Янги Ўзбекистон-ҳуқуқий демократик давлат: инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари, қонунчиликни янада ривожлантириш истиқболлари

2022 йил 17 май куни Ўзбекистон халқи ҳаётида ўзига хос воқеликка эга бўлган кун сифатида тарихга муҳрланди десак, адашмаган бўламиз. Чунки, шу куни мамлакатимиз парламентида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциялари ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ташаббусини илгари суришга қаратилган қўшма йиғилиш бўлиб ўтди.

Шу йилнинг 20 май куни Сенат ва Қонунчилик палатаси кенгашларининг қўшма мажлиси ўтказилиб, йиғилишда Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш катта куч ва масъулият талаб қилиши бунда ҳар бир фуқаро фикрларини тинглаш зарурлиги қайд этилиб, ушбу вазифалар билан шуғулланувчи Конституциявий комиссия ташкил этилди.

Конституциямизга киритилаётган ўзгартиришлар умумхалқ муҳокамасига қўйилди. Лойиҳа бўйича ўтказилган умумхалқ муҳокамаси жараёнида аҳолидан 220 мингдан зиёд таклифлар келиб тушганлиги ҳам фуқароларимиз ушбу масалага жуда катта қизиқиш ва эътибор билан ёндашганлигидан яққол далолат беради.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 2023 йил 10 март куни бўлиб ўтган мажлисда Ўзбекистон Конституцияси тўғрисидаги қонунни янги таҳрирда қабул қилди. Ўз навбатида, Қонунчилик палатаси Конституцияни ўзгартириш бўйича умумхалқ референдумини — 2023 йил 30 апрель, якшанба куни ўтказишни маъқуллади.

Конституциядаги моддалар сони амалдаги 128 тадан 155 тага, нормалар сони эса 275 тадан 434 тага кўпаймоқда. Конституция матни 65 фоизга янгиланган, шунинг учун ҳужжат номи “Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар”дан “Янги таҳрирдаги Конституция”га ўзгартирилди.

Конституциянинг муқаддимасида “Биз, Ўзбекистоннинг ягона халқи, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланадиган инсонпарвар демократик давлатни, очиқ ва адолатли жамиятни барпо этиш борасида ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятимизни англаган ҳолда ушбу Конституцияни қабул қиламиз ва эълон қиламиз” деб кўрсатилиши, Конституциянинг асосий мақсади инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилганлигини англатади.

Дарҳақиқат, Конституциядаги нормаларга диққат билан эътибор қаратадиган бўлсак, унда инсон манфаатлари давлат манфаатларидан устун қўйилганлигини кўришимиз мумкин бўлади.

Биргина мисол, Конституция 20-моддасининг бешинчи қисмида “Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади” деб кўрсатиб ўтилди. Бу қоида ҳозирги кунга қадар баъзи бир ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қонун нормаларида келтирилган бўлса-да, бошқа қонун нормаларида назарда тутилмаган эди. Бундай қоиданинг Конституцияга киритилиб, Конституциявий норма сифатида қабул қилиниши, Ўзбекистон Республикасида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаати ҳамма нарсадан устун эканлигини англатади.

Ўйлайманки, инсон манфаати учун  хизмат қиладиган Бош қомусимизни янги таҳрирда қабул қилинадиган сиёсий жараён, 2023 йил 30 апрель куни бўлиб ўтадиган умумхалқ референдумига ҳеч ким бефарқ бўлмайди ва референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган барча Ўзбекистон Республикаси фуқаролари референдумда фаол иштирок этади.

 

 

Навоий вилоят маъмурий судининг раиси

Акмал Муродов