Қонунлар ижроси амалда

Бугунги кунда сиёсий, иқтисодий, давлат-ҳуқуқий муносабатларнинг бутун тизимини модернизация қилиш, фуқаролик жамиятини шакллантириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя этиш бўйича олдимизда турган кенг кўламли вазифалар, аввало, суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш масаласи билан бевосита боғлиқдир.

Мамлакатимизда хотин-қизлар ва болаларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга катта эътибор қаратилаётганлиги, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш учун кенг кўламли ишлар қилинаётганлиги ҳаммамизга маълум.

2023 йилнинг 11-апрель куни “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-829-сон Қонун қабул қилинганлиги мазкур соҳада оширилаётган ислоҳотларнинг самараси десак муболаға бўлмайди. Мазкур қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги “41/1-модда Шаҳвоний шилқимлик қилганлик учун маъмурий жавобгарлик” киритилди.

Эндиликда, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари яна бир модда билан қўриқланадиган бўлди. Қонунга кўра, шаҳвоний шилқимлик қилиш, яъни шахсга нисбатан унинг учун номақбул бўлган ҳамда унинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлайдиган, шахснинг ташқи қиёфасини ёки қадди-қоматини тавсифлашда, имо-ишора қилишда, тегинишда, чақиришда ифодаланган, шаҳвоний хусусиятга эга бўлган ҳаракатларни бир марта қўпол равишда ёки бир неча марта содир этиш, базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга ёки беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Шунингдек, Жиноят кодекси 129-моддасида, ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан зўрлик ишлатмай уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этганлик учун жиноий жавобгарлик белгилаб қўйилган.

Бундан ташқари қонунда оилавий (маиший) зўравонликка оид жиноят ва ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чоралари белгиланган, жумладан жиноий қилмиш учун ЖК 126/1-моддаси ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун МЖтКнинг 59/2-моддаси билан чора кўрилиши белгиланганлиги ҳам оналик ва болаликни ҳимоя қилишга қаратилган муҳим қадамлардан биридир.

Хулоса қилиб айтганда, кейинги йилларда Ўзбекистонда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишнинг янги босқичига асос солинди. Бу борада жорий йилнинг ўтган даврида қатор муҳим натижаларга эришилди, жумладан, қонун талабларини бузган 6 нафар шахслар Жиноят кодексининг 126/1-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортилган бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган 11 нафар шахсга жарима ва 12 нафар шахсларга МЖтКнинг 59/2-моддаси билан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Авваламбор, Янги Ўзбекистонда қилмиш ва жиноят учун жазо муқаррарлиги қатъий таъминланмоқда. Жамиятимизда, оилаларда маиший муҳит изчил яхшиланиб, аёлларимизнинг қадр-қиммати ва қизларимизнинг иззат-ҳурмати тикланмоқда.

 

Козим Козиев,

Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг тергов судьяси

 

Баҳодир Фармонов,

Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг девонхона мудири