Навоий шаҳрида суд раислари томонидан янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасининг мазмун-моҳияти юзасидан маърифий-ҳуқуқий тадбир бўлиб ўтди

Навоий шаҳар “Умид” МФЙ биносида Навоий вилоят суди раиси ҳамда вилоят маъмурий суди раиси иштирокида янги таҳрирдаги Конституциянинг эътиборли жиҳатлари ва Референдум ўтказиш тартиби мавзусида фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказилди.

Табдирда, янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасида илгари амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойилини “инсон – жамият – давлат” деб ўзгарганлиги, яъни энг аввало инсон манфаатини ҳар нарсадан устун қўйишни мақсад қилинганлиги, хусусан, унда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мажбурияти этиб белгиланаётганлиги ва шу муносабат билан инсон ҳуқуқлари кафолатлари жиддий равишда кучайтирилаётганлиги, инсон ва давлат органлари ўртасидаги юзага келган ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши, ҳуқуқий таъсир чоралари мақсадга эришиш учун етарли ва мутаносиб бўлиши кераклиги белгиланаётганлиги таъкидланди.

Шунингдек, давра суҳбатида жиноят процессида инсон ҳуқуқлари кафолати энг илғор халқаро стандартларга мувофиқ кучайтирилаётганлиги, хусусан, шахсни суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги, (“Хабеас корпус” институти) ҳамда шахсни ушлаб туриш чоғида унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари унга тушунарли тилда тушунтирилиши кераклиги (“Миранда қоидалари”) ўз аксини топаётганлиги, ушбу ҳуқуқий кафолатлар инсон ҳуқуқларини муҳофазасини кучайтириш соҳасидаги ишларни мутлақо янги босқичга олиб чиқади ҳамда уларни давлат органларининг суистеъмолликларидан ишончли ҳимоя қилади, шахсий эркинлик дахлсизлигини ва инсонларни ноқонуний ҳибсга олишга йўл қўймасликни кафолатлашлиги билан боғлиқ муҳим қоидаларнинг мазмун моҳияти тўғрисида  фикр юритилди.

Бундан ташқари, суд раислари томонидан фуқароларнинг суд-ҳуқуқ масалаларига доир мурожаатларини “маҳаллабай” ўрганган ҳолда жойида ва тезкор ҳал этиш бўйича сайёр қабул ҳам ўтказилди.

 

Акмал Муродов

Навоий вилоят маъмурий судининг раиси