Президент фармони билан судларда янги лавозим жорий этилди

Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситилишига, қонуний манфаатлари чекланишига йўл қўймасликка, суд ишларини юритишнинг барча босқичларида тарафларнинг тортишув тамойилини янада кенгайтириш ҳамда ушбу соҳада халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани жорий этишга қаратилган бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 июнь куни “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-89-сонли фармони қабул қилинди.

Юқоридаги фармонга мувофиқ, 2025 йил 1 январдан бошлаб жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозими жорий этилмоқда.

Фармонга асосан, жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар — тергов судялари томонидан кўриб чиқилиши тартибини жорий этиш, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозимини киритиш, жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида тергов судьяси томонидан процессуал қарорларга берилган санкциялар фақатгина апелляция инстансиясида Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан якка тартибда қайта кўриб чиқилиши тартибини белгилаш, тергов судьяларига маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини бериш, тергов судьялари томонидан кўриб чиқиладиган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юқори инстанцияларда қайта кўриб чиқишнинг амалдаги тартибини сақлаб қолиш назарда тутилган.

Тергов судьясига жиноят материалларини, санкциялар ва мажбурлов чораларини қўллаш масаласини кўриб чиқиш ваколати берилмоқда.

Тергов судьяси фаолиятининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар:

қонунчиликда белгиланган тартибда тергов судьясига юклатилган вазифаларни адолатли ва холисона бажариш;

қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлаш;

фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини суд йўли билан самарали ҳимоя қилиш белгиланмоқда.

Ушбу тергов судьяси институти бугунги кунда Испания, Нидерландия, Бельгия, Латвия ва бошқа давлатларда ўз фаолиятини амалга ошириб келмоқда, шунингдек, ушбу институт жорий этилмаган давлатларда тергов судьяси институтини жорий этиш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда.

 

Анвар Жумаев,

 

Фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси.