Учқудуқда тадбиркорларнинг мурожаатлари тингланди

Сир эмаски сўнги йилларда тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият берилмоқда. Хусусан, тадбиркорларнинг муаммо ва таклифларини бевосита ўрганиш, тадбиркорликни келгусида ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб олиш бўйича ҳар йили очиқ мулоқотлар ташкил этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-200-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2024 йил 11 июль куни Учқудуқ туман судлари, туман ҳокимлиги, туман адлия бўлими ҳамда Савдо-саноат палатаси Навоий вилоят бошқармасининг Учқудуқ туман вакили ҳамкорлигида тумандаги Нуронийлар масканида туманда фаолият кўрсатиб келаётган тадбиркорлик субъектлари билан сайёр учрашув ўтказилди.

Мазкур учрашувда 15 нафар тадбиркорлар иштирок этиб, шундан 8 нафар тадбиркорнинг фаолияти давомида юзага келаётган муаммолари ва мурожаатлари тингланди.

Жумладан, қабул жараёнида иштирок этган ЯТТ Тўраева Муниранинг, кичик тадбиркор О.Маманованинг, “Бексултон Феруз” МЧЖ рахбари Б.Рашидовнинг ва “Чарос Жасмина Ширин кулчалари” ОК рахбари А.Қурбоновларнинг электр энергия ва газ тармоқларига уланиш бўйича қилган мурожаатларига батафсил тушунтиришлар берилди ҳамда ушбу мурожаатларни қонунда белгиланган тартибда ҳал қилиш бўйича тумандаги электр ва газ таъминоти корхоналари рахбарларига тегишли кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, сайёр учрашувда қатнашган “Учқудуқ деҳқон бозори” МЧЖ рахбари О.Мухаммедов, бозор ҳудудида фаолият кўрсатиб келаётган тадбиркорлик субъектлари томонидан инфратузилма йиғимлари ўз вақтида тўланмасдан келинаётганлиги сабабли улар бўйича судга даъво аризаси киритиш масаласида мурожаат қилди ва МЧЖ рахбарига тегишли шартнома ва бошқа асослантирувчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда судга мурожаат қилишнинг процессуал тартиблари тушунтирилди.

Шу билан бирга, қабулда иштирок этган “Шаҳзодбек Платинум Плюс” МЧЖ рахбари судга даъво аризаси киритиш масаласи бўйича мурожаат қилиб, унга кўра тумандаги Мактабгача ва мактаб таълими бўлими шартнома асосида сотиб олган маҳсулотлар учун пул маблағларини 2023 йилдан буён кўчириб бермаётганлигини маълум қилди ва МЧЖ рахбарига судга мурожаат қилишнинг процессуал тартиблари тушунтирилди.

Бундан ташқари, туман судида ҳам фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларини ҳар куни қабул қилиш йўлга қўйилган бўлиб, қабулга келган барча мурожаатчиларга тегишли тушунтиришлар бериб келинмоқда.

 

Дилшод Турдиев,

Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси.