ОИЛАНИ АСРАНГ, АЗИЗЛАР!

 Биз инсонлар Оилани муқаддас даргоҳ дея таърифлаймиз. Чунки, мустақил ҳаётга шу даргоҳ остонасидан қадам ташланади.

Шу боисдан ҳам юртбошимиз оила муқаддас урф-одатларимизни ҳимоя қиладиган, ҳаётнинг абадийлиги, авлодлар ворисийлигини таъминлайдиган ва шу билан бирга, ёш авлодга бевосита таъсир кўрсатадиган тарбия ўчоғи эканлигини доимо таъкидлайдилар.

Оила тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг вазифалари оилани мустаҳкамлашдан, оилавий муносабатларни ўзаро муҳаббат, ишонч ва ҳурмат, ҳамжиҳатлик, бир-бирига ёрдам бериш ҳамда оила олдида унинг барча аъзоларининг маъсуллиги ҳисси асосида қуришдан, бирон-бир шахснинг оила масалаларига ўзбошимчалик билан аралашишига йўл қўймасликдан, оила аъзолари ўз ҳуқуқларини тўсқинликсиз амалга оширишини ҳамда бу ҳуқуқларнинг ҳимоя қилинишини таъминлашдан иборатдир.

Йигит ва қизнинг хоҳиш-иродаси билан қонуний никоҳ жойлардаги  фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади ва давлатимиз герби тушурилган  никоҳ гувоҳномаси уларга тантанали равишда топширилади.

 Муқаддас оила даргоҳига пок қадамлар билан кириб келгач, энди ёш эр ва хотин зиммасига ушбу даргоҳни асраб авайлаш, яъни бир-бирига ҳурмат-иззат, вафодорлик, атроф-муҳитга зийраклик билан теран қараш, оилада пайдо бўладиган келишмовчилик ва кичик-кичик жанжалларда сабр-тоқатли бўлиш, асабни, тилни жиловлаш, ота-оналарнинг ҳурматини жойига қўйиш ҳамда болаларни тарбиялаш ва ҳ.з муҳим мажбуриятлар тушади. 

Афсуски, ана шундай ҳаёт синовларига бардош бера олмаётган эр ёки хотинлар жаҳл отига ҳамроҳ бўлиб, муқаддас оилани барбод қилаяпдилар. Иш судларда эр ва хотинни никоҳдан ажратиш ҳақидаги ҳал қилув қарорлари чиқарилиши билан якун топаяпди.

 Судлов ҳайъати мажлисида фуқаролик ишлари бўйича туман, туманлараро судларнинг ҳал қилув қарорлари устидан тарафларнинг бири томонидан берилган апелляция тартибидаги шикоятларни кўришда ёхуд судларда никоҳдан ажралиш тўғрисидаги фуқаролик ишларини ўрганар эканман, баъзан майда-чуйда икир-чикирлар, ён атрофдагиларнинг, оила аъзоларининг таъсири, турли миш-мишлар сабаб ҳам гулдек оилаларга дарз кетаётганлигига ачинаман.

Ажралиш сабаби қизларимизнинг келин бўлиб тушган хонадонда қайнона-қайнотанинг, эрнинг ҳурматини жойига қўймаганлиги ёки рўзғор ишларини бажармаганлиги, тилининг аччиқлиги ёхуд хиёнат, шунингдек, қайнона-қайнота, айниқса ёш эр ва хотиннинг Онажонлари, қариндошларнинг оила муҳитига совуқчилик тушурганлиги.

Яна бир асосий сабаб сабр-тоқат, бош ёрилса дўппининг тагида, ойнинг ўн беши қоронғу бўлса ўн беши ёруғ каби азалий қадриятларимизга ёш оила соҳиби ва соҳибалари ён бермаяпдилар. Уларнинг энг катта хатоси ҳам ана шунда. 

Жойлардаги МФЙ, Оила ва хотин-қизлар бўлимларининг вазифаси ҳудудларидаги кичик бўлсада жанжали бор оиладан ўз вақтида бахобар бўлиш, муаммоларини аниқлаб бартараф қилишда ёрдам бериш, уларни тўғри йўлга солиш учун астойдил ҳаракат қилиб, тушунтириш ишларини олиб бориш, шунингдек суд қарори билан никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво талаби қаноатлантиришдан рад этилган эр ва хотинни эътибордан четда қолдирмасдан оила тикланиши учун бошқача ҳаракат усулларини бошлашдан иборат бўлса, биз судьяларда эса иши судгача етиб келган эр ва хотинни қарор қабул қилиш йўли билан никоҳдан ажратиш эмас, суд мажлисларида эр ва хотиннинг ҳар бири юрагига етиб борадиган тарбиявий аҳамияти катта бўлган насиҳатларни қилишдан эринмаслик(ҳеч бўлмаганда даъво рад этилганидан кейин насиҳатларни 50 тадан 20 таси олса ҳам бу ютуғимиз), қайд этилган маҳаллий бўлимлар билан ҳамкорликда иш олиб бориб, муҳлат тайинлаш ҳақидаги суд ажрими муҳокамаларида иштирок этиш, оиланинг тикланишини таъминлаш масъулияти бўлиши шарт.

 

Ибодат Шоймардонова

Навоий вилоят суди судьяси