Ўзбекистон Республикаси Конституциясида экологик тараққиёт стратегиясининг асосий қоидалари, экологик ва аҳолининг экологик хавфсизлигига доир талаблар белгиланган бўлиб, ушбу сиёсий-ҳуқуқий ҳужжат мамлакатимизда атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланиш бўйича энг муҳим ва асосий қоидаларни белгилаб беради

Маълумки, конституциявий нормаларнинг экологик сиёсатни амалга оширишдаги ўрни ва аҳамияти беқиёс. Айнан Асосий қонунда давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг экологик фаолиятини шакллантириш бўйича асосий принциплари мустаҳкамланади, фуқароларнинг экологик бурчлари белгиланади, жамиятнинг экологик барқарор ривожланишининг устувор йўналишлари ўрнатилади.

Давлат экологик сиёсатининг асослари Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 68-моддасида ўз аксини топган. Унга кўра, ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир. Ушбу конституциявий норма давлат экологик фаолиятининг қуйидаги асосий принципларини ифодалайди:

Биринчидан, республика табиий ресурслари умуммиллий бойлик ҳисобланади, яъни юридик маънода улар халқ мулкини ташкил этади ҳамда улар номидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари қонунда белгиланган ваколатлари доирасида иш юритади.

Иккинчидан, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш зарур. Экология ҳуқуқида оқилона деганда, табиий ресурслардан экологик норматив ва стандартларга қатъий риоя этган ҳолда фойдаланиш тушунилади.

Учинчидан, табиат объектлари ва ресурслари давлат томонидан қўриқланади. Бу давлат табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва муҳофаза қилишни таъминлашини ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг экологик ҳуқуқ ва манфаатларига, шунингдек экологик ҳуқуқ-тартиботга риоя этилишини кафолатлашини англатади.

Бош Қомусимизнинг 62-моддасида “Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар” – деб белгиланган.

Шу мақсадда, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасида йўл қўйилган қонунбузилишлар учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда жиноий ҳамда маъмурий жавобгарликлар назарда тутиб ўтилган.

Хусусан, Ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузишда ифодаланган жиноятни содир этган фуқаро М.А 2023 йил 28 декабрь куни соат 13 ларда ов қилиш мақсадида Хатирчи тумани “Зарафшон” маҳалласи ҳудудидаги фермер хўжалиги ғалла ер майдонига келиб, Ўзбекистон Республикасининг 08.07.2020 йилдаги “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги Қонунининг 30-моддасига зид равишда, камёб ва йўқолиб бораётган ёввойи ҳайвон турларини табиий яшаш муҳитидан ажратиб олишнинг алоҳида тартибини бузиб, тегишли рухсатномасиз Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га 160-тартиб рақам билан киритилган, заифга яқин, ўтроқ Зарафшон кенжа тури, овланиши тақиқланган ёввойи қушлар туркумига кирувчи 1 бош Зарафшон қирғовулини ўзига тегишли бўлган “ИЖ17” русумли, 16 калибрли, 1 стволли ов қуроли билан қўлбола усулда тайёрланган сочма ўқлардан фойдаланган ҳолда отиб овлаб, 1 бош Зарафшон қирғовулини ўзи билан олиб кетаётганида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси Хатирчи тумани бўлими ходимлари томонидан аниқланган.

Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман судининг ҳукмига кўра, М.А Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 202-моддаси 3-қисми “ж” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топиб, унга ЖК 45-моддасини қўллаб, 3 (уч) йил муддатга овчилик қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 4 (тўрт) йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган ҳамда М.А га тегишли бўлган ИЖ-17 русумли, 16 калибрли, 1 стволли, № Е23883 рақамли ов қуроли давлат эгалигига мусодара қилиниб, ундан Навоий вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришлари бошқармаси фойдасига жиноят оқибатида етказилган 34.000.000 сўм моддий зарар ундириш белгиланган.

Ҳар бир шахс мамлакатимизнинг бебаҳо табиий бойликларини кўпайтиришга ҳамда ҳозирги ва келажак авлодлар учун асраб-авайлашга ҳамда атроф-муҳит мусаффолигини сақлашга масъулдир. Зеъро ҳар бир фуқаро атроф муҳитга ихтиёткорона муносабатда бўлиши, ушбу соҳада содир этилган жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик муқаррардир.

 

Шерзод Мамиров,

Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман судининг раиси