосини ишни кўраётган суд белгилаши билан боғлиқ нормани қонунчиликка киритиш мақсадга мувофиқ.

Бу Ўзбекистон Республикасининг “Гаров тўғрисида”ги ва “Ипотека тўғрисида”ги Қонунларига ўзгартириш киритишни тақозо этади.

2022 йил давомида Навоий вилоят фуқаролик ишлари бўйича туманлараро (туман) судлари томонидан  кредит қарздорлигини ундириш билан боғлиқ низоларга оид жами 11 544 та фуқаролик иши кўриб тамомланган бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуни 8 ва 24-моддаларига асосан  жами 11 463 та ижро ҳужжатлари қайтарилган

Қайтарилган ижро ҳужжатларидаги сумма 539 126 955 740 сўмни ташкил этади.

 Навоий вилоят фуқаролик ишлари бўйича туманлараро (туман) судлари  кесимида таҳлил қилинадиган бўлса, Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судида 5710 та, 286 841458 354 сўмлик, фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро судида 2208 та, 166 804251044 сўмлик, фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро судида 599 та, 26 750 617 649 сўмлик, Фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман судида 846 та ,13 894 468 846 сўмлик, Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман судида 2100 та ,44 836159847 сўмлик ижро ҳужжатлари қайтарилган.

Мазкур ижро ҳужжатларини қайтариш сабаблари таҳлил қилинганда, аксарият ҳолларда судья  ва унинг ёрдамчисининг айби билан ижро ҳужжатлари қайтарилаётганлиги ва шу билан бирга айрим ҳолларда давлат ижрочилари томонидан асоссиз ижро ҳужжатларини қайтариш ҳолатлари мавжудлиги аниқланди.

2022 йилда  судлар билан вилоят, туман (шаҳар) мажбурий ижро бюролари бошлиғи ва давлат ижрочилари иштирокида йиғилиш ўтказилиб,  қайтарилган ҳар бир ижро ҳужжатлари материалар орқали муҳокама этилди ва келгусидаги ҳамкорликдаги вазифалари белгилаб олинди.

Амалиёт шуни кўрсатадики, баъзи туманлараро судлари даъвогарнинг талаби судга мурожаат қилинганидан сўнг жавобгар томонидан ихтиёрий равишда қаноатлантирилиши оқибатида даъвогар талабини қўллаб қувватламасдан ишни ФПК 122-моддасининг 9-банди асосида кўрмасдан қолдиришни сўраганида, судлар ушбу асослар билан ишни кўрмасдан қолдиришда ундирилиши лозим бўлган давлат божи тўловини ундириш масаласини ҳал қилмасдан келмоқда.

– Ўзбекистон Республикаси “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунига судларда ушбу тоифадаги ишлар юзасидан ФПКнинг 122-моддаси 9-бандига кўра, даъво аризалар кўрмасдан қолдирилган ҳолларда ариза мазмунидан қатъий назар давлат божи ундирилмаслигига оид аниқ нормани белгилаш бўйича тегишли таклиф киритиш;

– Узоқ муддатли кредитлар бўйича ҳали шартнома муддати тугамаган тақдирда, кредит қарздорлиги суммасини тўлиқ ундириш ҳақида даъво қилинганидан қатъий назар давлат божини фақатгина амалда мавжуд бўлган реал қарздорликни қаноатлантиришга оид суммасига мутаносиб равишда ундиришни назарда тутувчи нормани қонунчиликда белгилаш юзасидан (ФКнинг 736-моддасига) тегишли таклиф киритиш таклиф этилади.

 

Гулнафис Худайбердиева

Навоий вилоят суди судьяси 

Перейти к содержимому