Судьялик масъулияти
Қози арабча сўздан таржима қилинганда, “ижро этувчи”, “ҳукм чиқарувчи” деган маъноларни англатади. Мусулмон давлатларида ҳукмдор томонидан тайинланиб, шариат асосида суд вазифасини бажарувчи, судья, шаръий маҳкама раиси саналади. Қозилик азал-азалдан давлатнинг, жамиятнинг энг обрўли лавозимларидан ҳисобланган. Қози олдига қўйилган асосий талаблар мусулмон эркак киши бўлиши, эркин, вояга етган, оилали, жисмоний камчилиги мавжуд бўлмаслиги, фиқҳ илмини мукаммал билиши, ҳаётий тажрибага эга бўлиши, араб тилини мукаммал эгаллаган бўлиши ҳамда бадном фуқаро эмаслиги шарт бўлган. Фуқаро ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ҳуқуқий кафолатларининг энг муҳими бу шахснинг суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқининг таъминланганлигидир. Бугунги кунда ушбу вазифани судьялар адо этиб келмоқдалар. Ҳар бир жамият мувозанати ва унда барқарор адолатни сақлашда судьянинг ўрни каттадир. Адолатни юзага чиқариш учун судьядан професионаллик, билим, тажриба, қонунчиликни яхши билиш ва уларни тўғри татбиқ қила олиш талаб этилади. Судьялик лавозимгина эмас, у энг аввало инсонийликдир.
Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар судьяларга катта имтиёз бериши баробарида уларнинг зиммасига улкан масъулият ҳам юклайди. Яъни ҳар бир судья билдирилган ишончни шараф билан адо этиши, ўзининг маънавий ва касбий фазилатларини юксалтириш борасида доимий изланишда бўлиши, ўз зиммасига юклатилган вазифаларни қонун талабларига мувофиқ ҳолда самарали ҳал этиши бир сўз билан айтганда судьялик мақомига муносиб бўлиши талаб этилади.
Судья, судьялик қасамёдига доим содиқ қолиши, қасамёдини бузиб қўйишдан ниҳоятда қўрқиши лозим. Суд ишларида қариндош уруғчилик, таниш-билишчилик, маҳаллийчилик, миллатчилик каби иллатлардан холис бўлиш даркор. Чунки, судьялик кимнингдир илтимосини бажариш, ишончини оқлаш учун эмас, балки қонунийлик ва адолатни қарор топтириш учун берилган ваколатдир.
Ҳуқуқий демократик давлат ва очиқ, эркин фуқаролик жамиятида адолатни қарор топтириш суд ҳокимияти орқали амалга оширилади. Президентимиз таъбири билан айтганда, “Суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон, Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак. Ўзбекистонда судьялар қонунларнинг толмас ҳимоячилари, адолатнинг мустаҳкам устунлари бўлиши лозим”.
Шерзод Ғофуров,
Зарафшон туманлараро иқтисодий судининг раиси.