Атроф муҳитни асрашга барчамиз бирдек масъул

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 66-моддасига мувофиқ, мулкдор ўзига тегишли бўлган мол-мулкка ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мол-мулкдан фойдаланиш атроф-муҳитга зарар етказмаслиги, бошқа шахсларнинг, жамият ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонуний манфаатларини бузмаслиги керак.

Бугунги кунда инсоният олдида турган энг долзарб масалалардан бири — бу атроф муҳитни асраш ва барқарор ривожланишга эришишдир. Шу сабабли, барча мамлакатлар, жумладан Ўзбекистонда ҳам атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил иқтисодиётга ўтиш йўлида фаол ишлар олиб бормоқда.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан 2025 йил “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили” деб эълон қилинган. Шу муносабат билан “Ўзбекистон – 2030 стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури” тасдиқланди. Мазкур дастур мамлакат тараққиётининг янги босқичида экологик барқарорлик, ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда иқтисодиётнинг барча тармоқларида “яшил” тамойилларни кенг жорий этишни назарда тутади.

Айтиш керакки, атроф муҳитни асраш ва яшил иқтисодиётга ўтиш – бу замонавий тараққиётнинг ажралмас қисми, инсоният келажагини асраш гаровидир. Табиатни муҳофаза қилиш — бу фақат бугуннинг эмас, балки эртанги авлодларнинг фаровон ҳаётини таъминлашдир. Табиат инсон ҳаётининг манбаи ҳисобланади. Тоза ҳаво, соф сув, яшил дарахтлар ва ҳайвонот дунёси — буларсиз инсоният яшай олмайди. Аммо баъзан одамлар табиатга бепарво қарайди: чиқиндиларни кўчага ташлайди, дарахтларни кесади, сувни исроф қилади. Бу эса экологик мувозанатни бузади.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, уни асраш инсониятнинг барқарор ривожланиши, соғлом турмуш тарзи ва келажак авлод учун табиий бойликларни сақлаб қолишнинг энг муҳим шарти саналади.

Мамлакатимизда бу йўналишида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, аммо экологик қонунбузарликлар, ноқонуний дарахт кесиш ёки корхоналарнинг экологик талабларга амал қилмаслик ҳолатлари ҳамон учрамоқда. Бу борада фуқароларнинг экологик масъулиятини ошириш муҳимдир.

Айтиш жоизки, сўнгги йилларда давлатимизда экологик хавфсизликни таъминлаш, экологик вазиятни яхшилаш ва табиатни муҳофаза қилишга қаратилган бир қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилинди.

Мазкур ҳужжатларнинг қабул қилиниши атроф табиий муҳит шароитларини сақлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишнинг ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий асосларини белгилаб берди.

Бир сўз билан айтганда, ушбу давлат дастури мамлакатимизнинг экологик барқарорлигини таъминлашда беқиёс аҳамиятга эга. Бу ислоҳотлар нафақат табиатни асраш, балки келажак авлод учун соғлом муҳит яратиш имконини беради.

Зеро, буларнинг барчаси мамлакатимизда экологик хавфсизликни таъминлаш, тоза энергия манбаларига ўтиш ва барқарор ривожланишга эришишга хизмат қилади.

 

Дилшод Турдиев,

Учқудуқ туман иқтисодий судининг раиси