Медиацияга оид муҳим ўзгариш

Жаҳоннинг ривожланган мамлакатларида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш мақсадида низоларни судгача ҳал қилишнинг юқори самарали, муқобил замонавий йўналишларини кенг жорий этишга эътибор қаратилмоқда.

Иқтисодиётга хорижий инвесторларни жалб этишда юзага келадиган низоларни судгача ҳал қилишни ёки суд муҳокамасининг ҳар қандай босқичида низолашаётган тарафлар учун ўзаро келишувга ва мақбул ечимни топишга эришишни таъминловчи механизмларни ишлаб чиқиш алоҳида аҳамият касб этади.

Хусусан, ривожланган давлатларда кенг ва самарали фойдаланиб келинаётган медиация мамлакатимиз миллий қонунчилигида янги жорий этилган ҳуқуқий институтлардан биридир.

Зеро, “Медиация тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 2019 йил 1 январдан эътиборан кучга кирган.

Медиация – келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усули.

Медиация институти жорий этилганлигига кўп вақт бўлмаган бўлсада, низолашаётган тарафлар учун мавжуд келишмовчиликларни мақбул шартлар асосида ҳал этиш ва ўзаро келишувга эришиш, бу орқали манфаатли ҳамкорликни сақлаб қолишда самарали механизм эканлигини кўрсатди.

Бироқ, 2019-2024 йиллар мобайнидаги медиацияни қўллашга оид суд амалиёти таҳлили ушбу қонунчиликни такомиллаштириш зарурати мавжудлигини кўрсатди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2025 йил 20 октябрда имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига низоларни муқобил ҳал этишда медиация институтини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1089-сон Ўзбекистон Республикасининг Қонуни (бундан буён матнда Қонун деб юритилади) “Медиация тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва бу борадаги бошқа процессуал қонунчиликларни такомиллаштиришдаги муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Чунки, мазкур Қонун билан медиацияни қўллаш билан боғлиқ муносабатларни янада аниқроқ ва кенгроқ татбиқ этилиши, медиация соҳасидаги ваколатли давлат органи белгиланиши, медиаторнинг медиация соҳасидаги фаолиятига баҳо берувчи малака комиссияси жорий этилиши, медиаторлар реестри юритилиши ва ушбу реестрга киритиш бўйича малака имтиҳони ўтказилиши, медиаторнинг жавобгарлиги, унинг фаолиятини тўхтатиб туриш ва тиклаш, медиаторлар реестридан чиқариш ҳамда, энг асосийси, медиатив келишувни ижро этишга оид янги нормалар қонунчиликка киритилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси 292-боб ҳамда Фуқаролик процессуал кодекси 401-боб билан билан тўлдирилиб, унда медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ишларни юритиш тартиби белгиланмоқда.

Бу эса медиатив келишувнинг таъсирчанлигини кескин оширади, албатта.

Хулоса ўрнида таъкидлаш ўринлики, қонунчиликка киритилган мазкур қўшимчалар медациянинг аҳамияти ва самарадорлигини янада ошириб, судда айни бир низонинг такрорий кўрилишининг олдини олишга ҳамда манфаатдор шахсннг субъектив ҳуқуқларини турли оворагарчиликсиз ўз вақтида тикланиши ва ҳимоя қилинишига, медиаторлар масъулиятининг ортишига хизмат қилади.

 

Лутфулла Тошмуродов,

Навоий вилоят суди судьяси

 

Шерзод Ғофуров,

Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси