Учқудуқ туманида хотин-қизлар жиноятчилигини олдини олиш ва унга қарши курашиш чоралари кўрилмоқда

Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси А.Курбонов,  туман ички ишлар бўлимининг ўринбосари ва хотин-қизлар масалалари бўйича туман ҳокими ўринбосари иштирокида, хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида навбатдаги профилактик тарғибот ишлари олиб борилди.

Жумладан туман судининг раиси сўзга чиқиб, Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизда ҳуқуқбузарлик профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, Учқудуқ туманида ҳам аҳоли айниқса хотин-қизлар жиноятчилиги ва ҳуқуқбузарлигини барвақт олдини олишга доир кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, аҳоли орасида оила турмуш доирасида ҳуқуқбузарлик содир этган фуқаролар олиб борилиши лозим бўлган профилактик ишлар ва ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан тизимли ишлашни йўлга қўйиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, улар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни барвақт олдини олиш ҳамда турли салбий иллатларга қарши курашишга доир сўз юритилди. Тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизларга “Ҳимоя ордери” бериш тартиби тушунтирилди.

Шунингдек, хотин-қизларнинг мавжуд муаммолари жойида ўрганилиб, уларни манзилли бартараф этиш чоралари кўрилди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, жамиятимизнинг кўрки бўлган аёлнинг нозик қўлларига кишан эмас, гул, қалбига эса ёвузлик эмас, эзгулик ярашади. Шу боис аёлларнинг жиноятга қўл урушини олдини олиш фақат ҳуқуқ-тартибот идоралари ёки тегишли ташкилотларнинггина эмас, ҳаммамизнинг вазифамизга айланиши лозим дея сўзига якун ясаб, йиғилиш қатнашчиларига мавзуга оид берилган саволларга батафсил жавоблар берилди.

 

Акмал Курбонов,

Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси.