Иқтисодий судларда коммунал соҳага оид низолар

Зарафшон туманлараро иқтисодий суди томонидан ўтган 2022 йил давомида жами 46 та коммунал соҳага оид низолар кўриб чиқилган бўлиб, шундан 11 таси табиий газ, 15 таси электр энергияси ва 20 таси иссиқлик ва ичимлик суви етказиб бериш боғлиқ низоларни ташкил этади.

Иш натижасига кўра 2 та иш кўрмасдан қолдирилган, 3 таси рад этилган бўлса, қолган 41 та иш қаноатлантирилган.

Қаноатлантирилган иқтисодий ишлар бўйича жами 2 млрд. 993 млн. 522 минг 474 сўмлик пул маблағлари таъминотчи корхоналар фойдасига ундириб берилган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 468-моддасига кўра, энергия таъминоти шартномасига мувофиқ энергия билан таъминловчи ташкилот туташтирилган тармоқ орқали абонентга (истеъмолчига) энергия бериб туриш мажбуриятини олиши, абонент эса қабул қилинган энергия ҳақини тўлаши, шунингдек шартномада назарда тутилган энергия истеъмол қилиш тартибига риоя этиши, тасарруфидаги энергетика шохобчаларидан фойдаланиш хавфсизлигини ҳамда ўзи фойдаланадиган энергия истеъмол қилувчи асбоб ва ускуналарнинг созлигини таъминлаш мажбуриятини олиши белгиланган.

Ушбу тоифа низолар бўйича аксарият судларга тақдим қилинаётган даъволарга кўра, тарафлар ўртасидаги мавжуд шартнома бўйича таъминотчи корхоналар томонидан шартнома шартига мувофиқ коммунал хизматлар кўрсатилаётганлиги, жавобгарлар томонидан эса белгиланган муддат ва миқдорларда тўловлар амалга оширилмаслиги натижасида дебитор қарздорликлар юзага келаётганлиги кузатилмоқда.

Ваҳоланки, Фуқаролик кодексининг 236-моддасига кўра, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ лозим даражада бажарилиши кераклиги белгиланган.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, бу каби мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин, бироқ шартнома шартлари уни имзолаган тарафлар томонидан лозим даражада ихтиёрий бажарилса, келгусида бу каби низоларнинг судда кўрилишини олдини олган бўлар эдик.

 

Шоҳбоз Бахронов Зарафшон туманлараро 

иқтисодий суди судья ёрдамчиси