Навоийда 55 кишига нисбатан қўйилган айблов қайта малакаланган
Навоий вилояти судида одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида судлар томонидан 2022 йилнинг 1-чораги давомида амалга оширилган ишлар юзасидан брифинг ўтказилди.
Унда жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар)судлари томонидан жами 493 нафар шахсга нисбатан 405 та жиноят иши тамомланган бўлиб, ишлар салмоғи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 181 та ёки 80,8 фоизга ошганлиги қайд этилди.
Ҳисобот даврида 149 нафар шахсга нисбатан 131 та иш, жумладан, 142 нафар шахсга нисбатан 130 та жиноят иши ЖК 661-моддасига асосан тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатилган.
Шунингдек, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 48 нафар аёлга нисбатан 43 та, 204 ёшга нисбатан 176 та, 11 нафар 60 ёшдан ошган шахсга нисбатан 11 та жиноят иши судлар томонидан мазмунан кўриб ҳал этилган.
– Навоий вилоят судлари томонидан жорий йил давомида кўриб тамомланган ишлар юзасидан жами 55 нафар шахсга нисбатан 40та жиноят иши бўйича дастлабки айбловда қўйилган айблар ўзгартирилиб, қайта малакаланган ҳолда суднинг якуний қарорлари чиқарилган, – деди вилоят суди раиси Ҳамидулла Қудратов. – Айблов ўзгартирилган ишлардан биттаси Давлат хавфсизлик хизмати тергов бўлинмаси томонидан, 6 таси прокуратура органлари томонидан, 33 таси ички ишлар органларининг тергов бўлимлари томонидан тергов қилинган ишлар ҳисобига тўғри келмоқда. Ўтган давр давомида жами 3 та жиноят иши бўйича 7 нафар шахс судлар томонидан оқланган бўлиб, шундан 1 та иш бўйича 1 нафар шахс биринчи инстанция судлари томонидан, 2 та жиноят иши бўйича 6 нафар шахс вилоят судининг апелляция инстанцияси томонидан оқланган.
Брифингда Навоий вилоят фуқаролик судлари томонидан амалга оширилган ишларга ҳам тўхталиб ўтилди. Жумладан, 1-чорак давомида 4325 та фуқаролик ишлар кўриб тамомланган. Шундан 2074 таси ёки 48 фоизи сайёр суд мажлисларида ҳал этилган.
Кўрилган ишларнинг 200 таси алоҳида тартибда юритиладиган ишлар, 811 таси оила низолари, 2749 таси битимлар билан боғлиқ ишларни ташкил этган Судлар томонидан кўрилган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1200 тага кўпайган.
Навоий вилоят иқтисодий судлари томонидан эса 1097 та иш кўриб чиқилиб, уларнинг 735 таси ёки 67 фоизи сайёр суд мажлисларида ҳал этилган. 65 та суд мажлиси видеоконференция алоқа режимида ўтказилган ва 131 нафар вакиллар ўз ҳудудларида иштирок этиб, уларнинг қарийб 36 миллион сўм маблағлари тежалган.
Судлар томонидан кўрилган ишлар сони эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 49 тага ёки 4,3 фоизга камайган.
Ҳал этилган ишлар бўйича 47 миллиард 600 миллион сўм миқдоридаги қарз ва етказилган моддий зарарни даъвогарлар фойдасига ундириш ҳақида қарорлар қабул қилинган. Шундан хусусий тадбиркорлар ва кичик бизнес субъектларнинг фойдасига 7 миллиард 30 миллион сўм ундирилган.
Навоий вилоят ва туманлараро маъмурий судлари томонидан эса 2022 йилнинг 3 ойи мобайнида 198 та оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар билан боғлиқ маъмурий ишлар кўриб тамомланган бўлиб, уларнинг 170 таси қаноатлантирилган, 16 таси рад қилинган, 6 таси иш юритишдан тугатилган, 6 та ариза кўрмасдан қолдирилган.
1-чорак давомида мансабдор шахсларнинг қарорларини ҳақиқий эмас, деб топиш билан боғлиқ 50 та иш кўриб тамомланган бўлса, мансабдор шахсларнинг ҳаракат-ҳаракатсизлигини қонунга хилоф, деб топиш билан боғлиқ 148 та иш кўриб чиқилган.
Бирифинг сўнгида Навоий вилояти суди, вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамда Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш вилоят маркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.
Унга кўра, оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг қонуний хуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ёш авлодни баркамол қилиб тарбиялаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, нотинч оилаларда соғлом муҳитни барқарорлаштириш, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил хотин-қизларни соғлом турмуш тарзига қайтариш ва бошқа бир қатор масалалар биргаликда ҳал этилади.