Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил учун Мурожаатномасида маъмурий судлар учун белгиланган ва кутилаётган ислоҳотлар

2022 йилнинг 20 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга мурожаатномаси бўлиб ўтди. Президентимизнинг мурожаатномаси ҳар йилгидек, бутун Ўзбекистон халқининг, шу жумладан, Навоий вилоят маъмурий судлари барча судьялари ва ходимларининг диққат эътиборида бўлди. Чунки, биз нафақат Ўзбекистон Республикасининг фуқароси сифатида, балки, суд жамоасининг ходими сифатида Президентимиз томонидан суд соҳасида илгари суриладиган навбатдаги ислоҳотни кутган эдик.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази экспертлари Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган бу йилги Мурожаатномасидаги нутқининг лингвистик контент-таҳлилини ўтказишди. Тасвирий ифодаловчи сўзлардан фойдаланиб, таҳлилчилар давлат раҳбари нималарга кўпроқ эътибор қаратаётганини аниқлашди.

Хусусан, Президентимизнинг нутқида “таълим” сўзи 25 марта, “мактаб” сўзи 23 марта, “шахс” ва “халқ” сўзлари 22 марта, “конституция” ва “инвестиция” сўзлари 20 марта, “тадбиркор” сўзи 19 марта ва “маҳалла” сўзи 18 марта ишлатилган.

Сўзларнинг йўналишлар бўйича тақсимланиши таҳлили шуни кўрсатдики, Президент нутқининг асосий қисми таълим-тарбия соҳасига бағишланган бўлиб, ихчам ва самарали давлат бошқарувини ташкил этиш, тадбиркорликни ривожлантириш, энергетика соҳасини такомиллаштириш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ҳақида кўп гапирилди.

Мурожаатномада 2023 йилдаги 6 та устувор йўналишлар белгилаб ўтилган бўлиб, шундан 3-устувор йўналиш суд-ҳуқуқ соҳасига бағишланди.

2022 йилда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар айнан маъмурий судлар учун бўлди десак адашмаган бўламиз. Чунки, йилнинг боши билан, яъни 2022 йил 29 январь куни Президентимизнинг “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-107-сонли қарори қабул қилинди. Мазкур қарорда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда судларнинг, айниқса маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айлантириш зарур бўлиб ҳисобланиши таъкидланиб, маъмурий судларнинг ролини кучайтириш юзасидан қатор устувор вазифалар белгилаб берилди.

Мурожаатноманинг суд-ҳуқуқ соҳасига бағишланган 3-устувор йўналишида бу сафар ҳам маъмурий судлар эътибордан четда қолмади. Чунки, Президентимиз ўзларининг мурожаатномаларида илғор хорижий тажрибалар асосида маъмурий судлар фаолиятини янги босқичга олиб чиқилиши, маъмурий судларга ҳоким қароридан норози бўлиб мурожаат қилинган тақдирда, ишларни экстерриториал тартибда, яъни бошқа ҳудудда ҳам кўриш амалиёти жорий қилинишини таъкидлаб ўтдилар.

Президентимиз томонидан илгари сурилаётган ушбу ислоҳот, авваламбор ҳоким қарори устидан шикоят билан мурожаат қилаётган фуқаро ёки юридик шахснинг бузилган ҳуқуқларини суд йўли орқали ҳимоя қилиш ва уни тиклашни таъминланишинига хизмат қилади.

Ишларни экстерриториал тартибда кўриш тартибининг жорий этилиши судларда ишларни кўришнинг холислигини таъминлайди. Чунки, биз ҳозирги кунга қадар ҳоким қарорлари, хусусан вилоят ҳокимларининг қарорлари устидан берилган шикоятларни кўришда, фуқаролар томонидан вилоят ҳокими судга таъсир кўрсатиши, бундай ишлар шу вилоят судида кўрилиши ва суднинг холислигига улар ишонмасликлари ҳақидаги эътирозларга дуч келмоқдамиз. Агар бундай тоифадаги ишлар бошқа вилоят маъмурий судларида кўриладиган бўлса, биринчи навбатда фуқароларнинг юқорида қайд этилган эътирозларига барҳам берилган бўлади.

Бундан ташқари, фуқаролар ҳар қандай эътирозлар ҳамда судьяларга раддиялар бериб, судма-суд сарсон бўлиб юрмасдан, улар ўзлари хохлагандек, ишларни бошқа ҳудуд судларида кўрилиши таъминланади.

Ўйлайманки, Президент мурожаатномасида белгилаб ўтилган, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилиши кутилаётган ислоҳотлар фуқароларимизнинг бузилган ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд ва қонун йўли билан тиклаш билан бирга, уларнинг одил судловга бўлган ишончини янада ортишига хизмат қилади.

 

Навоий вилоят маъмурий судининг раиси

Акмал Муродов