Навоий вилоят судида Судьялар малака ҳайъати ҳузурида ташкил этилган Судьялар одоб комиссиясининг навбатдаги йиғилиш бўлиб ўтди
Судьялар ҳамда суд органларида кўп йиллаб фаолият юритган фахрийлар иштирокида бўлиб ўтган ушбу йиғилишда тизимда одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий амал қилинишини таъминлаш, коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш, жамиятда юриш-туриш қоидаларига, касбий мулоқот ва фаолият жараёнида белгиланган тартибларга риоя этилишини таъминлаш масалалари кўриб чиқилди.
Бугунги кунда суд органлари фаолиятининг мустақиллигига эришилди. Суд жараёнлари эса очиқ ва ёпиқ кўринишда ташкил этиб борилади.
Баъзи ҳолатларда, айниқса процесс якунлангач, судда ютқазган тарафлар судларни нохолисликда айблаб, шикоят аризаси киритади. Аммо бу танганинг бир томони. Танганинг иккинчи томони, яъни судда ютган шахсларнинг фикрларини ҳам шу ўринда инобатга олиш лозимлиги унутиб қўйилмоқда. Шу сабабдан ҳам йиғилишда суд органлари билан журналист ва блогерлар ўртасидаги ҳамкорликни самарали йўлга қўйиш таъкидлаб ўтилди.
Судьялар одоби кодекси қоидалари бузилишининг олдини олиш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилиниб, ўрганишлар юзасидан зарур тавсиялар берилди ва келгусидаги режалар белгилаб олинди.
Вилоят судининг жамоатчилик ва оммавий
ахборот воситалари билан алоқалар бўлими