ОИЛАВИЙ (МАИШИЙ) ЗЎРАВОНЛИК ТУШУНЧАСИ
Оиладаги зўравонлик – бу ижтимоий жараён бўлиб, ҳар тўртинчи оилада у ёки бу
кўринишда намоён бўлади. Болалармиз, аёллармиз, қариялармиз ва ногиронлиги бўлган
шахслар мазкур жиноятдан энг кўп азият чекадиган тоифадир. Тадқиқотларга кўра, оиладаги
зўравонликка учраган аёлларнинг 60-70 фоизи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга
мурожаат қилмайди.
Миллатимиз болажон халқ, оилам, фарзандим деб тинмай меҳнат қилади. Айниқса
ўзбек аёли фарзанд ва оиласининг фаровонлиги учун ҳар қандай қийинчилигу, азоб-уқубатларни
енгиб ўтишга тайёр. Бироқ андишанинг отини қўрқоқ қўйиб, оилада аёлларга, оиланинг
ижтимоий жиҳатдан заиф қатламига нисбатан зўравонлик қилиш жиддий салбий оқибатларни
келтириб чиқариши мумкин.
Хўш оилавий
(маиший) зўравонлик ўзи нима? Оилавий зўравонлик деганда – инсонга нисбатан унинг
яқин одами томонидан тажовузкор муносабатда бўлиш, куч ишлатиш тушунилади. Одатда
бундай тажовузкорлик жисмонан (калтаклаш), жинсий, руҳий босим (қўрқитиш, ҳақорат
қилиш, назарга олмаслик) ёки иқтисодий (топилган пул, моддий манбаларни назорат
қилиш ва улар орқали босим ўтказиш) йўли билан амалга оширилади.
Оддий қилиб айтганда,
оилавий зўравонлик бу–оиладаги муносабатларнинг бузилишига қарамай, бир шахснинг
оиланинг иккинчи шахсига қарам бўлганлиги оқибатида унинг босим ва зўравонликларга
чидаб келишидир.
“Оила аъзолари”
тушунчаси кенг тушунча бўлиб, унинг таркибига нафақат қондош ёки қонуний қариндошлар,
балки бирга яшовчилар (жинсий шериклар, ўгай ота, ўгай она ва бошқаларни) ҳам киритиш
мумкин.
Мамлакатимизда
оиладаги (маиший) зўравонликларни олдини олиш
борасида кенг ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Миллий қонунчилигимиздаги мавжуд бўшлиқлар
тўлдирилиб, зарур чоралар кўрилмоқда.
Оиладаги зўравонликнинг
асосий мақсади, шахсни қўрқитиш орқали
жабрланувчи устидан мутлақ ҳукмронлик ўрнатишдир. Айрим ота-оналар шу йўл орқали
ҳурмат қозонишга ҳаракат қилса, баъзи эр-хотин ёки шерикликда яшаётган шахслар содиқлик
ва вафодорликни сақлаб қолмоқчи бўладилар.
Оғзаки жанжал,
ҳақорат қилиш, калтаклаш, туҳмат, мол-мулкка қасддан шикаст етказиш ва бошқа ҳолатлар
зўравонликнинг оилалардаги энг кўп тарқалган турларидан бири бўлиб, зўравон жабрланувчи
шахсини таҳқирлаш орқали вазиятни шахсан назорат қилишга интилади. Таъкидлаб ўтиш
лозим оғзаки жанжал ва ҳақоратлар ортидан шахсга тан-жароҳати етказиш каби маъмурий
ҳуқуқбузарликлар, жиноятлар содир этилади.
Шахсга етказилган
тан-жароҳатлари бўйича маъмурий ишлар Ички ишлар органлари томонидан расмийлаштирилиб,
судга юборилади. Судда ҳар иккала томон иштирок этиши шарт, бироқ гумонланувчи суд
томонидан айбдор деб топилган тақдирда суд айбланувчига жарима ёки маъмурий қамоқ
жазосини қўллаши мумкин. Лекин масаланинг муҳим жиҳати шундаки, бу тоифадаги маъмурий
ишларни кўриб чиқишда жабрланувчига етказилган зарарни ундириш масаласи очиқ қолдирилади
ва келгусида жабрланувчи ўзига етказилган зарарни ундириш учун фуқаролик тартибида
судга даъво аризаси билан мурожаат қилишига тўғри келади.
Ўзбекистон Республикасининг
Оила кодекси 8-моддасида (оилавий муносабатларда маҳаллий урф-одат ва анъаналарнинг
қўлланилиши) қонунчиликда оилавий муносабатларни тартибга солишга оид тегишли нормалар
бўлмаган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги тамойилларига зид бўлмаган
маҳаллий урф-одат ва анъаналар қўлланилади деб, кўрсатиб ўтилган. Оила кодексининг
57-моддасида берилган таърифга кўра, бир умумий учинчи шахсдан (аждоддан) келиб
чиққан шахслар қариндошлар ҳисобланади.
Икки шахс ўртасидаги
тўғри шажара бўйича қариндошликнинг яқинлиги қариндошлик даражаси, яъни туғилиш
сони билан белгиланади.
Оила кодексининг
8-моддасида берилган таърифдан келиб чиқиб, оилавий муносабатларда маҳаллий урф-одат
ва анъаналарнинг қўлланилиши нуқтаи-назаридан қариндошларнинг ўрни ҳам борлигини
тушуниш мумкин.
Юқоридагиларга
асосан оиладаги зўравонлик жиноятларига бевосита қариндошлар ҳам алоқадор бўлиши
мумкинлиги ҳақидаги фикрлар вужудга келади. Содда қилиб айтганда миллий урф одатларимиз
нуқтаи-назаридан бир рўзғорда яшамайдиган қариндошлар – амаки ёки тоға, опа ёки
сингил, ака ёки ука, бобо ёки буви ҳам оила ишларига аралашиши, оилавий (маиший)
зўравонликка йўл қўйиши ҳам мумкин.
Оилавий зўравонлик
жиноятларидан жабрланаётганлар юзасидан билдирилган фикрлар айнан бир жинс яъни
хотин-қизларга қаратилгани бежиз эмас. Тўғри оилавий зўравонликдан эркак ҳам жабр
кўриши мумкин, лекин таҳлилларга кўра мамлакатимизда оилавий зўравонликдан асосан
аёллар, вояга етмаганлар, ногиронлар, қариялар кўпроқ жабрланмоқдалар.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда аёллар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш,
оилавий зўравонлик жиноятларига барҳам бериш мақсадида, шунингдек халқаро-ҳуқуқий
нормаларда берилган тавсиялардан келиб чиқиб, оилавий (маиший) зўравонлик учун маъмурий
ва жиноий жавобгарликка оида қонунчилик такомиллаштириб борилмоқда. Бу албатда оилавий (маиший) зўравонликнинг
олдини олишда ўзининг самарасини беради.
Анвар Жумаев,
Фуқаролик ишлари
бўйича Учқудуқ туман суди раиси