Учқудуқда Конститутцияга киритилаётган ўзгаришлар муҳокамасига бағишланган маърифий-ҳуқуқий тадбир ўтказилди
Мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёти, халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолат сифатида Конституцияга киритилаётган ўзгаришлар давлатимиз тараққиёти ва ривожланишида муҳим қадам бўлмоқда.
Янгиланаётган Конституция тараққий этган давлат – Янги Ўзбекистон ғояси атрофида бутун жамиятимизни жипслаштириш, унда барча қатлам манфаатлари инобатга олинганлиги, бир сўз билан айтганда, лойиҳа том маънода халқ Конституцияси бўлаётганлиги алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Конституцияда маҳаллаларга аҳолининг кундалик муаммоларини ҳал қилиш бўйича мустақил қарор қабул қилиш ваколатларини бериш, бунинг учун ташкилий ва молиявий имкониятлар яратиш белгиланмоқда.
Жорий йилнинг 6 апрель куни Учқудуқ туман “Навоий” маҳалла фуқаролар йиғинида Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси Д.Турдиев ва фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман судининг раиси А.Жумаев ва жиноят ишлари бўйича Учқудуқ тумани суди раиси А.Қурбоновлар томонидан фуқаролар иштирокида “Янгиланаётган Конститутция –халқимизнинг эркин ва фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбир иштирокчиларига суд раислари томонидан Конститутцияга киритилаётган ўзгаришлар ҳақида тўхталиб, мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёти, халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолати эканлиги, конституциявий қоидалар замирида мустақиллигимизни асраб-авайлаш ва янада мустаҳкамлаш, келажак авлодларга озод ва эркин Ватан қолдириш, халқ манфаатлари кўзланган ислоҳотлар йўлидан ортга қайтмаслик, қонун ва адолат устуворлиги, инсонга эътибор ва ғамхўрлик каби муҳим қадриятлар мужассам бўлиб, конституцияда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари сезиларли даражада кенгайтирилмоқда. Хусусан, конституциявий ҳуқуқлар доираси экологик ҳуқуқлар, соғлиқни сақлаш, гендер тенглик, эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини эркин танлаш, мамлакатдан чиқиш ва монеликсиз қайтиш, интернетдан фойдаланиш, шахсий маълумотлар ҳимояси, олий таълим, бепул юридик ёрдам олиш, давлат хизматига киришда тенглик, уй-жойга эга бўлиш, ундан маҳрум этилганда компенсация олиш, банк операциялари ва ҳисобварақларининг сир сақланиши, қонунчиликка оид таклиф киритиш каби ҳуқуқлар билан тўлдирилаётганлиги, конституциянинг моддалари амалдаги 128 тадан 155 тага кўпайиб, нормалари 275 тадан 434 тага ошгани, яъни, Асосий қонунимизнинг 65 фоиз матни халқимиз таклифлари асосида янгилангани, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид қоидалар уч ярим бараварга кўпайгани ҳамда шулардан келиб чиқиб, лойиҳани янги таҳрирдаги Конституция сифатида қабул қилиш учун барча асослар етарли эканлиги таъкидланди.
Тадбир якунида иштирокчилар томонидан Конститутцияга киритилаётган асосий ўзгартиришларнинг ҳар бири бўйича алоҳида-алоҳида тўхталиб ўтилиб, фикрлар алмашилди, бундан ташқари маҳалла аҳолиси томонидан қизиқтирган масалалари ва мурожаатлари юзасидан тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси
Дилшод Турдиев