Оила Муқаддас даргоҳ ! Уни асраш барчамизни бурчимиз
Навоий вилоят суди ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро суди судьялари, Кармана туман Оила ва хотин-қизлар бўлими, маҳалла раиси ва хотин-қизлар фаоллари билан ҳамроҳлигида Кармана туманидаги “Янгиобод” маҳалласига ташриф буюрдилар.
Туманнинг “Янгиобод”, “Уйрот”, “Айрончи” маҳаллаларидан келган 9-10 чоғли эр-хотинлар ҳамда уларнинг яқинлари минг истиҳола билан оила тикланиши истагида, айримлари эса жаҳл билан каттагина залда ўтиришибди. Аввалига уларнинг юрагида меҳр-оқибат уйғотиш, жаҳлга эрк бериб, фақат ўзининг тинчини ўйлаган ҳолда оиласи, фарзандлари ҳам кўзига кўринмай қолган эр-хотинларнинг салбий фикрларини тўзғитиб юбориш, ўрнига ёрқин, соф фикрларни, ўз оиласига интилиш ҳиссиётларини уйғотиш мақсадида “Фарзанд омонат” видео ролиги намойиш этилди.
Шундан сўнг, гуруҳ аъзолари иккига бўлиниб, ҳар бир эр-хотин жуфтлиги билан алоҳида-алоҳида суҳбат ўтказилиб, уларни бирма-бир эшитилди.
Ташриф буюрганларнинг, айниқса, судьяларнинг панд-насиҳатлари, ўгитлари билан 2 та оилани яраштиришга эришилди. 5 та оила ўйлаб кўришлари кераклигини маълум қилдилар. 2 та оила эса мутлақо насиҳатларга кўнмади. Бу қайсарликлар улар ўсиб улғайган оиладаги салбий муҳитнинг мевасидан бошқа нарса эмас.
Мақсадимиз битта ва муштарак. Бузилиш арафасига келиб қолган оилаларнинг мустаҳкамлигини таъминлаш йўли билан жамиятимиз ривожланишига ҳисса қўшиш, болаларни тирик етимлик тамғасидан сақлаб, уларнинг бебаҳо инъом – ўз ота-онаси билан бирга, битта уйда яшаш, ота-она меҳрини, парваришини, тарбиясини тўлақонли ҳис этиб, мукаммал инсон даражада вояга етишларини таъминлаш.
Ибодат Шоймардонова,
Навоий вилоят суди судьяси