Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда маъмурий судларнинг ролини оширишдаги яна бир илғор қадам
Охирги йилларда давлатимизда барча соҳаларда, шу жумладан суд-ҳуқуқ соҳасида жуда кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Маъмурий суд соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар одил судловни таъминлаш билан бирга, давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари самарали ҳимоясини таъминлашда ҳам кенг хизмат қилмоқда.
Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг манфаатларига қаратилган ислоҳотларнинг давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-33-сонли қарори қабул қилинди. Ушбу қарор билан:
давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ишончли ва самарали ҳимоя этилишини устувор равишда таъминлаш;
фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тиклашда суднинг фаол иштироки принципини қўллаш механизмларини кенгайтириш;
давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш;
маъмурий суд ишларини юритишда низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини такомиллаштириш;
фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш орқали аҳолининг суд тизимига бўлган ишончини янада ошириш;
давлат органлари томонидан суд қарорлари ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирчан механизмларини тўлиқ жорий этиш;
маъмурий юстиция тизими ривожланган давлатлар тажрибаси асосида маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштириб бориш, Ўзбекистон Республикасида маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб белгиланди.
Қонунга ва судга нисбатан ҳурмат муносабатини шакллантириш мақсадида Президент қарорида қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлик) устидан шикоят қилинаётган давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили суд мажлисида мажбурий иштирок этишини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва унда:
давлат органи қарори ёки унинг мансабдор шахси ҳаракати (ҳаракатсизлик) устидан берилган аризани маъмурий судларда кўришда мансабдор шахс ёки унинг вакили зарур тушунтиришлар бериш учун суд муҳокамасида иштирок этиши шарт ҳисобланиши;
давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили иштирок этиши зарур деб топилган ҳолларда маъмурий ишни кўриб чиқиш кейинга қолдирилиши, унинг иштироки ишнинг ҳар томонлама, тўлиқ ва тўғри ҳал қилинишига тўсқинлик қилмаган тақдирда, иш давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили иштирокисиз кўриб чиқилиши;
давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили суд муҳокамасига келмаган ва унинг келмаганлиги суд томонидан узрли деб топилмаган тақдирда, мансабдор шахсга нисбатан суд жаримаси қўлланилишини белгилаш назарда тутилди.
Илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда, маъмурий суд иш юритувида ишларнинг тезкор ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлашга ҳамда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун қўшимча имкониятлар яратишга қаратилган дастлабки эшитув институтини жорий этиш белгиланмоқда.
Унга кўра:
маъмурий суд иш юритувида дастлабки эшитув қонунда назарда тутилган ҳолларда ўтказилади;
дастлабки эшитувда аризачининг талаблари ва жавобгарнинг эътирозлари аниқлаштирилади, аризадаги камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилади;
талабларни исботлаш учун аризачига зарур далилларни ҳамда жавобгарга фикрни ёзма равишда тақдим этиш бўйича тушунтиришлар берилади;
аризадаги талаблар ва ишдаги далилларга судья томонидан дастлабки ҳуқуқий баҳо (талабларни аниқлаштириш, ишга дахлдор бўлмаган тарафларни алмаштириш, қўшимча жавобгарни жалб қилиш ва бошқалар) берилади. Бунда кўрилаётган ишнинг мазмунан ҳал этилиши бўйича якуний фикр билдиришга йўл қўйилмайди;
дастлабки эшитув ариза судга келиб тушган кундан эътиборан йигирма кундан кечиктирмай ўтказилади, ушбу муддат суд муҳокамаси учун белгиланган муддатга киритилмайди;
дастлабки эшитув натижасига кўра аризани қайтариш ёки иш бўйича суд муҳокамасини тайинлаш тўғрисида ажрим чиқарилади.
Маъмурий судларнинг нуфузи ва ролини кучайтириш мақсадида Президент қарори билан маъмурий судга низоларни ҳал этиш жараёнида судга ҳурматсизлик қилиниши ва суднинг хусусий ажрими бўйича чоралар кўрмасликка оид ҳуқуқбузарликлар аниқланганда, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриш ваколати берилмоқда.
Маъмурий суд соҳасида амалга оширилиши белгиланган ушбу ислоҳотлар кенг қамровли ва уни амалга ошириш жараёни муайян вазифаларни бажаришни талаб қилишлиги сабабли Президент қарорининг 7-банди билан Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш концепцияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича идоралараро комиссия тасдиқланди.
Ривожланган мамлакатларда айнан маъмурий судлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ижро органлари томонидан бузилишининг олдини олишда, уларни ғайриқонуний қарорлар, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик)дан ҳимоя қилишда муҳим ўрин эгаллайди.
Шу муносабат билан давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда маъмурий суд ишларини юритишни такомиллаштириш зарур бўлиб, Концепциянинг “Маъмурий суд ишларини юритишда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш” деб номланувчи бўлимида 20 та вазифа, “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тиклашда суднинг фаол иштироки принципини қўллаш механизмларини кенгайтириш” деб номланувчи бўлимида 5 та вазифа ҳамда “Маъмурий суд ишларини юритишга халқаро стандартларга ва илғор хорижий тажрибага мувофиқ янги институт ва тартибларни жорий этиш” деб номланувчи бўлимида 13 та вазифа, жами 38 та вазифалар белгилаб берилди.
Президент қарори билан тасдиқланган Идоралараро комиссия зиммасига қатор вазифалар юкланган бўлиб, комиссия уч ой муддатда янги таҳрирдаги Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс лойиҳасини тайёрлаш жараёнига халқаро ташкилотларнинг экспертлари ва мутахассисларини жалб этиш масаласи кўриб чиқилишини таъминлаши ҳамда 2026 йил 1 июлга қадар янги таҳрирдаги Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс лойиҳасини белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиши лозим бўлади.
Суд-ҳуқуқ соҳасига бағишланган юқорида қайд этиб ўтилган Президент Қарори авваламбор, “Инсон қадри учун” ғояси асосида қабул қилинган бўлиб, у адолатли суд тизимини шакллантириш, халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини суд йўли орқали самарали ҳимоя қилиш ҳамда фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончи ошишининг таъминланишига хизмат қилади.
Муродов Акмал Анварович,
Навоий вилоят маъмурий судининг раиси