Тадбиркорларнинг мурожаатлари туну кун қабул қилинади
2024 йилнинг 30 май куни “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-200-сонли Президент Қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорни қабул қилишдан кўзланган мақсад, тадбиркорларнинг муаммо ва таклифларини бевосита ўрганиш, тадбиркорликни келгусида ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб олиш бўйича ҳар йили ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотини юқори савияда ташкил қилиш ҳисобланади.
Қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотини ташкил қилиш бўйича республика комиссияси 1-иловага мувофиқ таркибда тасдиқланиб, очиқ мулоқотни юқори савияда ўтказиш билан боғлиқ ташкилий чора-тадбирларни тезкор ва сифатли амалга ошириш, тадбиркорлар мурожаатлари ва таклифларини туну кун қабул қилиш ва умумлаштириш, тизимли муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, шунингдек, тадбиркорларнинг алоҳида масалаларини жойларда тезкорлик билан ҳал қилишни ташкил этиш Республика комиссиясининг асосий вазифалари этиб белгиланди.
Шунингдек, Қарорга мувофиқ, ҳар йили 15 июндан бошлаб очиқ мулоқот ўтказилгунга қадар махсус электрон платформалар, Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Cаll-марказ хизмати, ижтимоий тармоқлар ва сайёр қабуллар орқали тадбиркорларнинг мурожаатлари туну кун қабул қилинишини ташкил этиш, ҳар куни тадбиркорлар мурожаатларини эксперт гуруҳлари ва ҳудудий ишчи гуруҳларга юбориб ҳамда мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари тўғрисидаги йиғма маълумотларни Республика комиссиясига тақдим этиб бориш белгиланди.
Бундан ташқари, ҳудудларда тадбиркорлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал қилиш бўйича ҳудудий ишчи гуруҳлар 2-иловага мувофиқ таркибда тасдиқланиб, уларга ҳар куни тадбиркорлардан келиб тушган индивидуал хусусиятга эга масалалар жойида ҳал қилинишини таъминлаш, ҳар ҳафта бириктирилган ҳудуднинг ҳар бир тумани (шаҳри)га чиққан ҳолда, тадбиркорлар билан сайёр қабуллар ташкил этиб, аниқланган тизимли муаммолар ва уларнинг ечими бўйича таклифларни Республика штабига киритиб бориш вазифаси юкланди.
Шу билан бирга, мазкур Қарорга асосан тадбиркорлар билан бўлиб ўтадиган очиқ мулоқот натижалари, қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларини жойлаштириб бориш имконини берувчи “Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот” электрон платформаси ишга туширилиши қайд этилди.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, мазкур Қарорнинг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектларининг муаммоларини аниқлаб, уларни ижобий ҳал қилишга хизмат қилади.
Дилшод Турдиев,
Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси.