Вилоят судида ОАВ вакиллари учун матбуот ажнумани ўтказилди

Бугун Навоий вилоят судлари ҳамда Навоий вилоят маъмурий судлари томонидан 2022 йилнинг 9 ойи давомида одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолияти юзасидан жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакилларини хабардор қилиш мақсадида матбуот анжумани (пресс-конференция) шаклидаги брифинг ўтказилди.

Матбуот анжуманида, вилоятда фаолият олиб бораётган оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар иштирок этишиб, ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олишди.

Шунингдек, тадбирда вилоят суди раиси ва вилоят маъмурий суди раисларининг 9 ойлик ҳисоботи тингланди.

Маълумот ўрнида 2022 йил 9 ойи давомида судлар томонидан жами 1630 нафар шахсга нисбатан 1223 та жиноят иши тамомланган бўлиб, кўриб тамомланган ишлар салмоғи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан жиноят ишлари 388 та ёки 46,4 фоизга кўпайган, шахслар эса 544 тага ёки 50,0 фоизга кўпайган.

Тамомланган ишлардан 1267 нафар шахсга нисбатан 897 та жиноят иши бўйича ҳукм чиқарилган бўлиб, ҳукм чиқарилган ишлар 360 тага ёки 59,8 фоизга ошган.

Ҳисобот даврида 358 нафар шахсга нисбатан 322 та иш тугатилган.

Ушбу даврда 167 нафар аёлларга нисбатан 148 та жиноят иши кўрилган. Иш сони 77 тага ёки 108,4 фоизга, шахс сони 76 тага ёки 83,5 фоизга ошган.

662 нафар ёшларга нисбатан 530 та жиноят иши судлар томонидан мазмунан кўриб ҳал этилган бўлиб, шундан 23 та жиноят иши бўйича 31 нафарини вояга етмаганлар ташкил этган. Шахс сони 296 тага ёки 80.8 фоизга, иш сони 231 тага ёки 79.3 фоизга ошган.

Ушбу даврда 43 нафар 60 ёшдан ошганларга нисбатан 42 та жиноят иши кўрилган. Иш сони 13 тага 44.8 фоизга, шахс сони 14 тага ёки 48,2 фоизга ошган.

2022 йил 9 ойи давомида жами 5  та жиноят иши бўйича 15  нафар шахс судлар томонидан оқланган бўлиб, шундан 7 нафар шахс биринчи инстанция судлари томонидан, 8 нафар шахс вилоят судининг апелляция инстанцияси томонидан оқланган.

Ушбу даврда жами 1222 нафар шахс судланган бўлиб, судланганларнинг 90 нафари ёки 7,3 фоизига жарима, 6 нафарига ёки ёки 0,4 фоизига мажбурий жамоат ишлари, 496 нафари ёки 40,5 фоизига ахлоқ тузатиш ишлари, 283 нафари ёки 23,1 фоизига озодликни чеклаш, 347 нафари ёки 28,3 фоизига озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган.

2022 йил 9 ойи давомида  20192 нафар шахсга нисбатан  16269та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилган. Шундан, 11914 нафар шахсга нисбатан 10256 та иш бўйича жазо тайинланган бўлса, 8278 нафар шахсга нисбатан 6013 та иш ҳаракатдан тугатилган.

Кўриб тамомланган ишлар 3027 тага ёки 22,8 фоизга, шахслар 3502 тага ёки 20.9  фоизга ошган.

Жами кўриб чиқилган 1224 та жиноят ишидан 70 таси оммавий-ахборот воситалари (Тв, веб-сайт, газета, журнал) орқали ёритилган.

 

Фуқаролик  ишлари бўйича

 

Хусусан, ушбу 9 ой давода Навоий вилоят фуқаролик судлари томонидан жами 22534 та фуқаролик ишлар кўриб тамомланган.

Судлар томонидан кўрилган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7388 тага ёки 48,7 фоизга кўпайган.

Бу кўрсаткичнинг таҳлили қуйидагича:

Ўтган давр мобайнида оила низолари билан боғлиқ кўрилган низолар 115 тага;

уй-жой низоларидан келиб чиққан низолар 37 тага камайган бир вақтда,

битимлар билан боғлиқ низолар 1837 тага;

меҳнат низолари билан боғлиқ низолар 33 тага;

алоҳида тартибда кўрилган бошқа ишлар билан боғлиқ низолар 38 тага кўпайган.

2022 йил 9 ойи мобайнида жами 1413 та никоҳдан ажратиш билан боғлиқ ишлар кўрилган бўлиб, 792 таси қаноатлантирилган, 291 таси рад қилинган, 184 таси кўрмасдан қолдирилган, 146 таси иш юритувдан тугатилган.

Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан никоҳдан ажратиш билан боғлиқ ишлар сони 122 тага ёки 7,9 фоизга камайган.

 

Иқтисодий  ишлар бўйича

 

Навоий вилоят иқтисодий судлари томонидан жами 5673 та иқтисодий ишлар кўриб чиқилган.

Кўрилган ишларнинг 1843 таси ёки 32,4 фоизи фуқаролик ҳуқуқий муносабатларга оид, 3456 таси ёки 60,9 фоизи маъмурий ҳуқуқий муносабатларга оид, 247 таси ёки 4,3 фоизи банкротликка оид, 126 таси ёки 2,2 фоизи корпоратив муносабатларга оид ишларни ташкил этган.

Судлар томонидан кўрилган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3260 тага ёки 74 фоизга кўпайган.

Ҳал этилган ишлар бўйича 548,6 млрд. сўм миқдоридаги қарз ва етказилган моддий зарарларни даъвогарлар фойдасига ундириш ҳақида қарорлар қабул қилинган. Шундан хусусий тадбиркорлар ва кичик бизнес субъектларнинг фойдасига 41,6 млрд. сўм ундирилган.