Меҳнат қонунчилиги амалда қўлланилмоқда!!!

Фуқаролик ишлари Хатирчи туман судига жорий йилнинг февраль ойида ундирувчи Хатирчи туман адлия бўлими томонидан фуқаролар манфаатида қарздор Хатирчи туман Ирригация бўлимига нисбатан тўланмай қолган устама пулларини ундириш бўйича 57 нафар фуқаронинг манфаатида судга киритилган аризалари кўриб чиқилди.

Мазкур ишлар ўрганилганда қарздор Хатирчи туман Ирригация бўлими томонидан қонунбузилиш ҳолатларига  йўл қуйилиб, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида белгиланган иш берувчининг мажбуриятлари бажарилмасдан келинган.

Вахоланки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги 573-сонли Қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги Вазирлиги тўғрисида”ги Низомда ходимларга  ойлик иш ҳақлари билан бирга қўшимча тарзда устама ва рағбатлантирилиши белгиланганлиги, Низомнинг 2-бандида эса давлат бошқарувчи органлари хизматчилари учун қонунчиликда белгиланган миқдорда лавозим маошига устамалар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджет маблағлари ҳисобидан тўланиши лозимлиги белгиланган.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 03 июлдаги “Давлат хизматчиларининг лавозим маошларига йигирма фоизли устама ҳақ белгилаш тўғрисида”ги 339-сон Қарорига кўра давлат хизматчиларининг лавозимлар рўйхатига мувофиқ 1997 йил 1 июлдан бошлаб бюджет маблағ билан таъминланадиган давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари  ва судларнинг давлат хизматчилари лавозим маошларига 20 фоизли устама ҳақ белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 244-моддасида иш берувчининг ўз молиявий аҳволидан қатъий назар, қонунчиликда меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда, меҳнат шартномасида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартларига мувофиқ ходимлар томонидан бажарилган иш учун ҳақ тўлашни амалга ошириш мажбуриятини мустаҳкамлаб қўйиш шартлиги кўрсатиб ўтилган.

Натижада мазкур аризалар қаноатлантирилиб, 57 нафар фуқаронинг фойдасига Хатирчи туман Ирригация бўлимидан 572.509.392 (беш юз етмиш икки миллион, беш юз тўққиз минг, уч юз тўқсон икки) сўм устама пуллари фуқаролар фойдасига ундириб бериш белгиланди.

Бундан кўринадики, 57 нафар фуқаронинг устама пуллари йиллар давомида тўланмасдан келинганлиги, уларнинг бу ҳуқуқлари ташкилот томонидан паймол қилиб келинган.

 

Зарифжон Утамуродов,

Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман суди судяси.