Иқтисодий ва маъмурий судларга экстерриториал тартибда мурожаат қилиш имкониятини яратишнинг афзалликлари
Ҳурматли Президентимизнинг таъбири
билан айтганда- “Барча ислоҳотларимиз негизида, энг аввало, инсон қадри,
тадбиркорларимизнинг манфаатлари ётибди”.
Жорий йилнинг 20 август куни
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан V очиқ мулоқоти
ўтказилди. Ушбу мулоқотда тадбиркорлик субъектларидан келиб тушган 15 мингта
мурожаатда кўтарилган тизимли муаммоларнинг ечими юзасидан устувор вазифалар
белгилаб олинди. Ўз навбатида, шу куннинг ўзида “Ўзбекистон Республикаси
Президентининг тадбиркорлар билан V очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни
амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.
Ушбу Фармонда тадбиркорлик
субъектларига қулайликлар яратиш мақсадида банк, солиқ соҳаси ва бошқа соҳалар
билан бирга суд-ҳуқуқ тизимида ҳам тегишли ислоҳотлар амалга оширилиши белгиланди.
Хусусан, Фармоннинг 15-бандида Олий суд Бизнес-омбудсман билан биргаликда 2025
йил якунига қадар тадбиркорлик субъектларига иқтисодий ва маъмурий судларга
экстерриториал тартибда мурожаат қилиш имкониятини яратиш бўйича қонун
лойиҳасини киритиши тўғрисида тегишли вазифа қўйилди.
Шу ўринда, “Судларга экстерриториал
тартибда мурожаат қилиш дегани нима ўзи, бундан қандай ижобий натижа бўлиши
мумкин?” деган савол туғилиши табиийдир.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд
ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 32-моддасига кўра, фуқаронинг ёки
юридик шахснинг аризаси (шикояти) қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан
шикоят қилинаётган маъмурий орган жойлашган ер ёхуд мансабдор шахснинг иш жойи
бўйича судга тақдим этилади.
Судларга экстерриториал тартибда мурожаат қилишда
эса, ариза (шикоят) маъмурий орган жойлашган ер
ёхуд мансабдор шахснинг иш жойи бўйича судга эмас, исталган ҳудуддаги судга
тақдим этилиши мумкин бўлади. Судларга бундай мурожаат қилиш тартиби амалдаги
процессуал кодексларимизда мавжуд бўлмаганлиги сабабли, бу албатта
Президентимиз томонидан илгари сурилган, суд тизимидаги янги амалиёт ҳисобланади.
Халқаро тажрибага назар ташлайдиган
бўлсак, Қозоғистон Республикасининг 2021 йил 20 декабрдаги 84-VII-сонли қонунига асосан Қозоғистон
Республикаси Фуқаролик процессуал кодексига экстерриториал судловга тегишлилик
тушунчаси киритилган бўлиб, Кодекснинг 32-моддасига кўра тарафлар ўзаро
келишувга биноан мазкур иш учун экстерриториал судловга тегишлиликни танлашлари
мумкин бўлади. Ушбу нормани амалга ошириш мақсадида Қозоғистон Республикаси
Олий суди томонидан ишларни экстерриториал судловга тегишлилик бўйича
тақсимлашнинг Алгоритми (тартиби, қоидалари) ишлаб чиқилган. Унга кўра,
фуқаролик иши электрон ахборот тизимининг автоматик тақсимланишига қўйилади ва
шу куннинг ўзида ахборот тизими танлаган судга юборилади.
Аслида олганда экстерриториал тамойили фуқаролар ва
тадбиркорларимиз учун бегона жумла эмас. Чунки, 2021 йил 23 март куни ҳурматли
Президентимизнинг “Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан
фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни
қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6191-сонли Фармонлари
қабул қилинган бўлиб, Фармон билан давлат хизматлари кўрсатиш тизимида бир
қатор янгиликлар, шу жумладан экстерриториал тамойили амалиётга жорий қилинди.
Яъни, 2021 йил 1 июндан бошлаб, фуқароларнинг доимий ёки вақтинча рўйхатдан
ўтган жойидан қатъи назар туғилиш, никоҳ, ўлим ва никоҳдан ажратишни қайд этиш
бўйича исталган ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилиш мумкин бўлди.
Судларга экстерриториал тартибда мурожаат қилиш
тартибининг жорий этилиши тадбиркорлик субъектларига нисбатан афзалликлар олиб
келиши билан бирга, суд тизимида коррупциявий ҳолатларни олдини олишга, судга
бўлган ишончнинг ортишига, ишни кўраётган судьяга нисбатан ҳар хил
шубҳа-гумонлар бўлмаслигига, ишлар тенг тақсимланиб, иш юкламаси юқори бўлган
судларнинг иш юкламасини камайишига олиб келади.
Муродов Акмал
Анварович,
Навоий вилоят
маъмурий судининг раиси