Иш берувчи томонидан ходимга тўланиши лозим бўлган тўловлар кечиктирилганда фоизлар тўлаш

Амалдаги миллий қонунчилигимизда иш берувчилар иш ҳақини, таътил тўловларини, меҳнат шартномаси бекор қилингандаги тўловларни ва (ёки) ходимга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловларни кечиктирган тақдирда ходимларга фоизлар тўлаши шартлиги назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 333-моддасида, иш берувчи иш ҳақини, таътил тўловларини, меҳнат шартномаси бекор қилингандаги тўловларни ва (ёки) ходимга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловларни тўлаш муддатини бузган тақдирда, уларни тўлов муддатидан кейинги кундан эътиборан то ҳақиқатда ҳисоб-китоб қилинган кунни ўз ичига олган муддатгача ҳар бир кечиктирилган кун учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ўша вақтда амалда бўлган қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиққан ҳолда фоизлар (пулли компенсация) билан бирга тўлаши шарт. Ходимга тўланиши лозим бўлган пулли компенсациянинг миқдори Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қайта молиялаш ставкасининг ўн фоизи миқдорида белгиланади. Ушбу модданинг иккинчи қисмида белгиланган, ходимга тўланадиган пулли компенсациянинг миқдори жамоа шартномаси, ички ҳужжат ёки меҳнат шартномаси билан оширилиши мумкин. Мазкур пулли компенсацияни тўлаш мажбурияти иш берувчининг ойлик иш ҳақини ёки ходимга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловларни тўлашнинг кечиктирилишида айби бор-йўқлигидан қатъи назар юзага келиши белгиланган.

Мазкур моддага асосан, агар иш берувчи томонидан ходимга тўланиши лозим бўлган тўловлар кечиктирилса, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ўша вақтда амалда бўлган қайта молиялаш ставкасидан келиб чиққан ҳолда фоизлар тўланиши лозим. Бу ҳолатда фоизлар, тўланиши лозим бўлган куннинг эртасидан бошлаб ҳисобланади. Бунда агар қайта молиялаш ставкаси 14 фоизни ташкил қилса, ҳар бир кечиктирилган кун учун тўлов миқдори кечиктирилган тўловнинг 1,4 фоизини ташкил қилади ва ушбу тўлов иш берувчининг тўловларни тўлашни кечиктирилишида айби бор-йўқлигидан қатъи назар юзага келади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, ҳар қандай ташкилотда меҳнат қонунчилигига қатъий риоя этилса ва иш ҳақи ҳамда бошқа тўловлар ўз вақтида тўланса ишчи-ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилмайди.

 

Жумаев Анвар,

Фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман судининг раиси