Навоий вилоят судида “Уч авлод” маърифий тадбир бўлиб ўтди
Ҳар қандай шахснинг камол топишида устозларнинг ўрни беқиёс. Устозлар маънавият осмонида мусаффо зиё таратиб турувчи йўлчи юлдуз кабидир. Улар туфайли шогирдлар ҳамиша муваффақиятга эришадилар.
Навоий вилоят судида «Уч авлод учрашуви» бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси раиси устоз Убайдулла Мингбоев, суд тизимида узоқ йиллар ишлаган фахрийлар, фаолият юритаётган судьялар ва заҳирадаги бўлажак судьялардан иборат уч авлод вакиллари иштирок этди.
Тадбирни Навоий вилоят маъмурий суди раиси А.Муродов кириш сўзи билан очиб, унинг аҳамияти хақида алоҳида тўхталиб ўтди. Шундан сўнг, сўз Судьялар ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоевга берилди. Маърузачи юртимизда фахрийларга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик хақида сўз юритар экан, бугунги кунда судьяларга яратилган шарт-шароитлар, имкониятлар борасида алоҳида тўхталиб ўтди. Шунинг баробарида суд тизими фахрийларига кўрсатилаётган эътибордан улар ҳам мамнун эканликларини қайд этди. Одил судловни таъминлаш, қонун устуворлиги ва адолатнинг барқарор бўлиши судьялардан чинакам фидоий, халол ва қатъиятли бўлишни талаб этади. Шу маънода маърузачи кўпчилик ёш ва бўлажак судьялар фахрийлардан ибрат олиш кераклигига тўхталиб, ўзининг хаётий тажрибалари билан ўртоқлашди.
Бундан ташқари, сўзга чиққан суд фахрийлари узоқ йиллик иш фаолияти давомида орттирган билим тажрибалари билан ўртоқлашди. Иш жараёнида рўй берган эсда қоларли ва ибратли воқеаларни сўзлаб беришди.
Устоз-шогирдлик анъанаси бардавомдир. Бугунги кунда Навоий вилоят судлари жамоаси ҳам эзгу анъанага содиқ қолган холда ўз фахрийларига иззат-икром кўрсатиб келмоқда.
Тадбир сўнгида эсдалик сифатида суд тизимида бенуқсон ишлаб, фахийлар рўйхатига олинган суд фахрийларига “Ўзбекистон суд фахрийси” гувоҳномалари топширилди.
Навоий вилоят суди матбуот хизмати