Коррупциянинг олдини олиш долзарб вазифа
Навоий вилоят суди судьялари ташаббуси билан вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув курсида маҳалла фуқаролар йиғини раислари, ҳокимликнинг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосарлари иштирокида “Коррупция ҳамда зўравонликнинг олдини олишда фуқаролар йиғинлари ходимлари олдида турган вазифалар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
“Коррупция” ҳамда “Хотин-қизларга нисбатан зўравонлик” мавзуси кейинги пайтларда долзарб аҳамият касб этмоқда. Мазкур иллатларга нисбатан одамларда кўникма шаклланиб қолишининг олдини олиш ва унга қарши курашнинг самарали йўлларини топиш бу борада асосий мақсадлардан бири саналади.
Тадбирда сўзга чиққанлар “Коррупция жиноят қонунчилигида ўзи мустақил жиноят таркиби бўлмай, балки бир қатор мансабга оид жиноятларни қамраб олувчи умумлашган тушунча эканлиги, унинг таркибига мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, ҳокимият ҳаракатсизлиги, пора олиш, бериш ва бошқа бир қатор жиноятлар кириши, коррупция, энг аввало, инсон ҳуқуқларини таъминлашга монелик қилиб, ижтимоий тенгсизликни келтириб чиқариши ва фуқароларнинг давлат бошқаруви идораларига бўлган ишончини йўқолишига олиб келиб, уюшган жиноятчиликнинг авж олишига замин яратиши ва инсонларнинг хавфсизлигига таҳдид солишини таъеидлади.
Шунингдек, семинарда жорий йилнинг 25 ноябрь – 10 декабрь кунлари зўравонликка қарши курашишга қаритилган 16 кунлик кампания ўтказилаётгани, унда суд тизими ходимлари ҳам фаол иштирок этиб, ислоҳотларни кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган ҳар қандай тадбир аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Семинарда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамияти ҳақида тайёрланган слайд ва видеороликлар орқали тингловчилар эътиборига етказилди.
Учрашув якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.