Одил судлов ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражасининг янги босқичи
Сўнги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.
Амалга оширилган ишлар натижасида одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги ПФ – 6034 сонли “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига кўра, 2021 йил 1 январдан эътиборан:
Уч йўналишдаги судлар негизида ягона суд ташкил этилиб, судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда вилоят судининг ҳар бир ҳайъатида алоҳида фуқаролик, жиноят ва иқтисодий ишлар бўйича ҳайъатлар ташкил этилмоқда. Бу билан судларнинг тарқоқ бўлганлиги сабабли келиб чиқаётган фуқаролар ва тадбиркорларнинг сарсон бўлишини олди олинади.
Туман (шаҳар) маъмурий судлари негизида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлар ташкил этилиб, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилмоқда. Чунки, оммавий-ҳуқуқий низоларни кўришга ихтисослашган маъмурий судларга ўз табиатига кўра жиноят ишларига ўхшаган маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни кўриш юклатилган, бироқ, маъмурий судлар фаолияти давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан маҳаллий ҳокимликларнинг фаолиятида қонунийликни таъминлаш, уларнинг ноқонуний қарорларини бекор қилиш орқали фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ўз вақтида ҳамда самарали тиклашга қаратилган.
Суд тизимига 2021 йил 1 январдан бошлаб ортиқча суд босқичларини бекор қилиш орқали “бир суд–бир инстанция” тамойили жорий этилмоқда. Бунда суд қарорларининг сифатини ошириш ва барқарорлигини таъминлаш, судда ҳар бир иш бўйича якуний тўхтамга келиш ҳамда фуқаролар ва тадбиркорларнинг сарсон бўлишининг олдини олиш назарда тутилмоқда.
Олий суд тузилмасида йирик инвесторлар иштирокидаги инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича алоҳида судлов таркиби тузилади. Сабаби мамлакат иқтисодиётида инвестицияларнинг ўрни муҳим аҳамиятга эгалиги ҳамда кириб келаётган инвестиция ҳажмининг ошаётганлиги инвесторларнинг ҳуқуқларини суд ҳимоясининг самарали тизими яратилишини тақозо этмоқда.
Мазкур Фармон билан судьяларнинг мақоми, уларнинг мустақиллиги кафолатларини кучайтириш; судьялар ва суд ходимларининг моддий таъминоти ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш чоралари, судларнинг фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни янада кенгайтириш ҳамда 2021-2025 йилларда судларнинг бинолари ва хоналарини қуриш ҳамда реконструкция қилиш юзасидан ҳам чора-тадбирлар белгиланган.
Д.Хонбўтаева
Жиноят ишлари бўйича
Зарафшон шаҳар судининг раиси