Иқтисодий суд судьялари тадбиркорлар билан учрашди
Навоий вилояти суди судьяси С.Жакеев ҳамда Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди раиси Ш.Хамидов томонидан Навбаҳор туман Давлат солиқ бўлими маъмурий биносида “Тадбиркорлар куни” муносабати билан тумандаги етакчи тадбиркорлар билан учрашув ўтказилди.
Тадбирда чет эл инвесторлар, маҳаллий тадбиркорлар, солиқ ва божхона органлари ва корхона ходимлари иштирок этди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлда қабул қилинган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида фуқароларнинг одил судловга бўлган ҳуқуқини амалда таъминлаш билан боғлиқ долзарб муаммоларга алоҳида эътибор қаратилганлигини, шу мақсадда 2021 йил 12 январда “Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинганлигини, йирик инвестор ва рақобатга оид ишлар бўйича тарафларнинг хоҳишига кўра, ушбу тоифадаги ишлар Олий суднинг инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича судлов таркиби томонидан кўрилиши, қолган инвестициявий низолар инвесторларнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар суди томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши белгиланганлиги борасида тушунтиришлар берилди.
Статистик маълумотларга кўра, 2021 йилда инвестициявий низоларга оид ишлар сони 20 тани ташкил этиб, шундан 6 таси (30 фоизи) қаноатлантирилган бўлса, 14 таси (70 фоизи) қаноатлантиришдан рад этилган.
2022 йилнинг олти ойлик даврида мазкур тоифадаги кўрилган ишлар сони 22 тани ташкил этган, шундан 5 таси (22,7 фоизи) қаноатлантирилган, 14 таси (63,6 фоизи) қаноатлантиришдан рад этилган ҳамда 3 таси (13,6 фоизи) кўрмасдан қолдирилган.
Шунингдек, Давлат раҳбарининг суд соҳасида қабул қилинган Фармонлари билан янги суд тизими яратилганлиги, замонавий ахборот-технологиялар суд соҳасига кенг кириб келганлиги, суд жараёнини видеоконференцалоқа режимида ўтказилаётганлиги, соддалаштирилган тартибда иш кўриш, судгача мажлис ўтказиш, низоларни ҳал қилишнинг муқобил механизмларини такомиллаштириш (медиация, арбитраж), иш кўришни кейинга қолдиришга оид, шунингдек, тадбиркорлик субъектларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, коррупция ва бюрократик тўсиқлар бартараф этиш, хусусий мулк даҳлсизлигини таъминлаш масалалари бўйича тушунтиришлар берилди.
Йиғилиш якунида судьялар тадбиркорларни қизиқтирган саволларига жавоб беришди.
Сабит Жакеев
Навоий вилоят судининг судьяси