Конституцияга киритилаётган ўзгаришларнинг асл моҳияти нимада
Инсоннинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида қонунчиликда юзага келадиган, бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилинади. Ўзбекистон Республикаси конститутсиясининг 13-моддаси. (янги таҳрири)
Ҳуқуқий давлатда барча муносабатлар аниқ қоидалар билан тартибга солинган бўлиши керак. Аммо ҳаётда шундай вазиятлар бўлиши мумкинки, давлат ва инсон ўртасидаги айрим муносабатларнинг ечими қонунчиликда кўрсатилмаган бўлади ёки турлича талқинлар сабаб ноаниқликларга олиб келади. Мана шундай ҳолатларда муаммо кимнинг фойдасига ва қандай тартибда ҳал этилиши муҳим аҳамият касб этади.
Инсон фойдасига талқин қилиш деганда, ўзаро тушунмовчиликлар ва қарама қаршиликлар вужудга келганда давлатнинг инсон фойдасига “даъводан” воз кечиши тушунилади.
Масалан, давлат ва инсон ўртасида бир баҳсли масала юзага келди, масаланинг ечими қонунчиликда йўқ. Ёки бор қоидаларга қаралса, 2 хил талқин қилиш мумкин. Бунақа вазиятда ким ҳақ: давлатми ёки инсон?
Конституцияга киритилаётган ўзгаришга кўра, эндиликда мана шундай бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилинади.
Ушбу тамойил одатда жиноят процесси иштирокчиларини ёки тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш доирасида кенг қўлланилиб келинмоқда. Эндиликда ушбу тамойилнинг Конституцияда мустаҳкамланиши унинг қўлланилиш доирасини кенгайтиради ва инсон иштирок этиши мумкин бўлган ҳар қандай ижтимоий-ҳуқуқий муносабатларга талқин этиш имконини беради.
Хулоса шуки, ушбу ўзгаришнинг Конституцияга киритилиши жуда муҳим, бу энг аввало инсон қадрини улуғлаш ғоясининг амалга татбиқ этилишига, қонун ҳужжатларида ноаниқлик ва қарама-қаршилик пайдо бўлганда давлат манфаатлари эмас, инсон манфаатлари устунлигини таъминланишига олиб келади.
Анвар Исоков
Навоий вилоят суди судьяси