ҲАМКОРЛИК КЕЛИШУВИ
Таъкидлаш ўринлики, жамиятда қонун устуворлигини таъминлашда, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишда, аҳолининг қонунга ҳурматда бўлиш муносабатини шаклланишида фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятининг юқори бўлиши муҳимдир, айниқса бунда ёшларнинг ўрни алоҳида аҳамиятлидир.
Чунки ёшлар ҳар бир жамият ва мамлакатнинг келажагидир. Энг муҳими бугунги кунда ёшларнинг сифатли таълим олиши учун мамлакатимизда барча шароит ва имкониятлар яратилган.
Зарафшон шаҳар судларининг ташаббуси билан ёшларнинг ҳуқуқий билим ва маданиятини янада ошириш, уларда қонунга ҳурматда бўлиш муносабатини шакллантириш, шунингдек ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида Зарафшон шаҳар 8-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби билан ҳамкорлик келишуви ўрнатилди.
Қувонч билан айтиш ўринлики, Зарафшон шаҳрида ҳуқуқий дарс соатларини судьялар томонидан ўтказиб бориш бўйича кўп йиллик тажриба мавжуд бўлиб, мазкур тажриба таълим муассасалари учун анъанага айланиб улгурган.
Таҳлиллардан кузатиш мумкинки, судьяларнинг таълим мактабларида амалий дарс соатларини ўтказиб бориши натижасида ўқувчи ёшларда ҳуқуқ фанларини ўрганишга бўлган қизиқишлари ортган ва келажакда ҳуқуқшунос бўлиши истагини билдираётган ўқувчилар сони кўпайган.
Албатта, устоз-мураббийларнинг яқиндан ёрдами, ўқувчи ёшларнинг қизиқиши судьялар учун ҳам куч-қувват бўлиб хизмат қилаётганлиги ҳам, айни ҳақиқат.
Тадбир сўнгида, ҳамкорлик келишуви доирасида судьялар томонидан ҳуқуқий дарс соатлари ўзаро тасдиқланган жадвалга асосан ҳам назарий, ҳам амалий шаклда тизимли равишда ўтказиб борилиши келишиб олинди.
Шерзод Ғофуров,
Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси.