Вилоят маъмурий судида семинар-тренинг бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 29 январда Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-107-сонли қарори қабул қилинганлиги маъмурий судлар томонидан фуқаролар ва тадбиркорлик субъекларини ҳуқуқларини ҳимоя қилишга асос булувчи муҳим ҳужжат бўлди

Мазкур қарорда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши, унинг ҳузуридаги Судьялар олий мактаби ҳамда Олий суд ҳамкорлигида жорий йилнинг 8 октябрида семинар-тренинг бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлар маъмурий судлар судьялари ва маҳаллий ижро ҳокимияти ва кадастр органлари ходимлари онлайн тарзда иштирок этишди.

Семинар-тренингда тажрибали судьялар ва мутахассислар томонидан маъмурий органлар қарорлари ва харакатлари (ҳаракатсизлиги) устидан ҳамда маҳаллий ижро ҳокимияти ва кадастр органлари қарорлари ва харакатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судга шикоят қилиш ҳақидаги низоларни судда кўриш амалиёти  ва  ишларни судда кўришнинг ўзига хос хусусиятлари билан боғлиқ масала ва муаммолар қизғин муҳокама этилди.

Семинар-тренингда Судьялар олий мактаби профессор ўқитувчилари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьялари ва бошқа судьялар томонидан “Маъмурий органлар қарорлари ва харакатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судларга мурожаат қилиш сабаблари ва муаммолари”, “Маҳаллий ижро ҳокимияти ва кадастр органлари қарорлари ва харакатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судга шикоят қилиш бўйича ишларни маъмурий судда кўриш амалиёти” мавзуларида маъруза қилинди.

Семинар иштирокчилари томонидан амалиётда юзага келаётган муаммолар, айрим қонуности ҳужжатларидаги бўшлиқлар тўғрисида ҳамда низоларнинг ечими ва фуқаролар оворагарчиликларининг олди олиш чораларига эътибор қаратилди.

Семинар-тренинг якунида фуқароларимизни қийнаётган ва ортиқча оворагарчиликларига сабаб бўлаётган муаммоларни бартараф этиш борасида қонунчиликни такомиллаштириш тўғрисидаги таклиф-мулоҳазалар билдирилди.

 

Кушиев Ғуломжон Ёқубжонович

Навоий вилоят маъмурий судининг судьяси