Навоийда хотин-қизлар ҳуқуқлари мавзусида семинар-тренинг ўтказилди
Ўзбекистон тарихида илк бор 2019 йилнинг 2 сентябрида “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ва “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўровонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунлар қабул қилинди.
Мазкур қонун ҳужжатлари хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ва бошқа жойларда тазйиқ ҳамда зўровонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни ҳам тартибга солади. Тазйиқ ҳамда зўравонликни бошидан ўтказган шахсларни ҳимоя қилиш, жамиятда аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўровонликнинг ҳар қандай шаклига мурсасиз муносабат муҳитини қарор топтиришни кафолатлайди.
Мухтасар айтганда, бу борадаги миллий қонунчилик базаси халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига ҳамоҳанг тарзда тобора мустаҳкамлаб борилмоқда.
Жорий йилнинг 5 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва USAID халқаро ташкилоти билан ҳамкорликда “Хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва зўравонликни олдини олиш бўйича халқаро стандартларни жорий этиш”бўйича семинар-тренинг ўтказилди.
Мазкур семинар тренингни расмий очилиши мақсад ва вазифалари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси Тиркашев Жамшид маъруза қилиб, хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги, хотин -қизларнинг сиёсий ҳуқуқлари тўғрисидаги, бир хил қийматга эга бўлган меҳнат учун эркаклар ва хотин-қизларни рағбатлантириш тўғрисидаги, оналикни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияларга, Пекин платформаси ва Ҳаракатлар режаси каби халқаро ҳужжатларга қўшилгани, шунингдек, гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги Миллий стратегия ва вазифаларнинг бири сифатида белгилангани ҳақида тўхталиб ўтди.
Семинар-тренингда тренер Г.Худайбердиева ва Л.Ҳайдаровалар “Инсон ҳуқуқлари, Гендер тенглиги тушунчаси, Гендер тенглигини таъминлашнинг халқаро ва миллий механизмлари, Гендер стереотиплари ва дискриминация нима ва улар судьялар ҳаётида тутган ўрни, Суд амалиётида гендер дискриминацияси ва зўровонлигини олдини олиш бўйича халқаро стандартларни жорий қилиш намуналари тўғрисидаги маърузалар юзасидан тақдимотлар қилишди.
Бундан ташқари, семинар-тренингда тренерлар томонидан ўтказилган таркибий машқлар, ноанъанавий усулдаги танишувлар, қоидаларни ишлаб чиқиш ва кутувларни аниқлаш каби амалий машғулотлар ҳамда энержайзерлар, ақлий ҳужум машқлари тренинг иштирокчиларга хуш кайфият бағишлади.
Семинар-тренингда қатнашган иштирокчи судьялар Пре-тест, посттест ва семинарни баҳолаш бўйича тестларни аъло даражада бажаришди.
Семинар-тренинг якунида Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси томонидан 20 нафар иштирокчи судьяларга сертификатлар топширилди.
Семинар-тренинг қизғин баҳс-мунозараларга бой, иштирокчиларнинг фаол қатнашувлари билан давом этди.
Ушбу семинар-тренинг Ўзбекистонда аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва гендер тенгликни таъминлаш соҳасидаги фаол саъй-ҳаракатларни изчил амалга оишириш ва давом эттиришга барчага муҳим йўналиш бўлади деб умид қиламиз.
Гулнафис Худайбердиева
Навоий вилоят суди судьяси