Савдо-саноат палатасининг Навоий вилоят ҳудудий бошқармасида ҳуқуқшунослар иштирокида семинар машғулоти ўтказилди
Вилоятдаги корхона, ташкилот ва муассасалар ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар ҳуқуқушунослари, тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирокида Савдо саноат палатасида ўтказилган семинар йиғилишининг кун тартибидаги масалааси суд қарорларини қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати амалдаги процессуал кодексларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятини ёритиб беришдан иборат бўлди.
Хусусан,“Суд қарорларини қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 2023 йил 25 декабрда қабул қилинган ва 2024 йилнинг 1 январь кунидан амалга киритилган Ўзбекистон Республикаси қонуни билан суд қарорларини қайта кўриш соҳасида муҳим ўзгартиришлар амалга оширилди.
Қонунчиликка киритилган мазкур янгиликка кўра туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанция судида кўрилган ишлар вилоят судларида ва уларга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида, вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар мазкур судларда тафтиш тартибида, вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатида тафтиш тартибида қайта кўрилишини, алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўрилган ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида тафтиш тартибида қайта кўрилишини, шунингдек апелляция ва кассация инстанциялари судлари томонидан ишларни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судларига юбориш тартиби бекор қилинишини ҳамда уларнинг зиммасига иш бўйича якуний қарор чиқариш масъулияти юклатилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Семинарда янги тартибга кўра одил судловга эришишнинг имкониятлари янада кенгайиб, аҳолининг судма-суд юришига барҳам берилганлиги, бунда биринчи инстанция судининг қарори ёки ажримидан норози тарафлар вилоят судига апелляция ёки кассация тартибида шикоят қилиб, уларнинг ҳам натижасидан қониқмаса, ушбу иш мазкур судларда тафтиш тартибида кўриб чиқилади. Вилоят судида ташкил этилган апелляция ёки кассация ҳамда тафтиш инстанцияларининг қароридан норози бўлинган тақдирда, суд қароридан норози бўлган тарафнинг шикояти бўйича ишлар Олий суднинг судлов ҳайъатида тафтиш тартибида кўриб чиқилиш масаллари муҳокам қилинди.
Энг муҳими шундаки, эндиликда юқори турувчи судлар томонидан қўйи судларнинг бекор қилинган қарорларини янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш тартиби бекор қилиниб, ҳар бир суд инстанциясининг зиммасига иш бўйича якуний қарор чиқариш мажбурияти юклатилди.
Қонунчиликда белгиланган аввалги тартибга кўра, апелляция тартибида кўрилмаган иш бўйича суд ҳужжати устидан норози тарафда кассация шикояти бериш ҳуқуқи мавжуд эмас эди. Бу эса, қайсидир сабабларга кўра апелляция шикоятини бериш муддатларини ўтказиб юборган тарафни суд ҳужжати устидан шикоят бериш ҳуқуқини чеклаб қўяр эди.
Эндиликда суд ҳужжатидан норози бўлган тараф ўз ҳоҳиши бўйича қонуний кучга кирмаган суд ҳужжати устидан апелляция шикояти билан, қонуний кучга киргач кассация шикояти билан мурожаат этиш ваколатига эга бўлди.
Одил судлов соҳасига тафтиш институтининг киритилиши ва суд қарорини тафтиш тартибида кўриш ваколатларини ўрта буғин судлари ҳисобланган вилоят судлари ва унга тенглаштирилган судларга берилиши, тафтиш инстанцияси томонидан ишни кўришда қўйи судларнинг моддий ва процессуал қонун нормаларига риоя этилганлиги ҳолатини тўлиқ тафтиш қилиш орқали кўриб чиқиб, суд қарорларига қонуний баҳо берилиши билан биргаликда, судда иши кўрилаётган тарафларнинг Тошкент шаҳрида жойлашган Олий судга бориши билан боғлиқ вақтини ва харажатларини ҳам тежайди.
Шу билан биргаликда мазкур институтни қонунчиликка тадбиқ этилиши орқали Олий суднинг марказлашган ваколатларини қўйи судларга ўтказилиши билан, ўрта буғин судларининг одил судловни таъминлашдаги ваколатларини кенгайтириш билан биргаликда уларга қонуний ва асосли қарор қабул қилиш каби масъулиятни ҳам юклайди.
Хулоса қилиб айтганда, одил судлов соҳасида амалга оширилган мазкур ислоҳотлар суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш механизмини янада такомиллаштириш ҳамда суд қарорларини қайта кўришнинг янги тартибини жорий этиш орқали одил судлов сифатини ҳамда фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини янада оширишга, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликлари, шунингдек қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.
Турғун Қаҳҳоров,
Хуршид Турсунов,
Навоий вилоят судининг судьялари.