Савдо-саноат палатасида ўтказилган семинар тафсилотлари
Навбаҳор туманлараро
иқтисодий суди раиси Б.Джумаев ва
фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро суди раиси А.Хамраевлар томонидан Ўзбекистон
Савдо-саноат палатаси Навоий вилоят бошқармаси биносида “Судларда яраштириш
тартиб-таомиллари ҳамда кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини
қаноатлантириш тизими мазмун-моҳияти” мавзусида соҳа мутахассислари билан
семинар ўтказилди.
Ушбу семинарда банклар
(банк филиаллари)нинг ҳуқуқшунослари ҳамда медиаторлар иштирок этдилар.
Мамлакатимизда бозор
иқтисодиётига асосланган муносабатлар жадал ривожланиб борар экан, субъектлар
ўртасида турли низолар вужудга келиши табиий. Хўжалик юритувчи субъектлар,
айниқса тадбиркорлик субъектлари учун иқтисодиёт соҳасида
юзага келган низони узоқ вақт давом этадиган суд жараёнлари орқали ҳал этиш
уларга хамма вақт ҳам фойда келтирмайди.
Бугунги кун амалиётидан келиб чиқиб айтиш мумкинки,
низони, зиддиятларни бартараф этишда низоларни ҳал қилишнинг муқобил
имкониятларидан фойдаланиш шу жумладан медиацияни қўллаш тарафларнинг
муаммоларни ҳал этишнинг самарали усули бўлибгина қолмай, суд жараёнларини
соддалаштиришда ҳамда судларда иш ҳажмини мақбуллаштиришда катта аҳамият касб
этмоқда.
Судларда низолашилаётган тарафларни муросага
келтириши, уларни яраштириш орқали низони ҳал этиш суднинг асосий вазифаларидан
бири бўлиб, бу биринчидан низолашилаётган тарафларнинг ярашув муносабати билан
ўзаро ҳамкорлиги, дўстлик муносабатлари сақланиб қолса, иккинчидан тарафларни
судга бўлган ҳурмати ва ишончини ошишига хизмат қилади.
Мажбуриятлар бажарилишининг таъминоти сифатида
берилган мол-мулкка нисбатан кредиторлар ҳуқуқларининг устуворлигини таъминлаш,
гаровга қўйилган мол-мулкни аукцион орқали сотиш жараёнларини соддалаштириш,
шунингдек гаров билан таъминланган мажбуриятларни суддан ташқари тартибда
ундириш амалиётини такомиллаштириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга амалиётда кредит (ипотека) шартномаси
бўйича мажбуриятларни қарздор томонидан ўз вақтида ва (ёки) лозим даражада
бажарилишини, кредиторнинг гаров билан таъминланган талаблари қондирилишини,
суд тартибида ва суддан ташқари тартибда ундирувни гаров нарсасига қаратишни,
гаровга олувчининг гаров нарсасига бўлган ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш
билан боғлиқ муаммолар мавжуд.
Кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини
қаноатлантириш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон
Республикасининг “Кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини
қаноатлантириш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон
Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш
тўғрисида”ги 1060-сонли Қонуни орқали Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик
кодексига, Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига, «Гаров тўғрисида»ги,
«Ипотека тўғрисида»ги, «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш
тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартириш ва қўшимчалар
киритилди.
Ушбу Қонун кредиторларнинг гаровга қўйилган
мол-мулкка нисбатан ҳуқуқлари устуворлигини таъминлашга, гаров нарсасини суддан
ташқари тартибда реализация қилиш тизимини такомиллаштиришга, мажбуриятларни
гаровга қўйилган мол-мулк ҳисобидан ундириш жараёнларини соддалаштиришга ва
кредит ташкилотларининг кредит портфелидаги муаммоли активлар улушини
камайтиришга хизмат қилади.
Хусусан, «Гаров тўғрисида»ги Қонунига 26-моддаси
тўртинчи қисми тўлдирилиб, 1) агар гаров билан таъминланган, қарздор томонидан
қопланмаган мажбуриятнинг суммаси гаров қийматининг ўн беш фоизидан камроқни
ташкил қилса; 2) агар гаров билан таъминланган мажбурият бажарилишининг
кечикиши кетма-кет уч ойдан ошмаган бўлса, гаров билан таъминланган
мажбуриятнинг бузилиши жуда арзимас деб ҳисобланиши белгиланди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик
кодексига янги
7461-модда киритилиб, унга кўра, кредитни муддатидан олдин суд
тартибида ундиришда, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса,
кредитор дастлаб қарзнинг белгиланган муддатда қайтарилмаган қисмини ундириш
учун судга мурожаат қилиши мумкинлиги, бунда агар қарз олувчи муддати ўтган
қарзни тўлиқ тўламаган тақдирда, кредитор кредитнинг қолган барча суммасини
муддатидан олдин қайтариш ҳақидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақли
эканлиги белгилаб қўйилди.
Ўз навбатида, «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар
ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонун 56-моддаси еттинчи қисмининг иккинчи
жумласи “Қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти сифатида турган
мол-мулк ушбу мол-мулк билан таъминланган қарзни ундириш тўғрисидаги ижро
ҳужжатлари бўйича реализация қилинмаган тақдирда, давлат ижрочиси ундирувчига
мол-мулкни такрорий аукцион савдоларидаги ёки савдо ташкилотлари томонидан
қайта реализация қилиш чоғидаги бошланғич сотиш нархидан 25 фоиз камроқ суммада
баҳоланган ҳолда ўзида қолдиришни таклиф қилиши тўғрисида”ги норма билан
таҳрирланди.
Қонуничилигимиздаги ушбу янгиликлар кредиторларнинг
гаровга қўйилган мол-мулкка нисбатан ҳуқуқлари устуворлигини таъминлашга, гаров
нарсасини суддан ташқари тартибда реализация қилиш тизимини такомиллаштиришга,
мажбуриятларни гаровга қўйилган мол-мулк ҳисобидан ундириш жараёнларини
соддалаштиришга ва кредит ташкилотларининг кредит портфелидаги муаммоли активлар
улушини камайтиришга хизмат қилади.
Джумаев Бекзод,
Навбаҳор
туманлараро иқтисодий судининг раиси
Хамраев Акрам,
Фуқаролик ишлари бўйича
Навбаҳор туманлараро судининг раиси