Навоий шаҳрида Олий суд раисининг ўринбосари Икром Муслимов иштирокида “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун мазмун-моҳиятига бағишланган тарғибот тадбири ташкил этилди
Барча соҳалар каби суд-ҳуқуқ тизимида ҳам қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосан қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда, тадбиқ этилаётган бу ўзгаришлар албатта инсон хуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Шу жумладан, жорий йилнинг 27 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 869-сонли Қонуни қабул қилинди. Мазкур Қонун аҳамиятини ижрочиларга етказиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Б.Исламов томонидан тадбирлар режаси ижроси юзасидан Йўл харитаси тасдиқланган.
Хусусан, Навоий шаҳрида Олий суд раиси ўринбосари И.Муслимов иштирокида Ўзбекистон Республикасининг 869-сонли қонуни мазмун-моҳиятини таништиришга бағишланган тадбир ўтказилди.
Унда прокуроратура, ИИБ, ИЖҚКД терговчилари, Божхона бошқармаси, Бош прокуратура ҳузуридаги МИБ ва Адлия бошқармаси ходимлари, адвокатлар ва кенг жамоатчилик иштирок этди.
Мазкур қонун фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини амалга оширишда меъёрий ҳужжат бўлиб ҳисобланиши таъкидланди, эндиликда Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 4972, 499 ва 511-моддаларида назарда тутилган процесс иштирокчилари биринчи инстанция судининг ҳукми ва ажрими устидан белгиланган тартибда апелляция ёки кассация тартибида шикоят беришга ёки протест билдиришга, шунингдек тафтиш тартибида шикоят (илтимоснома) беришга ёхуд протест билдиришга ҳақлидир. Бунда улар ўз важларини тасдиқлаш учун қўшимча материалларни тақдим этиши мумкин кўра, қонуний кучга кирмаган суд қарори устидан 10 сутка ичида апелляция шикояти (протести), қонуний кучга кирган суд қарорлари устидан кассация ҳамда тафтиш тартибида шикояти (протести) беришлари мумкин.
Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси судида, вилоятлар, Тошкент шаҳар судларида, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида тафтиш тартибида жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларининг, ҳудудий ҳарбий судларнинг апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилган ҳукмлари, ажримлари, шунингдек ушбу судларнинг туман (шаҳар) судлари, ҳудудий ҳарбий судлар томонидан кўрилган ишлар бўйича апелляция ва кассация инстанциясида чиқарилган ҳукмлари, ажримлари кўриб чиқилади.
Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида тафтиш тартибида кўриб чиқилади:
жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларининг, ҳудудий ҳарбий судларнинг Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан апелляция, кассация ёки тафтиш тартибида кўриб чиқилган ҳукмлари, ажримлари, шунингдек ушбу судлар томонидан туман (шаҳар) судлари, ҳудудий ҳарбий судлар томонидан кўрилган ишлар бўйича апелляция, кассация ёки тафтиш тартибида чиқарилган ҳукмлари ва ажримлари;
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг, Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоятлар, Тошкент шаҳар судларининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг биринчи инстанция бўйича чиқарилган ва айни шу судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилган ҳукмлари, ажримлари, шунингдек ушбу судлар томонидан биринчи инстанция тариқасида кўрилган ишлар бўйича апелляция ёки кассация тартибида чиқарилган ҳукмлари ва ажримлари.
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида чиқарилган ҳукмлар, ажримлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида тафтиш тартибида такроран кўриб чиқилиши мумкин.
Янги қонун суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш механизмини янада такомиллаштирди.
Суд қарорларини қайта кўришнинг янги тартибини жорий этиш орқали одил судлов сифати, тарафларнинг одил судловга эришиш даражаси янада оширилади.
Семинар якунида қонунчилигимиздаги бу ўзгаришлар 2024 йил
1 январдан кучга кириши билдирилиб, иштирокчилар саволларига жавоб берилди.
Дилобар Эргашева,
Жиноят ишлари бўйича Томди туман суди раиси