Қидирув:

Навбатдаги сайёр қабул ва тарғибот тадбири тафсилотлари

Навбаҳор тумани “Бурқут” маҳалла фуқаролар йиғини биносида Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди раиси Б.Джумаев, Навбаҳор туманлараро фуқаролик суди раиси А.Хамраев, жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман суди раиси А.Саъдуллаевлар томонидан сайёр қабул ва очиқ мулоқот учрашуви ўтказилди.

Ушбу сайёр қабул ва очиқ мулоқот давомида суд раислари томонидан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Сайёр қабулда суд ҳуқуқ соҳасида қонунчиликка киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, уларнинг мазмун моҳияти ва аҳамияти тўғрисида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига маърузалар қилинди.

Сайёр қабул давомида суд раислари янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мазмун-моҳияти, судҳуқуқ соҳасида қонунчиликка киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, уларнинг мазмун моҳияти ва аҳамияти, одам савдоси жинояти, болалаларни мажбурий меҳнатга жалб қилиниши ҳуқуқбузарликлари, болаларга ҳимоя ордери бериш тартиби тўғрисида аҳолининг ҳуқуқий хабардорлиги оширилди.

Хусусан, Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди раиси Б.Джумаев томонидан Оʻзбекистон Республикасининг 2024-йил 15-ноябрдаги ЎРҚ-997-сонли қонуни тўғрисида фикр юритар экан, ушбу қонун билан Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Фуқаролик-процессуал, Иқтисодий-процессуал кодексларига ўзгартиришлар киритилганлигини, жумладан, Фуқаролик-процессуал кодекси 232-боб билан тўлдирилиб, бу бобда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, давлат мулкида бўлган ер участкасини қайтариш, ўзбошимчалик билан қурилган иморатни бузиб ташлаш тўғрисидаги ишларни юритишнинг ўзига хос хусусиятлари белгиланганлиги ҳақида маълумот бериб ўтилди.

Ўз навбатида, сайёр қабул давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан 2023-йилдаги очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш
чора-тадбирлари тўғрисида”ги 292-сонли қарори ҳамда
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига кредит мажбуриятларини бажариш тартибини такомиллаштириш ҳамда аҳолининг микромолиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг мазмун моҳияти юзасидан ҳам тушунтиришлар бериб ўтилди.

Шунингдек, учрашув давомида судларга даъво аризаси киритиш тартиби, илова этиладиган ҳужжатлар ҳамда давлат божи миқдори, давлат божи тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш тартиби, қандай ҳолларда давлат божи тўламасдан судга даъво аризаси киритилиши бўйича ҳам ҳуқуқий ахборотлар берилди.

                                                                         Джумаев Бекзод,

                                                   Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди раиси

 

Хамраев Акрам,

                                                   Навбаҳор туманлараро фуқаролик суди раиси

 

Сайдуллаев Алишер,

                                                 Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман суди раиси 

Спорт – соғлик гарови

Учқудуқ туманида спортнинг мини-футбол тури бўйича тумандаги 10 дан ортиқ корхона-ташкилотларда фаолият олиб бораётган ёшлар ҳамда фахрийлар ўртасида Учқудуқ туман судлари кубоги мусобақаси Учқудуқ тумани Касб-ҳунар мактаби спорт залида Учқудуқ туман спорт мактаби ҳамда ҳамкор ташкилотлар ташаббуси билан ташкиллаштирилди,

Қизғин ва баҳсларга бой тарзда ўткан мусобоқада 1-ўринни ГТР жамоаси, 2-ўринни Туман ҳокимлиги жамоаси ва 3-ўрин тадбиркорлар жамоасига насиб этди, спорт мусобақасида яхши натижа кўрсатган иштирокчилар диплом, эсдалик совғалар ва кубог билан тақдирланди.

Бу каби спорт мусобоқаларини ташкил этилиши, ёшларни соғлом турмуш тарзига етаклаш билан бирга, келажакда соҳа вақиллари орасидан спорт усталари етишиб чиқиш имкониятини ҳам янада оширади.

 

Курбонов Акмал,

Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг тергов судьялари С.Болтаев ва У.Исмаиловлар томондан судларда жорий этилган янги тергов судьяси институтининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти кенг жамоатчиликка етказилди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда «Инсон шаъни ва қадр-қиммати йўлида» тамойили асосида Янги Ўзбекистонни барпо этиш борасида, жумладан, демократия ва ижтимоий адолат тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам туб ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 июндаги “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-89-сонли фармонида 2025 йил 1 январдан бошлаб жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар — тергов судьялари томонидан кўриб чиқилиши тартибини жорий этиш; жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозимини киритиш; жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида тергов судьяси томонидан процессуал қарорларга берилган санкциялар фақатгина апелляция инстанциясида Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан якка тартибда қайта кўриб чиқилиши тартибини белгилаш; тергов судьяларига маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини бериш; тергов судьялари томонидан кўриб чиқиладиган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юқори инстанцияларда қайта кўриб чиқишнинг амалдаги тартибини сақлаб қолиш кўрсаиб ўтилган.

Фармонга асосан, тергов судьясига: қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш билан боғлиқ илтимоснома; қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш масалалари билан боғлик, илтимоснома; паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимоснома; мурдани эксгумация қилиш ҳақидаги илтимоснома; почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш тўғрисидаги илтимоснома; тинтув ўтказиш ҳақидаги илтимоснома; телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш ҳақидаги илтимоснома; мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқиш ваколатини бериш, шунингдек, айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги илтимоснома; шахсни тиббий муассасага жойлаштириш ҳақидаги илтимоснома; айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномаси; ушлаб туриш муддатини қирқ саккиз соатга қадар узайтириш тўғрисидаги илтимоснома; прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги илтимосномасини кўриб чиқиш ваколатини берилган.

Қуйидагилар, яъни қонунчиликда белгиланган тартибда тергов судьясига юклатилган вазифаларни адолатли ва холисона бажариш; қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлаш; фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини суд йўли билан самарали ҳимоя қилиш тергов судьяси фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланган.

 

Болтаев Суннатжон,

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг тергов судьяси

 

Исмаилов Улуғбек,

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг тергов судьяси

Тергов судьяси: янги институт

Мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари замирида аввало, инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини кафолатли таъминлаш каби эзгу мақсадлар мужассам.

Шу йилнинг 10 июнь куни имзоланган «Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармони судлар фаолиятида очиқлик, шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Мазкур фармонга мувофиқ Судьялар олий кенгашига Олий суд билан биргаликда 2025 йил 1 январига қадар тергов судьяси лавозими жорий этиладиган судларнинг юқори малакали ва масъулиятли кадрлар билан таъминлаш вазифаси юклатилди.

Демак, 2025 йил 1 январдан бошлаб жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларида иш бошлайдиган тергов судьялари жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масалалари — қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш, паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш, мурдани эксгумация қилиш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш, ушлаб туриш муддатини 48 соатга қадар узайтириш ҳамда прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатмаларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги илтимосномаларини кўриб чиқади. Шунингдек, тергов судьяларига маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни кўриб чиқиш ваколати ҳам юклатилмоқда. Бу орқали жиноят ишлари бўйича биринчи инстанция суди судьялари ўртасида иш ҳажми мутаносиблиги таъминланади.

Қолаверса, бу жиноят ишларини кўриш жараёнида иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатларни синчковлик билан тўлиқ ва холисона текшириб чиқиш, судланувчиларнинг барча важларини текшириш ва тарафлар томонидан келтирилган илтимосномаларни батафсил кўриб чиқишга мустаҳкам ҳуқуқий замин яратади.

Энг асосийси, Фармонда тергов судьяси ўз фаолиятини мустақил амалга ошириб, фақат қонунга бўйсуниши ҳамда тергов судьясига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўйилмаслиги белгиланди.

Қисқаси, суд-ҳуқуқ тизимидаги бу муҳим ўзгартиришлар фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, жиноят ишлари бўйича судларнинг иш юкламасини камайтириш ҳамда судьяларнинг жиноят ишларини кўриб чиқиш жараёнларида қонуний, асосли ва адолатли қарор қабул қилиши учун кенг имкониятлар яратади.

 

Улуғбек Исмаилов,

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг тергов судьяси

Интизомий жазо чораси ва уни қўллаш муддатлари

Меҳнат муносабатига киришган ҳар бир шахс ўзига юклатилган вазифаларни виждонан бажариши, корхонада ўрнатилган тартибларга ва техника хавфсизлиги талабларига амал қилиши лозим. Акс ҳолда иш берувчи меҳнат интизомини бузган ходимга интизомий жазо чораларини қўллашга ҳақлидир.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 312-моддасида, меҳнат интизомини бузганлиги учун иш берувчи ходимга қандай интизомий жазо чораларини қўллашга ҳақлилиги кўрсатилган:

1) ҳайфсан;

2) ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима. Ички меҳнат тартиби қоидаларида ходимга ўртача ойлик иш ҳақининг эллик фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима солиниши ҳоллари назарда тутилиши мумкин. Ходимга ўртача ойлик иш ҳақининг эллик фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима интизомий жазосини қўллашда иш берувчи корхона ички меҳнат тартиби қоидаларида ходимга ўртача ойлик иш ҳақининг эллик фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима интизомий жазоси қўлланилиши белгиланганлигига аҳамият бериши лозим. Акс ҳолда иш берувчининг интизомий жазо чорасини қўллаш тўғрисидаги буйруғи қонун талабларига зид ҳисобланади.

3) меҳнат шартномасини бекор қилиш. Ушбу Кодексда, бошқа қонунларда, интизом тўғрисидаги уставлар ёки низомларда назарда тутилмаган интизомий жазо чораларини қўллашга йўл қўйилмайди.

Шунингдек, иш берувчилар ҳам ходимга интизомий жазо чорасини қўллашда қонун талабларига амал қилиши лозим. Иш берувчи ходимдан интизомий жазо чораси қўлланилгунига қадар ёзма тушунтиришни талаб қилиши, шу жумладан, агар интизомий қилмиш хизмат текшируви натижаларига кўра аниқланган бўлса, талаб қилиши шарт. Ходимнинг ёзма тушунтириш тақдим этишни рад этганлиги интизомий жазо чораси қўлланилиши учун монелик қилмайди ва ҳозир бўлган гувоҳлар кўрсатилган ҳолда далолатнома билан расмийлаштирилади. Ҳар бир интизомий қилмиш учун фақат битта интизомий жазо чораси қўлланилиши мумкин. Интизомий жазо чорасини танлаш ҳуқуқи иш берувчига тегишлидир. Интизомий жазо чорасини қўллашда содир этилган қилмишнинг оғир-енгиллиги, унинг содир этилиши ҳолатлари, ходимнинг аввалги иши ва хулқ-атвори ҳисобга олинади. Ходимга интизомий жазо чорасини қўллаш иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Иш берувчининг ходимга нисбатан интизомий жазо чорасини қўллаш тўғрисидаги буйруғи қабул қилинган кундан эътиборан уч иш куни ичида, ходим ишда бўлмаган вақт ҳисобга олинмасдан, унга жазонинг сабаблари кўрсатилган ҳолда имзо қўйдириб эълон қилинади. Ўзига нисбатан интизомий жазо чорасини қўллаш ҳақидаги буйруқ билан таништирилмаган ходим интизомий жазоси бўлмаган деб ҳисобланади. Ходимнинг ўзига нисбатан интизомий жазо чорасини қўллаш тўғрисидаги буйруқ билан танишишни рад этиши ҳозир бўлган гувоҳлар кўрсатилган ҳолда далолатнома билан расмийлаштирилади. Бундай ҳолда ходим буйруқ билан таништирилган деб ҳисобланади.

Интизомий жазо интизомий қилмиш аниқланганидан кейин дарҳол, бироқ аниқланган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай қўлланилади, бунда ходим вақтинча ишга лаёқатсиз бўлган ёки таътилда бўлган давр ҳисобга олинмайди. Хизмат текшируви натижалари тўғрисидаги далолатнома комиссия томонидан имзоланган кун хизмат текшируви натижалари бўйича аниқланган интизомий қилмиш аниқланган кун деб ҳисобланади. Интизомий жазо интизомий қилмиш содир этилган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай, тафтиш ёки молия-хўжалик фаолиятини текшириш ёхуд аудиторлик текшируви натижаларига кўра эса, у содир этилган кундан эътиборан икки йилдан кечиктирмай қўлланилиши мумкин. Ушбу муддатларга жиноят ишини юритиш вақти киритилмайди.

 

 

 

Жумаев Анвар,

Фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси

Иқтисодий судларда суд ҳужжатларини ижро этишнинг ўзига хос хусусиятлари

Бош Қомусимиз бўлган Конституциямизда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади эканлиги, давлат инсон ҳамда фуқаронинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаши белгиланган.

Дарҳақиқат, инсон ҳамда фуқаронинг Конституция ва қонунларда белгиланган ҳуқуқларини мустаҳкамлаш, уларни ишончли ҳимоя қилиш, шу жумладан, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари амалга оширилишини кафолатлаш, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, одил судловнинг самарадорлигини, халқимизнинг суд органларига нисбатан ишончи ва ҳурматини ошириш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Маълумки, суд томонидан қабул қилинадиган суд ҳужжатлари қатъий ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида бажарилиши мажбурийдир.

Хусусан, суд томонидан қабул қилинадиган суд ҳужжатлари ижросини қонуний муддатларда таъминлаш ўта муҳим бўлиб, суд қарорларининг ижросини ўз вақтида бажарилиши фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ортишига ҳамда суд ҳокимиятининг нуфузини янада юксалишига хизмат қилади.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси (кейинги ўринларда матнда ИПК деб юритилади)нинг 15-моддасига мувофиқ, қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари барча давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа органлар, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир ҳамда ушбу ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши лозим.

Амалдаги, ИПКнинг 192-моддасига  асосан ҳал қилув қарори, агар унинг устидан апелляция тартибида шикоят қилинмаган (протест келтирилмаган) бўлса, у қабул қилинган кундан эътиборан бир ойлик муддат ўтгач, қонуний кучга киради. Апелляция шикояти (протести) берилган тақдирда ҳал қилув қарори, агар у бекор қилинмаган бўлса, апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.

Демак, ҳал қилув қарори ижро этилишининг асосий шарти унинг қонуний кучга кирганлиги ҳамда бекор қилинмаганлиги ҳисобланади.

Шунингдек, агар ушбу Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, суд ҳужжатининг ижроси суд томонидан бериладиган ижро варақаси асосида амалга оширилади.

Ушбу кодекснинг 335-моддасига кўра, суд томонидан берилган, ундирувчининг суд ҳужжатини мажбурий тартибда ижро эттириш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат ижро варақаси ҳисобланади.

ИПКнинг 336-моддасида белгиланганидек, суд ҳужжати бўйича битта ижро варақаси берилади, бундан ушбу Кодексда назарда тутилган ҳоллар мустасно. Агар суд ҳужжатини ижро этиш турли жойларда ёхуд бир нечта ундирувчи фойдасига амалга оширилиши керак бўлса, суд ундирувчиларнинг илтимосига кўра ижро этиш жойи ёхуд суд ҳужжатининг ушбу ижро варақаси бўйича ижро этилиши лозим бўлган қисмини кўрсатган ҳолда бир нечта ижро варақасини беради. Ижро варақаси суд ҳужжатини қабул қилган суд томонидан берилади. Суд ҳужжати қонуний кучга кирганидан сўнг беш кун ичида ижро варақаси ундирувчига берилади ёки унинг илтимосномасига кўра давлат ижрочисига ижро этиш учун юборилади. Бюджетга маблағларни ундириш учун ижро варақаси қарздор турган жойдаги давлат ижрочисига суд ҳужжати қонуний кучга кирганидан сўнг беш кун ичида юборилиб, ижро варақа мазмуни ИПКда белгиланган талабларга жавоб бериши лозим.

Бундан ташқари, ИПКнинг 338-моддасига асосан суд ҳужжати қонуний кучга кирган кундан эътиборан ёки суд ҳужжатининг ижроси кечиктирилган ёки бўлиб бўлиб ижро этилган тақдирда, муддат тугаган кундан эътиборан уч йил ичида ижрога тақдим этилиши мумкин. Агар суд ҳужжатининг ижроси тўхтатиб қўйилган бўлса, унинг ижроси тўхтатиб қўйилган вақт ижро варақасини ижрога тақдим этиш учун белгиланган муддатга қўшиб ҳисобланмайди.

Статистик маълумотларни таҳлил қилсак, Учқудуқ туман иқтисодий суди томонидан 2024 йил давомида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг тегишли туман (шаҳар) бўлимларига жами 572,3 млн. сўмлик 311 та ижро варақалар юборилган бўлиб, шундан 460,8 млн. сўмлик 228 та ижро варақаларнинг ижроси амалда  таъминланган.

Эътиборли жиҳатларидан яна бири шундаки, суд ҳужжатларини ижроси билан боғлиқ аризаларни судлар томонидан кўриб чиққанлик учун давлат божи ундирилмайди, манфаатдор шахс, асосан ундирувчи ариза ва унга зарур ҳужжатларни илова қилинишининг ўзи етарли ҳисобланади.

Хулоса қилиб айтганда, суд ҳужжатларини ўз вақтида ижросини таъминлаш, адолат ва қонун устуворлигини таъминлашнинг муҳим мезонларидан бири ҳисобланади ҳамда фуқароларнинг суд ҳокимиятига ишончини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга замин яратади.

 

Турдиев Дилшод,

Учқудуқ туман иқтисодий судининг раиси

Меҳнатлар самараси эътироф этилди

Судьялар Олий кенгашининг қарори билан 2024 йилдаги рейтинг кўрсаткичлар бўйича энг яхши 18 нафар судьялар «Ибратли судья» мукофоти ва 8 нафар судьяларнинг ота-онаси ташаккурнома билан тақдирланди.

Шулардан 3 нафари Олий суд судьялари, 15 нафари ҳудудий судларда фаолият юритадиган судьялардир.

Совриндорларга Судьялар Олий кенгаши томонидан тайёрланган эсдалик совғалари топширилди.

Мукофотланганлар орасида жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг раиси Алиқулов Баҳодир Арсланович ҳам бор.

Шунингдек, Навоий вилоят судининг иқтисодий судлов ҳайъати судьяси Жакеев Сабит Калдибековичнинг онаси Сайтбаева Рахима Эшимбетовна ташаккурнома билан тақдирланди.

Навоий вилояти суди жамоаси Баҳодир Арсланович ҳамда Сабит Калдибековичнинг келгусидаги фаолиятида улкан мувоффақиятлар тилаб, одил судловни амалга оширишда ҳамиша омад ёр бўлишини тилаб қолади.

 

 

Навоий вилоят суди матбуот хизмати

Навоий вилоят суди ходимларининг яқин-қариндошлари билан учрашув ўтказилди

Учрашув кун тартибидан Олий суд Раёсатининг 2024 йил 27 январдаги «Республика судларининг 2023 йилда одил судловни амалга ошириш ва суд тизимини янада такомиллаштириш борасидаги фаолияти ҳамда келгусидаги вазифалари тўғрисида» ги РС 06-24 сонли қарорининг 13-банди юзасидан очиқ мулоқот шаклида очиқ ва самимий мулоқот ўрин олди.

Жумладан, суд ходими ўз хизмат фаолиятида ва хизмат доирасидан ташқарида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига риоя қилиши, “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига, унинг ҳуқуқий ҳолатини белгиловчи бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, Олий суд раисининг буйруқлари ва фармойишларида белгиланган юриш-туриш қоидаларига амал қилиши, хизмат вазифалари билан боғлиқ ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган чеклашлар ва тақиқларга риоя этиши, ҳар қандай вазиятда ҳам ўз қадр-қимматини сақлаши, ўз шаънини қадрлаши, суд ҳокимияти нуфузини тушириши, суднинг обрўсига зиён етказиши мумкин бўлган ҳар бир нарсадан ўзини тийиши шартлиги таъкидланди.

Суд аппарати ходими фуқародан таъмагирлик қилишга ҳаққи йўқ. Шунингдек, шахсий, оилавий, ижтимоий ёки бошқа муносабатлар унинг хизматдаги хулқ-атворига, у томонидан қабул қилинаётган қарорларга таъсир этишига йўл қўймаслиги керак, ҳақиқатдан ҳам суд ходими ўз хизмат мавқеидан шахсий фойда олиш ёки бошқа шахслар манфаатини қаноатлантириш мақсадида фойдаланиши мумкин эмас.

Шунингдек, учрашувда суд аппарати ходими ўз хизмат вазифаларини мансаб йўриқномасига мувофиқ юқори профессионал даражада ҳалол ва виждонан бажариши лозим. У хизмат вазифаларини бажариш билан боғлиқ муайян ҳаракатларни ўз вақтида ва самарали ҳал этиши, бунда мустақиллик, юқори даражада ташкилотчилик, талабчанлик ва принципиаллик намоён этиши лозимлги ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.

  

Вилоят суди матбуот хизмати

Иқтисодий судларда соддалаштирилган тартибда иш юритиш

Маълумки, иқтисодий судга иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар ҳамда юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тартибда олган фуқаролар ўртасидаги фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан юзага келадиган низоларга доир ҳамда бошқа ишлар тааллуқли ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (кейинги ўринларда матнда ИПК деб юритилади)нинг 231-боби “Соддалаштирилган тартибда иш юритиш” деб номланади.

Хўш, қандай ишлар соддалаштирилган тартибда кўриб чиқилиши мумкин.

ИПКнинг 2032-моддаси биринчи қисмига кўра, агар даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан — базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан эса — беш бараваридан ошмаса, даъво аризалари бўйича ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши лозим.

Мазкур модданинг тўртинчи қисмига мувофиқ, агар ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш чоғида учинчи шахснинг ишга киришиш тўғрисидаги илтимосномаси қаноатлантирилган, ушбу бобда белгиланган қоидалар бўйича кўриб чиқилиши мумкин бўлмаган қарши даъво қабул қилинган бўлса ёхуд агар суд қуйидагилар хусусида, шу жумладан тарафлардан бирининг илтимосномасига кўра қуйидагилар хусусида хулосага келса, суд ишни даъво ишини юритишнинг умумий қоидалари бўйича кўриш ҳақида ажрим чиқаради:

1) ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш давлат сирининг, тижорат сирининг ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирнинг ошкор қилинишига олиб келиши мумкин бўлса;

2) қўшимча ҳолатларни аниқлаш ёки қўшимча далилларни текшириш, шунингдек далилларни улар турган жойда кўздан кечириш ва текшириш, экспертиза тайинлаш ёки гувоҳларнинг кўрсатувларини эшитиш зарур бўлса;

3) билдирилган талаб бошқа талаблар билан боғлиқ бўлса, шу жумладан учинчи шахсларга тааллуқли бўлса ёки мазкур иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжати билан учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилиши мумкин бўлса.

Агар юқорида кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлмаса, даъвогарнинг илтимосномасига кўра, жавобгарнинг розилиги билан бошқа ишлар ҳам соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши мумкин.

Корпоратив низолар бўйича ишлар, ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилмайди.

Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиладиган иш бўйича даъво аризаси ушбу Кодекснинг 149-моддасида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлиши керак ҳамда даъво аризасига ИПКнинг 151-моддасида назарда тутилган ҳужжатлар илова қилинади.

Шунингдек, ИПКнинг 2034-моддасига асосан мазкур тоифадаги ишлар даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан йигирма кундан ошмаган муддатда даъво аризаси юзасидан ёзма фикрни, далилларни ҳамда бошқа ҳужжатларни тақдим этиш учун белгиланган муддат ўтганидан кейин судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.

Ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш муддати узайтирилмайди.

Суд соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги ишни суд муҳокамасини ўтказмасдан, тарафларни чақиртирмасдан ва уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан кўриб чиқади.

ИПКнинг 2035-моддасига асосан, соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори ушбу Кодексда назарда тутилган умумий қоидаларга кўра суд томонидан қабул қилинади ҳамда ҳал қилув қарори, агар апелляция шикояти (протести) берилмаган бўлса, қабул қилинганидан кейин ўн кун ўтгач қонуний кучга киради.

Апелляция шикояти (протести) берилган тақдирда ҳал қилув қарори, агар у бекор қилинмаган бўлса, апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, ишларни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриш, тарафларнинг қимматли вақтларини тежашга ҳамда уларнинг ортиқча оворагарчилигини олдини олишга хизмат қилади.

 

 

Дилшод Турдиев,

Учқудуқ туман иқтисодий судининг раиси 

Навбатдаги сайёр қабул ва тарғибот тадбири тафсилотлари

Навбаҳор тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими биносида Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди раиси Б.Джумаев, Навбаҳор туманлараро фуқаролик суди судьялари Ғ.Якубов, А.Бахронов томонидан мактабгача ҳамда мактаб таълим муассасалари директорларининг сайёр қабули ва давра суҳбати ўтказилди.

Ушбу сайёр қабул ва давра суҳбати давомида судьялар томонидан мактабгача ҳамда мактаб таълим муассасалари директорларининг мурожаатларига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Сайёр учрашувда суд ҳуқуқ соҳасида қонунчиликка киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, уларнинг мазмун моҳияти ва аҳамияти тўғрисида маърузалар қилинди.

Учрашув давомида, судьялар давлат томонидан педагог ходимлар фаолияти кафолатланганлигини, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 1975-моддасига мувофиқ, таълим ташкилоти педагог ходимининг касбий фаолиятига таълим олувчиларнинг билимини тўғри ва холис баҳолашига таъсир кўрсатиш билан ифодаланган тарзда қонунга хилоф равишда аралашиш ёки таълим ташкилоти педагог ходимининг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг етти бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши тўғрисида маълум қилишди.

Иқтисодий процессуал кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида сўз юритилар экан, 2024 йил 21 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига рақамли далиллар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1003-сонли Қонуни билан қўшимчалар киритилганлигини, жумладан, электрон маълумотлар электрон қурилмалардан ва ахборот тизимларидан, шунингдек ахборот технологияларидан фойдаланган холда яратиладиган, ишлов бериладиган хамда сақланадиган маълумотлар эканлигини, иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган электрон маълумотлар, шу жумладан электрон тарздаги файллар, аудио-, видеоёзувлар, Интернет жаҳон ахборот тармоғида сақланаётган маълумотлар, шунингдек бошқа электрон маълумотлар рақамли далиллар эканлигини назарда тутувчи қўшимча моддалар билан тўлдирилганлиги ҳақида маълумот бериб ўтдилар.

Ўз навбатида, Навбаҳор тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими ва туманда жойлашган судлар, жумладан, Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди, фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро суди, жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман суди ўртасида меморандум имзоланди. Меморандумга кўра, 2025 йил давомида суд раислари ва судьялар томонидан Навбаҳор туманида жойлашган 37 та мактабда амалий дарс машғулотлари ўтказишга келишилди. Мактаб ёшларини амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлардан боҳабар қилиб бориш, суд-ҳуқуқ соҳасига бўлган қизиқишларини янада ошириш меморандумнинг устувор вазифаси этиб белгиланди.

Шунингдек, учрашув давомида болаларга ҳимоя ордер бериш тартиби, зўравонликдан жабр кўраётган болаларга шикоят қилишнинг махфий, болалар учун дўстона меҳанизмлари тўғрисида, болаларни мажбурий меҳнатга жалб қилганлик ҳамда одам савдоси жиноий хатти-ҳаракати учун жавобгарлик муқаррарлиги, судларга даъво ариза, ариза киритиш тартиби бўйича ҳам тушунтиришлар берилди.

 

                                                                         Джумаев Бекзод,

                                                  Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди раиси 

Skip to content