Қидирув:

Атроф-табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш – фуқаролик бурчимиздир

Инсоният тарихида техниканинг тараққий этиши, турли хилдаги ихтиролар, саноатнинг ривожланиши инсонлар ҳаёти ва мамлакатлар тараққиётида муҳим ўрин эгаллаган бўлиши билан бир қаторда, инсон ва табиат ўртасидаги муносабатларга ҳам ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмади.

Буни сўнги йилларда кузатилаётган ҳавонинг меъёридан ортиқ исиши ва ифлосланиши, чўллашиш даражасининг ортиши, сув танқислиги, чанг бўронларнинг, ҳатто йилнинг қиш фаслида ҳам кўплаб содир бўлаётганлигида ҳам англаш мумкин.

Албатта, мазкур тараққиёт қайсидир маънода она табиатнинг софлиги, атроф-муҳитнинг тозалигига ўзининг салбий таъсирини кўрсатаётгани боис ҳозирдан бошлаб инсон ва табиат ўртасидаги нозик муносабат ҳамда мувозанатни мувофиқлаштириш, она табиатни асраб-авайлаш орқали уни келажак авлодга бор софлигича етказишга жиддий эътибор қаратиш энг долзарб масалалардан бири бўлмоқда.

Таъкидлаш жоизки, бу борада миллий қонунчилигимизда ҳам табиат ва атроф-муҳитни асраб-авайлаш, унга қилинган ҳар қандай тажовуз ва ножўя хатти-ҳаракатларга нисбатан қонунда белгиланган чоралар кўриш назарда тутилган.

Хусусан, Конституциямизнинг 62-моддасида, фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбур эканлиги назарда тутилган.

Ушбу Конституциявий нормадан келиб чиқиб, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Экологик экспертиза тўғрисида”ги ҳамда Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунларининг қабул қилинганлиги ҳам атроф-муҳитни асраб-авайлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда. 

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 193-204-моддалари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 65-96-моддаларида тегишли жавобгарлик белгиланиб, жазо чоралари қайд этилган, бундан ташқари, 2021 йил 25 август куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддалари ҳамда бошқа қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, жавобгарлик чоралари янада мустаҳкамланган.

Она табиатга етказилаётган тажовузларни олдини олиш ва уни ҳимоя қилиш борасида ҳам суд амалиётида кўплаб ишлар кўриб чиқилмоқда.

Зеро, Бош қомусимизнинг 68-моддасига кўра, ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир

Шу боис, биз атроф-муҳитга қандай муносабатда бўлсак, она табиат ҳам бизга худди шундай жавоб қайтаради. Шу сабабли, табиат ва атроф-муҳитни асраб-авайлаш ва уни келажак авлодга софлигича етказиш барчамизнинг инсонийлик бурчимиздир.

Албатта, бундай муносабатни ҳар биримиз, энг аввало, ўзимиздан, оиламиздан бошлашимиз лозим, азиз инсонлар!

 

Шерзод Ғофуров,
Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси.

Ривожланган мамлакатларда корпоратив низолар ва уларнини ҳал этиш

Аннотация: Турли мамлакатларда корпоратив муносабатларни тартибга солувчи қонунчилик тизими турлича шаклланган. Бу ушбу давлатлардаги иқтисодий муносабатларнинг, ишлаб чиқариш соҳалари ва ишбилармонлик муҳитининг қай даражада ривожланганлигига боғлиқ. Илғор хорижий давлатларда ушбу соҳаларнинг юксак даражада тараққий этганлиги корпоратив муносабатларнинг кенг тарқалишига замин яратган бўлиб, пировард натижада ушбу давлатларнинг мазкур соҳани тартибга солувчи қонунчилик тизимлари ҳам нисбатан такомиллашган ҳисобланади.

Ушбу мақолада баъзи ривожланган хорижий мамлакатларда корпоратив муносабатларни амалга ошириш жараёнида юзага келадиган низолар ва ушбу мамлакатларнинг бу турдаги низоларни ҳал қилиш борасидаги тажрибалари ҳамда қонунчилик тизими хусусида фикр юритамиз.

Калит сўзлар: корпорация, компания, корпоратив-ҳуқуқий муносабатлар, корпоратив низолар, федерал ва штат (провинция) қонунлари, низоларни ҳал қилишнинг ички механизмлари ва муқобил усуллари, ички назорат органлари, суд жараёнлари.

Хорижий давлатлар қонунчилигида корпоратив низоларни ҳал қилишни кўриб чиқишда ҳуқуқий тизимлар ва ушбу масалага ёндашувлардаги фарқни ҳисобга олиш керак.

Қуйида баъзи хорижий мамлакатларнинг корпоратив муносабатларни тартибга солувчи ва бундай муносабатлар натижасида вужудга келувчи корпоратив низоларни ҳал қилишда қўлланиладиган қонунчилик тизимига тўхталиб ўтамиз.

Америка Қўшма Штатларида корпоратив низолар федерал ва штат даражасида тартибга солинади. Қимматли қоғозлар тўғрисидаги қонун (Securities Act) ва корпорациялар тўғрисидаги қонун (Corporate Act) каби федерал қонунлар корпоратив муносабатлар учун умумий қоидалар ва талабларни белгилайди. Давлат даражасида компаниялар ва тижорат ҳуқуқи тўғрисидаги қонунлар мавжуд бўлиб, улар корпоратив низоларни ҳам тартибга солади. Штат даражасида эса ушбу турдаги низолар мазкур ҳудуд қонуни билан тартибга солинади. Калифорниянинг бизнес корпоратив Қонуни (California Corporations Code) ва Нью-Йоркнинг Масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисидаги Қонунларини (New York Limited Liability Company Law) шунга мисол келтиришимиз мумкин.

Корпорациялар ижтимоий жавобгарлик корпорациянинг эмас, балки давлатнинг зиммасида бўлиши лозим деб ҳисоблашади. Корпорацияларни фуқаролик ҳуқуқий тартибга солиш бўйича ҳозирги уринишлар корпоратив ҳокимиятни чеклаш ўрнига уни таъминлаш учун хизмат қилмоқда. Ишлаб чиқилган қоидалар компаниялар, жамоатчилик ва давлатлар ўртасидаги ўзаро таъсир сценарийсини ўзида мужассам этган деб тахмин қилинади.

Корпорация атамаси одатда ушбу давлат даражасида корпорацияларни тартибга солувчи ҳар бир алоҳида штатнинг қонунчилигига мурожаат қилиш учун ишлатилади. Ҳар бир штатнинг ўзига хос корпоратив қонунчилиги мавжуд бўлиб, у маълум бир штат ичида корпорацияларни яратиш, бошқариш ва фаолият юритиш қоидаларини белгилайди.

Қимматли қоғозлар тўғрисидаги қонун эса, қимматли қоғозлар савдоси билан шуғулланувчи ташкилотларни, шу жумладан биржалар ва брокерларни тартибга солувчи қоидалар ва талабларни белгилайди. Шунингдек, у компанияларнинг ҳисобот бериш ва ошкор қилиш мажбуриятларини белгилайди.

Буюк Британияда корпоратив низолар корпоратив қонун билан тартибга солинади. Қонуннинг асосий манбалари 2006 йилги Компаниялар тўғрисидаги қонун (Companies Act 2006) ва фуқаролик процессуал кодекси (Civil Procedure Rules) ҳисобланади. Корпоратив актда акциядорларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, овоз бериш қоидалари, акциядорлар йиғилишларини чақириш ва ўтказиш тартиби ва бошқалар тўғрисидаги қоидалар мавжуд. Суд жараёнининг қоидалари корпоратив низоларни судда кўриб чиқиш тартиби ва талабларини белгилайди. Қонун ҳужжатларини талқин қилиш ва қўллашда суд амалиёти ва прецедентлари ҳам муҳим рол ўйнайди.

Юқоридаги қонун қабул вақтида ҳажми катта бўлиб, компанияларга тегишли қонун ҳужжатларининг аксарияти  компаниялар ва бизнесни ташкил этиш, директорлар, фирмалар, аудиторлар ва актуарларнинг бўшатишни  таъминлаш кабиларни қамраб олган. Ушбу қонунни қабул қилишда рўйхатдан ўтган компанияларга тегишли қонунчилик қоидалари синчковлик билан қайта кўриб чиқилган бўлиб, 1985 йилдаги компаниялар тўғрисидаги қонун ва бошқа тегишли қонун ҳужжатларининг барча қоидаларини янгилаб берди. 2006 йил ноябр ойидан бошлаб унга қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритилди. Бу эса қонунчилик доимо янги вазиятлар ва муаммоларни ҳал қила олиши, унга мувофиқ бўлиши учун доимий равишда такомиллаштириб, ривожлантириб борилиши зарурлигидан далолат беради.

Корпоратив бошқарув назарияси ва корпоратив мақсадлар ўртасидаги боғлиқлик Буюк Британиядаги қонунчилик ва тартибга солишнинг турли жиҳатларида яққол намоён бўлади. Бу давлат Корпоратив бошқарув кодекси акциядорларнинг узоқ муддатли манфаатларини ҳисобга олган ҳолда компанияни самарали бошқариш тамойилини белгилайди.

Корпоратив мақсадлар ҳақидаги мунозаралар одатда акциядорлар қиймати назарияси ва манфаатдор томонлар назарияларига бўлинади.

Буюк Британиянинг Компаниялар тўғрисидаги қонуни (Companies Act 2006) 172(1)-бўлимида директорлар узоқ муддатли оқибатлар, ходимларнинг манфаатлари, ишбилармонлик муносабатлари, жамият, атроф-муҳит ва адолатли хулқ-атворни ҳисобга олган ҳолда компания ва умуман унинг акциядорлари манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилишлари шартлиги назарда тутилган.

Бу акциядорлар ва манфаатдор томонлар ўртасидаги замонавий кўринишдаги низоларнинг вужудга келиши, шунингдек, акциядорлар қиймати тушунчасидан маърифатли акциядорлар қиймати тушунчасига ўтишга олиб келган сиёсий ва ҳуқуқий ёндашувлар натижаси бўлиб, келажакда корпоратив бошқарув доктринасида ҳам ҳуқуқий, ҳам тартибга солиш даражасида мумкин бўлган ўзгаришлар учун асос яратди.

Германияда корпоратив низолар Фуқаролик кодекси (Bürgerliches Gesetzbuch) ва Тижорат кодекси (Handelsgesetzbuch) билан тартибга солинади. Фуқаролик кодексида корпоратив муносабатлар тўғрисидаги асосий қоидалар, шу жумладан акциядорлар, директорлар ва директорлар кенгашининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари мавжуд. Тижорат кодекси эса тижорат корхоналари билан боғлиқ масалаларни, шу жумладан акциядорлик жамиятларини ташкил этиш ва бошқариш қоидаларини тартибга солади.

Бундан ташқари, корпоратив муносабатларни тартибга солувчи бошқа махсус қонунлар ҳам мавжуд, булар Акциядорлик жамиятлари тўғрисидаги қонун (Aktiengesetz) ва Масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисидаги қонун (Gesetz betreffend die Gesellschaften mit beschränkter Haftung) бўлиб, умумий ҳуқуқий нормаларни маълум даражада тўлдиради ва судларда кўриб чиқиладиган корпоратив низоларни ҳал этишда ҳам ушбу қонунларга мурожаат қилинади.

Германияда Масъулияти чекланган жамият тўғрисидаги қонунда (Gesellschaft mit beschränkter Haftung) корпорациянинг энг кенг тарқалган ва иқтисодий аҳамиятга эга шаклларини ташкил этиш тартиби белгиланган бўлиб, унинг ўн биринчи бобида жамият барча капиталга эга ташкилотлар учун намуна сифатида кўрсатилади. Ушбу бобда пул ёки моддий депозитларни яратиш орқали жамиятни тузиш жараёнлари, компания яратишнинг соддалаштирилган тартиблари назарда тутилган. Бошқа муҳим жиҳатлардан бошқарувчи директорнинг роли, шу жумладан унинг мажбуриятлари, шунингдек жамият аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам белгиланган. Устав капиталини шакллантириш, капитални сақлаш, шунингдек капитални кўпайтириш ва камайтириш жараёнларини тушунтиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Германияда корпоратив низоларни ҳал қилишнинг бир неча вариантлари мавжуд. Улардан баъзилари қуйидагилар:

Компания ичидаги низоларни ҳал қилиш. Жамият иштирокчилари низони музокаралар, компания уставида назарда тутилган бошқа ички тартиб-қоидалар орқали ҳал қилишга ҳаракат қилишлари мумкин.

Арбитраж. Низо тарафлари ишни ҳакамлик суди томонидан кўриб чиқилиши тўғрисида келишиб олишлари мумкин. Арбитраж халқаро арбитраж тўғрисидаги қонунга мувофиқ ёки томонларнинг келишувига биноан ўтказилиши мумкин.

Суд жараёни. Агар низони ички ёки ҳакамлик суди орқали ҳал қилиш мумкин бўлмаса, томонлар фуқаролик судига мурожаат қилишлари мумкин. Энг эътиборлиси шуки, Германияда корпоратив низолар билан шуғулланадиган ихтисослашган судлар мавжуд.

Ички назорат органи. Германиянинг Масъулияти чекланган жамият тўғрисидаги Қонуни компания ичидаги низоларни кўриб чиқиши ва ҳал қилиши мумкин бўлган ички назорат органини яратиш имкониятини назарда тутади. Шунингдек, махсус низоларни ҳал этиш имкониятлари алоҳида ҳолатлар ва ҳар бир жамият устав қоидаларига қараб фарқ қилиши мумкин.

Бошқа хорижий мамлакатлардаги корпоратив низоларни ҳал қилиш ҳам ҳар бир мамлакатнинг тегишли қонунлари ва ҳуқуқий тизимларига асосланади. Масалан, Францияда корпоратив низолар Фуқаролик кодекси (Cоdе civil) ва Тижорат кодекси (Code de commerce), Японияда – Компаниялар тўғрисидаги қонун (Companies Act), Хитойда – Компаниялар тўғрисидаги қонун (Company Law) ва бошқалар билан тартибга солинишини кўришимиз мумкин.

Компаниялар тўғрисидаги қонун Японияда корпоратив низоларни ҳал қилишнинг турли механизмларини тақдим этади. Хусусан:

Компания ичида низони ҳал қилиш. Япония компаниялари тўғрисидаги қонунда компания иштирокчилари ўртасидаги розилик ва ҳамкорлик тамойилига алоҳида эътибор қаратилган. Унда низоларни муҳокама қилиш ва ҳал қилиш мумкин бўлган акциядорлар ва директорлар Кенгашларининг йиғилишларини ўтказиш имконияти кўзда тутилган.

Низоларни ҳал қилишнинг муқобил усуллари. Компаниялар тўғрисидаги қонунга биноан, томонлар ҳакамлик ёки арбитраж каби низоларни ҳал қилишнинг муқобил усулларига ҳам мурожаат қилишлари мумкин. Японияда корпоратив низоларни ҳал этишда қўлланиладиган низоларни муқобил ҳал қилишнинг яхши ривожланган тизими мавжуд.

Суд жараёни. Агар низо ички розилик ёки муқобил усуллар билан ҳал этилмаса, томонлар судга мурожаат қилишлари мумкин. Японияда ҳам корпоратив низоларни кўриб чиқадиган ва амалдаги қонунчилик ва суд амалиёти асосида қарор қабул қилиши мумкин бўлган ихтисослашган судлар мавжуд.

Ички назорат органи. Япониянинг Компаниялар тўғрисидаги қонунида компания ичидаги низоларни кўриб чиқадиган ва ҳал қиладиган ички назорат органини яратиш имконияти ҳам кўзда тутилган.

Шуни таъкидлаш керакки, корпоратив низоларни ҳал қилишнинг ўзига хос механизмлари ҳар бир компаниянинг уставида белгиланиши мумкин ва компаниянинг ҳажми ва турига қараб фарқ қилиши мумкин.

Канадада ҳам АҚШда бўлгани каби корпоратив низолар федерал ва провинция даражасида тартибга солинади.

Федерал қонунчилик Канада бизнес корпорациялари тўғрисидаги қонун (Canada Business Corporations Act) бўлиб, у федерал даражадаги корпоратив муносабатларнинг умумий қоидаларини белгилайди.

Шунингдек, Канаданинг ҳар бир провинцияси федерал қоидаларни тўлдирадиган ўз корпоратив қонунчилигига эга. Масалан, Онтарио бизнес корпорациялари тўғрисидаги қонуни (Ontario Business Corporations Act) ва Квебек бизнес корпорациялари тўғрисидаги қонуни (Quebec Business Corporations Act) шулар жумласига киради.

АҚШ ва Канада корпоратив ҳуқуқи кўплаб умумий хусусиятларга эга бўлсада, уларда муҳим институционал фарқлар мавжуд. Иккала мамлакатда ҳам федерал ва штат (провинция) қонунчилигининг шаклланганлиги ўзаро ўхшаш бўлса, энг сезиларли фарқлардан бири АҚШда корпоратив низоларни ҳал этишда штатлар қонунчилигига кўпроқ мурожаат қилинса, Канадада аксинча, бу каби низоларни ҳал этишда федерал қонунчиликка устунлик берилади.

Олимларнинг корпоратив ҳуқуқда федерализм масаласига катта эътибор беришига қарамай, Канада ва АҚШ ўртасидаги ушбу тарихий фарқлар яхши англаб етилмаган. АҚШда корпоратив низоларни тартибга солувчи штатлар қонунчилигининг мукаммал эканлиги, уларнинг доимий равишда ривожлантирилиб борилиши ва бу борада юрисдикциялар ўртасидаги рақобатнинг кучайиши, одатда тахмин қилинганидек, корпоратив бошқарув масалалари билан эмас, балки штат ва федерал монополияга қарши чекловлардан қочиш истаги билан боғлиқ.

Канадада корпоратив низолар турли механизмлар орқали ҳал қилинади, жумладан:

Суд жараёнлари. Низо тарафлари қарор учун судга мурожаат қилишлари мумкин. Суд жараёнлари томонларга ўз далилларини тақдим этиш ва суддан расмий қарор олиш имкониятини беради.

Низоларни муқобил ҳал қилиш. Медиация ва арбитраж каби низоларни ҳал қилишнинг муқобил усуллари Канадада кенг тарқалган. Медиацияда томонлар ўзаро мақбул келишувга эришишда ёрдам берадиган мустақил воситачи билан ишлайди. Ҳакамлик судида низо мустақил учинчи томон (ҳакам) томонидан кўриб чиқилади, у якуний қарорни томонлар учун мажбурий қилади.

Низоларни ҳал қилишнинг ички механизмлари. Корпорациялар кўпинча низоларни ҳал қилишнинг ички процедуралари ва механизмларига эга, масалан, директорлар кенгаши, қўмиталар ва компания ичидаги томонларга низоларни ҳал қилишга имкон берадиган қоидалар мавжуд. Бунга мажбурий ҳакамлик ёки ҳакамлик муҳокамаси ва низоларни ҳал қилишнинг ички тартиблари киради.

Тартибга солиш ва маъмурий органлар. Низонинг хусусиятига ва компания фаолият юритадиган соҳага қараб, баъзи низоларни тартибга солувчи ёки маъмурий органлар, масалан, қимматли қоғозлар комиссиялари ёки рақобат органлари кўриб чиқиши мумкин.

Шуни таъкидлаш керакки, низоларни ҳал қилиш процедуралари Канададаги провинция ёки ҳудудга қараб фарқ қилиши мумкин, чунки корпоратив ҳуқуқнинг баъзи жиҳатлари провинция даражасида тартибга солинади. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, баъзи корпоратив низолар томонлар ўртасидаги келишувлар, масалан, таъсис шартномалари ёки компания уставлари билан тартибга солиниши мумкин.

Австралияда корпоратив низолар корпоратив қонунлар билан тартибга солинади. Бу соҳада асосий қонун Жамиятлар тўғрисидаги қонун (Corporations Act) бўлиб, у Австралияда корпорацияларни рўйхатга олиш, уларни бошқариш ва тартибга солиш қоидалари ва талабларини белгилайди.

Бундан ташқари, Австралия қимматли қоғозлар ва инвестициялар комиссияси (Australian Securities and Investments Commission, ASIC) корпоратив фаолиятни назорат қилади ва тартибга солади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, хорижий мамлакатларда корпоратив низоларни ҳал қилиш турли хил ҳуқуқий ва институционал механизмлар орқали амалга оширилади деган хулосага келиш мумкин. Баъзи хорижий мамлакатларда корпоратив низоларни ҳал қилиш қуйидагича:

АҚШда корпоратив низолар федерал ва штат қонунлари юрисдикциясига киради. Низоларни ҳал қилишда суд жараёни, низоларни муқобил ҳал қилиш (ADR), компаниялар ва назорат қилувчи органларнинг ички механизмлари муҳим рол ўйнайди. Қимматли қоғозлар тўғрисидаги қонун ва корпорациялар тўғрисидаги қонун корпоратив муносабатлар учун умумий қоидалар ва талабларни белгилайди.

Канада ҳам суд жараёни, (ADR), корпоратив низоларни ҳал қилиш учун компаниялар ва назорат органларининг ички механизмлари қўлланилади. Канада компаниялари тўғрисидаги қонун мамлакатдаги корпоратив қонунларга таъсир қилади.

Буюк Британияда корпоратив низолар суд, (ADR) ва назорат қилувчи органлар орқали ҳал қилинади. Корпоратив бошқарув тўғрисидаги қонун ва 2006 йилдаги Компаниялар тўғрисидаги қонун корпоратив муносабатларни тартибга солувчи асосий қонун ҳужжатларидир.

Германияда суд жараёни, арбитраж ва ҳакамлик корпоратив низоларни ҳал қилиш учун қўлланилади. Фуқаролик кодекси ва Тижорат кодекси корпоратив масалалар ва низоларни тартибга солишда муҳим роль ўйнайди.

Японияда корпоратив низолар суд жараёни, арбитраж ва ҳакамлик орқали ҳал қилинади. Компаниялар тўғрисидаги қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари корпоратив муносабатлар ва низоларни тартибга солади.

Демак, ҳар бир мамлакат корпоратив низоларни ҳал қилишнинг ўзига хос хусусиятларига ега бўлиши мумкин ва бу ҳар бир мамлакатнинг ҳуқуқий ва институционал хусусиятларига боғлиқ. Ушбу низоларни ҳал қилиш механизмлари ишбилармонлик муҳити ва умуман жамиятнинг ўзгарувчан эҳтиёжлари ва талабларига мувофиқ ишлаб чиқилади ва такомиллаштириб борилади.

 

Хамидулла Саъдуллаев,

Кармана туманлараро иқтисодий судининг судьяси.

Бахтли оила жамият равнақи

Жорий йилнинг 28 февраль куни Навоий вилоят “Бахт қасри” маркази ташаббуси билан Навоий давлат педагогика институти физика факультетида Халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши ҳузуридаги нодавлат ва нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамияти бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг “Соғлом оила-соғлом жамият” лойиҳасига ажратилган маблағлар ҳисобидан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги “Оила институтини янада ривожлантириш ва ёшларни оилага тайёрлаш тўғрисида”ги 820-сонли қарори ижросини таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлаш бўйича, энг аввало, “Соғлом оила — соғлом жамият” консептуал ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини олиб бориш мақсадида Навоий вилоят суди, Навоий давлат педагогика институти, Навоий шаҳар диний қўмитаси, Навоий вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги ФЎЎБОМО ўқув маркази, вилоят Аҳоли репродуктив саломатлик маркази, Навоий шаҳар ФХДЁ бўлими ҳамда шаҳар Оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамкорликда оила қуриш арафасида турган ва никоҳланаётган ёшлар учун оилавий хаёт психологияси, оилада диний ва аҳлоқий тарбия, оилавий-ҳуқуқий муносабатлар, репродуктив саломатлик, оила бюджети ва иқтисоди, ота-оналикнинг ижобий кўникмалари каби ўқув дастурида белгиланган машғулотлар ўтилди.

Шунингдек, ўқув машғулотлари сўнгида иштирокчиларга сертификатлар топширилди.

 

Гулнафис Худайбердиева,

Навоий вилоят суди судьяси.

 

Истам Турдиев,

Навоий вилоят суди судьяси.

Ижара қарздорлиги суд тартибида ундириши белгиланди

Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман суди 2024 йил  20 февраль куни “Хатирчи деҳқон бозори” МЧЖнинг жавобгар фуқаролар манфаатида қарздорликни ундириб бериш ҳақидаги даъвоси кўриб чиқилди.

Аниқланишича, Хатирчи туман ҳокимининг 2018 йил 04 сентябрь кунидаги №Қ-4270 сонли қарорига асосан, Хатирчи тумани “Навбахор” МФЙда жойлашган “Хатирчи деҳқон бозори” МЧЖга қарашли бинолар эгаллаб турган 24652.0 кв.метр ер майдони доимий фойдаланишга бириктирилиб, ушбу биноларга “Хатирчи деҳқон бозори” МЧЖ номига эгалик ҳуқуқи берилган.

Ўзбекистон Республикаси Ер Кодексининг 31-моддасига кўра юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи жойнинг ўзида чегаралар белгиланганидан, ер участкаларининг планлари (чизмалари) ва тавсифлари тузилиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганидан кейин вужудга келади.

Туман ҳокимининг мазкур қарорига асосан Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри Хатирчи филиали томонидан 06.09.2018 йилда “Хатирчи деҳқон бозори” МЧЖ номига, ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида NA00152293 сонли, бинолар, иншоотлар ва кўп йиллик дарахтларга бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида NA0028841 сонли гувоҳномалар берилган.  

Навоий вилоят ҳокимининг  2019 йил 8 февралдаги 24-Қ-сонли қарорининг 1-иловасига асосан бозорлар ва савдо комплексларининг маъмурияти томонидан ундириб олинадиган бир марталик йиғимлар, ижара тўлови ва кўрсатилган хизматлар қийматининг миқдорлари белгиланган бўлиб, унга кўра ноозиқовқат махсулотлари сотиш ҳисобланишини керак бўлган ижара тўлови (Учқудуқ, Қизилтепа, Хатирчи, Навбахор туманлари учун) 1 кв.м/ойига 23.000 сўм қилиб белгиланган.

Шундай бўлсада, 22 нафар фуқаро 2021, 2022, 2023 йиллар давомида жами 616.770.000 сўмлик ижара тўловларини “Хатирчи деҳқон бозори” МЧЖга тўламасдан келган.

Суд юқорида қайд этилган қонун талаблари ва судда аниқланган ҳолатларга кўра, 22 нафар жавобгарлардан 2021, 2022, 2023 йиллар давомида тўланмасдан келган ижара тўловларидан бўлган  жами 616.770.000 сўм қарздорликни “Хатирчи деҳқон бозори” МЧЖ фойдасига ундириши белгиланди.

         Шу орқали, 2021, 2022, 2023 йиллар давомида тўланмсадан келинган ижара тўловлари “Хатирчи деҳқон бозори” МЧЖнинг фойдасига ундириши таъминланди.

 

Баҳодир Бабақулов,

Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман суди раиси. 

Меҳнат қонунчилиги амалда қўлланилмоқда!!!

Фуқаролик ишлари Хатирчи туман судига жорий йилнинг февраль ойида ундирувчи Хатирчи туман адлия бўлими томонидан фуқаролар манфаатида қарздор Хатирчи туман Ирригация бўлимига нисбатан тўланмай қолган устама пулларини ундириш бўйича 57 нафар фуқаронинг манфаатида судга киритилган аризалари кўриб чиқилди.

Мазкур ишлар ўрганилганда қарздор Хатирчи туман Ирригация бўлими томонидан қонунбузилиш ҳолатларига  йўл қуйилиб, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида белгиланган иш берувчининг мажбуриятлари бажарилмасдан келинган.

Вахоланки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги 573-сонли Қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги Вазирлиги тўғрисида”ги Низомда ходимларга  ойлик иш ҳақлари билан бирга қўшимча тарзда устама ва рағбатлантирилиши белгиланганлиги, Низомнинг 2-бандида эса давлат бошқарувчи органлари хизматчилари учун қонунчиликда белгиланган миқдорда лавозим маошига устамалар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджет маблағлари ҳисобидан тўланиши лозимлиги белгиланган.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 03 июлдаги “Давлат хизматчиларининг лавозим маошларига йигирма фоизли устама ҳақ белгилаш тўғрисида”ги 339-сон Қарорига кўра давлат хизматчиларининг лавозимлар рўйхатига мувофиқ 1997 йил 1 июлдан бошлаб бюджет маблағ билан таъминланадиган давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари  ва судларнинг давлат хизматчилари лавозим маошларига 20 фоизли устама ҳақ белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 244-моддасида иш берувчининг ўз молиявий аҳволидан қатъий назар, қонунчиликда меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда, меҳнат шартномасида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартларига мувофиқ ходимлар томонидан бажарилган иш учун ҳақ тўлашни амалга ошириш мажбуриятини мустаҳкамлаб қўйиш шартлиги кўрсатиб ўтилган.

Натижада мазкур аризалар қаноатлантирилиб, 57 нафар фуқаронинг фойдасига Хатирчи туман Ирригация бўлимидан 572.509.392 (беш юз етмиш икки миллион, беш юз тўққиз минг, уч юз тўқсон икки) сўм устама пуллари фуқаролар фойдасига ундириб бериш белгиланди.

Бундан кўринадики, 57 нафар фуқаронинг устама пуллари йиллар давомида тўланмасдан келинганлиги, уларнинг бу ҳуқуқлари ташкилот томонидан паймол қилиб келинган.

 

Зарифжон Утамуродов,

Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман суди судяси.

Навбаҳор туманида суд раислари томонидан навбатдаги сайёр қабул ўтказилди

Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг самараси, тинчлик ва тараққиётнинг асосий гарови ҳам Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш билан бевосита боғлиқдир. Шунинг учун ҳам ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида меҳнат қилаётган инсонлар, биринчи навбатда, раҳбар ходимлар, фуқароларнинг Конституция ва қонунлар ижросини тўғри ташкил этиши, бу қоидаларга бутун жамият аъзолари қатъий амал қилиши шарт бўлган муҳитни яратиш ғоят муҳим ва долзарб вазифага айланиб бормоқда.

Мамлакатимизда жадал суръатлар билан олиб борилаётган ўзгариш ва янгиланишлар негизида, авваламбор, Конституциямизда белгиланган давлат органларининг халқ манфаатларига хизмат қилиши лозимлиги ҳақидаги қоидани амалда татбиқ этишдек эзгу мақсад мужассам экани ҳам айнан шуни тақозо этмоқда.

Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида фуқароларнинг мурожаатларини жойида ўрганиш ва ҳал этиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Фуқаролар  ва тадбиркорлик субъектлари муаммолари билан  ишлаш, ечимини кутаётган масалаларни «маҳаллабай» ўрганган ҳолда жойида ва тезкор ҳал этиш буйича Навбаҳор туман судлари раислари томонидан 2024 йилнинг биринчи ярмида ўтказиладиган сайёр қабуллар режасига мувофиқ, 2024 йил 27 февраль куни Навбаҳор тумани “Қоражон” маҳалла фуқаролар йиғинида жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман суди, фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро суди ва Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди раислари иштирокида навбатдаги сайёр қабул ўтказилди.

Сайёр қабулда ўн тўрт нафар фуқароларнинг оғзаки мурожаатлари тингланиб, белгиланган тартибда тушунтириш берилиб жойида бартараф этилди.

Шунингдек учрашув давомида, ҳудудда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, ўғирлик, фирибгарлик, одам савдоси, коррупцияга оид жиноятлар учун жазонинг муқаррарлиги ҳақида фуқароларга тушунтиришлар берилди.

 

Алишер Сайдуллаев,

Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг раиси.

Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш сиёсати

Коррупцияга қарши кураш бугунги кундаги дунё ҳамжамияти олдида турган энг долзарб масалалардан бирига айланди. Унинг давлатлар, минтақа иқтисодиёти, сиёсати, ижтимоий ҳаёти учун ҳалокатли таъсирга эга эканлигини жонли мисоллар орқали бир нечта мамлакатлар инқирозида кўришимиз мумкин.

Шу боисдан сўнгги йилларда хорижий давлатларда бўлиб ўтган Парламент ва Президентлик сайловларида ҳам сиёсий партиялар коррупцияга қарши курашишни ўзларининг энг муҳим йўналишлари сифатида кўрсатишмоқда

Коррупцияга қарши курашиш Ўзбекистонда ҳам давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланди. Буни сўнгги йиллларда соҳага оид қабул қилинган концептуал аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, коррупцияни олдини олишга қаратилган маъмурий ислоҳотлар мисолида ҳам кўришмиз мумкин.

Хусусан, мазкур йўналишдаги ишларни тизимли ва комплекс давом эттириш учун 2021-2025 йилларга мўлжалланган Коррупцияга қарши курашиш миллий стратегиясини ишлаб чиқиш белгиланган.

Ушбу стратегияни ишлаб чиқишда реал вазиятни тўлиқ қамраб олган яхлит ва бир бутун режа бўлишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Беш йилга мўлжалланган комплекс дастурий ҳужжатни ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш жараёнида муваффақиятли натижага эришган давлатлар тажрибаси ўрганилмоқда. Эътиборли жиҳати, аксар давлатлар коррупцияга қарши курашишда шу каби стратегик комплекс ҳужжатларни қабул қилиш ва ундаги вазифаларни тизимли тадбиқ этиш орқали сезиларли ижобий натижага эришмоқда.

Грузия, Эстония, Греция каби давлатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, узоқ муддатга мўлжалланган комплекс дастур коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш самарадорлигини оширишга ҳамда халқаро рейтинглардаги ўрнининг кўтарилишига хизмат қилган.

Юртимизда ҳам коррупцияга қарши курашишда айнан узоқ муддатни кўзлаган ҳолда тизимли, комплекс ишлаб чиқилган дастур ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши келгусида бу борадаги ислоҳотлар самарадорлигини оширишга хизмат қилганди

Асосийси, бугун жамиятимизда уйғонаётган коррупцияга нисбатан муросасизлик кайфиятини, журналист ва блогерлардаги коррупцияга қарши жанговар руҳни, давлат идоралари ва мансабдор шахсларидаги коррупция мамлакат келажагига ғов сифатида қарашни янада кучайтириш лозим.

 

Санжар Хайдаров,

Жиноят ишлари бўйича

Учқудуқ туман суди девонхона мудири.

Ёшлар билан самимий учрашув

Ўқувчи ёшларнинг ҳуқуқий билим ва маданиятини янада ошириш, уларда қонунга ҳурматда бўлиш муносабатини шакллантириш, шунингдек ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда шаҳар халқ таълими бўлими ўртасида тузилган Меморандум ижросини таъминлаш мақсадида Зарафшон шаҳар судлари раислари томонидан Зарафшон шаҳридаги 8-умумий таълим мактаби ўқувчилари иштирокида “Касбим – келажагим”, “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” мавзуларида “Судья ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди.

Мазкур учрашув давомида ўқувчи ёшларларнинг ҳаётда ўз ўринларини топишлари, соғлом турмуш тарзини ташкил қилиш ва ёт ғояларга берилмаслик борасида зарур маслаҳатлар бериб ўтилди ва бу борада суд амалиётидан мисоллар келтирилди. 

 

Шерзод Ғофуров,

Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси.

Зарафшон шаҳридаги “Олтин водий” маданият саройида жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар, Учқуду ҳамда Томди туман судлари томонидан жиноят ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллиги бўлган шахслар ҳамда уюшмаган ёшлар иштирокида сайёр суд мажлислари ўтказилди

Сайёр суд мажлисида жиноят ва маъмурий ҳуқубузарлик содир этган бир нечта шахсларга нисбатан бўлган жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлари кўриб чиқилиб, сайёр суд мажлиси иштирокчилари гувоҳлигида суд қарорлари эълон қилинди.

Бундай сайёр суд мажлисларини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, жиноят кўчасига кириб қолган ёки жиноят содир этишга мойиллиги бўлган бази фуқароларга жиноят учун жазо муқаррарлигини эслатиш ва шу орқали келиб чиқиши мумкин бўлган салбий оқибатларни олдини олишдан иборатдир.

Сайёр суд мажлиси якунига уланиб кетган тарғибот тадбирида сўзга чиққанлар, судҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, шунингдек, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида қилинаётган барча ишлар, қабул қилинаётга қонунлар барчаси “Инсон қадри ва манфаатлари учун” эканлиги, буни ҳарбир Ўзбекистон фуқароси ичичидан ҳис қилиши ва жиноятчиликка қарши биргаликда муросасиз курашиш лозимлиги таъкидланди.

Шунингдек, йиғилганларга судьялар томонидан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мазмун моҳияти, Коррупция ва одам савдосига қарши курашиш, бундай жиноятлар учун қонунчиликда назарда тутилган жазо чоралари ҳақида батафсил тушунтириш берилди.

  Тадбир сўнгида судьялар томонидан иштирокчиларга ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий соҳага оид саволларига атрофлича жавоб берилди.

 

Анвар Исоков,

Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар суди раиси.

Учқудуқ туманида хотин-қизлар жиноятчилигини олдини олиш ва унга қарши курашиш чоралари кўрилмоқда

Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси А.Курбонов,  туман ички ишлар бўлимининг ўринбосари ва хотин-қизлар масалалари бўйича туман ҳокими ўринбосари иштирокида, хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида навбатдаги профилактик тарғибот ишлари олиб борилди.

Жумладан туман судининг раиси сўзга чиқиб, Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизда ҳуқуқбузарлик профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, Учқудуқ туманида ҳам аҳоли айниқса хотин-қизлар жиноятчилиги ва ҳуқуқбузарлигини барвақт олдини олишга доир кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, аҳоли орасида оила турмуш доирасида ҳуқуқбузарлик содир этган фуқаролар олиб борилиши лозим бўлган профилактик ишлар ва ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан тизимли ишлашни йўлга қўйиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, улар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни барвақт олдини олиш ҳамда турли салбий иллатларга қарши курашишга доир сўз юритилди. Тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизларга “Ҳимоя ордери” бериш тартиби тушунтирилди.

Шунингдек, хотин-қизларнинг мавжуд муаммолари жойида ўрганилиб, уларни манзилли бартараф этиш чоралари кўрилди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, жамиятимизнинг кўрки бўлган аёлнинг нозик қўлларига кишан эмас, гул, қалбига эса ёвузлик эмас, эзгулик ярашади. Шу боис аёлларнинг жиноятга қўл урушини олдини олиш фақат ҳуқуқ-тартибот идоралари ёки тегишли ташкилотларнинггина эмас, ҳаммамизнинг вазифамизга айланиши лозим дея сўзига якун ясаб, йиғилиш қатнашчиларига мавзуга оид берилган саволларга батафсил жавоблар берилди.

 

Акмал Курбонов,

Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси. 

Skip to content