Қидирув:

СУД ТИЗИМИДАГИ ИСЛОХОТЛАР – ИНСОН ҚАДРИ УЧУН

Фуқароларга янада қулайлик яратиш ва фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигини олдини олиш мақсадида суд тизимида “ягона дарча” принципи жорий қилинди.

Суд тизимида “ягона дарча” принципининг жорий қилиниши натижасида маъмурий судларда;

– талаб судга тааллуқлилик қоидалари бузилган ҳолда маъмурий судга тақдим этилган бўлса, ариза (шикоят) тааллуқлилигига кўра фуқаролик ишлари бўйича судга ёки иқтисодий судга кўриб чиқиш учун ўтказилади.

– агар ариза (шикоят) судга тааллуқлилик қоидаларини бузган ҳолда иш юритишга қабул қилинганлиги ишни кўриб чиқиш чоғида аниқланса, маъмурий суд иш материалларини судга тааллуқлилигига кўра фуқаролик ишлари бўйича судга ёки иқтисодий судга кўриб чиқиш учун ўтказиш ва маъмурий суд ишини юритишни тугатиш тўғрисида ажрим чиқаради.

– аризани (шикоятни), иш материалларини маъмурий суддан судга тааллуқлилигига кўра бошқа судга ўтказиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

– маъмурий суддан тааллуқлилигига кўра бошқа судга ўтказилган ариза (шикоят), иш материаллари ўзига ўтказилган суд томонидан қабул қилиб олиниши керак.

– Ўзбекистон Республикасида судлар ўртасида судга тааллуқлилик тўғрисидаги низоларга йўл қўйилмаслиги қатий белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, 2023 йил 16 март кунига қадар манфаатдор шахслар маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг, улар мансабдор шахсларининг қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан ариза (шикоят) манфаатдор шахсга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида маълум бўлган пайтдан эътиборан уч ой ичида судга берилиши мумкин эди, бу эса манфаатдор шахсларнинг бузилган ҳуқулари тиклаш юзасидан маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судларга шикоят қилиш юзасидан бир мунча чекловларни юзага келтираётган эди.

Суд тизимида олиб борилаётган ўзгаришлар, айниқса маъмурий судга мурожаат қилишда, маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг, улар мансабдор шахсларининг қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) манфаатдор шахснинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузганда, манфаатдор шахснинг ҳуқуқлари, эркинликларини амалга оширишга ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришга тўсиқлар вужудга келтирганжа, манфаатдор шахснинг зиммасига қонунга хилоф равишда бирор-бир мажбурият юклаганда, манфаатдор шахснинг у ёки бу соҳадаги фаолиятни амалга ошириши учун бошқа тўсиқлар вужудга келтирганда маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг қарорларини ҳақиқий эмас, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ариза (шикоят) билан ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида маълум бўлган пайтдан эътиборан олти ой ичида судга берилиши мумкинлиги юзасидан ўзгартиришлар киритилди.

 

Фазлиддин Саноқулов

Навоий туманлараро маъмурий суди судьяси

Адолат қарор топди !!!

Даъвогар вояга етмаган О.У ўғлининг ишончли вакили онаси Т.Мнинг жавобгарлар Хатирчи туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус М.А ва О.Фга нисбатан қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топиш бўйича судга мурожаат қилган.

Унда даъвогар отаси О.Б 1954 йил 05 октябрда туғилгани, 2020 йил 07 март куни вафот этгани, онаси Т.М ўғли туғилгани, унга нисбатан Нарпай туман ФҲДЁ бўлими томонидан отаси О.Бнинг оталиги белгилангани, бу ҳақда 2005 йил 21 май куни 1304-сон далолатнома ёзуви билан қайд этилгани, марҳум отаси Б.О 2006 йил 17 май куни 45-сонли реестр рақами билан Нарпай туман хусусий нотариал идораси нотариуси И.Н томонидан расмийлаштирилган айирбошлаш шартномасига асосан Нарпай тумани, “Зирабулоқ” МФЙ, Ф.Х кўчасида жойлашган 10-уй, 8-хонадонни номига расмийлаштириб олгани, ҳозирда ушбу хонадонда онаси билан доимий рўйхатда туриб, яшаб келаётганини, марҳум отаси вафот этгач, отасининг қонуний никоҳида бўлган биринчи турмуш ўртоғи О.Фга улар доимий рўйхатда туриб яшаб келаётган Нарпай тумани, “Зирабулоқ” МФЙ, Ф.Х кўчасида жойлашган 10-уй, 8-хонадоннинг ½ қисмига 00-сонли мулк ҳуқуқи тўғрисида, қолган ½ қисмига эса 00-сонли қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида 2022 йил 15 сентябрда Хатирчи туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус А.А гувоҳномаларни расмийлаштириб бергани, О.Бдан унга тақсимланиши лозим бўлган мерос ҳиссасидан ҳеч кимнинг фойдасига воз кечмаганлигини сабабли Хатирчи туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус А.А томонидан расмийлаштирилган 2022 йил 15 сентябрь кунги 00-сонли қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги ҳақиқий эмас деб топишни ва ҳақиқий эмаслик оқибатларини қўллашни ва суд харажатларини жавобгарлардан ундиришни сўраган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 116-моддасига кўра, қонун ҳужжатларининг талабларига мувофиқ келмайдиган мазмундаги битим, шунингдек ҳуқуқ-тартибот ёки ахлоқ асосларига атайин қарши мақсадда тузилган битим ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир. Бундай битимга нисбатан ушбу Кодекс 114-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган қоидалар қўлланилади.

   Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 113-моддасига кўра, “битим  ушбу  Кодексда  белгилаб  қўйилган  асосларга  кўра,  суд ҳақиқий  эмас деб  топганлиги  сабабли  (низоли  битим)  ёки бундай деб топилишидан қатъий назар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади (ўз-ўзидан  ҳақиқий бўлмаган битим).

Судда аниқланган ҳолатларга кўра, Хатирчи туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус М.Э томонидан фуқаро Остонаева Фазолат Каримовнанинг номига №NV1261673-сонли мерос иши бўйича, 2022 йил 15 сентябрь куни реестрга №202201783003342 рақам билан қайд этилган, қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома берилган.

Даъвогарлар вояга етмаган Остонаев Умиджон Бахтиёр ўғлининг ишончли вакили онаси Тиркашева Марҳабо Ҳазратовна Хатирчи туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус М.Э томонидан 2022 йил 15 сентябрь куни тасдиқланган қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани ўзининг улуши ҳал қилинмаганини билдириб, ҳақиқий эмас деб топишни сўрамоқда.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексиниг 1147-моддасига кўра меросхўр мерос очилган кундан эътиборан исталган вақтда меросдан воз кечишга ҳақли. Меросдан воз кечиш меросхўр томонидан мерос очилган жойдаги нотариусга ариза бериш орқали амалга оширилади.

Агар ишончномада вакил орқали меросдан воз кечиш ваколати махсус назарда тутилган бўлса, меросдан шу тарзда воз кечилиши мумкин. Меросдан воз кечиш кейинчалик бекор қилиниши ёки қайтариб олиниши мумкин эмас.

Олий суд пленумининг 2011 йил 20 июлдаги 5-сон “Судлар томонидан мерос ҳуқуқига оид қонунчиликнинг қўлланилиши тўғрисида”ги қарорининг 19-бандида кўрсатилишича, васият ва қонун бўйича ворисликда меросхўр мерос очилган жойдаги нотариусга ариза бериш йўли билан меросдан воз кечишга ҳақли. Қонунда мерос очилгандан кейин бундай ариза билан мурожаат қилиш мумкин бўлган вақт чегараланмаган.

Мероснинг бир қисмидан воз кечилишига, меросдан изоҳотлар ёки шарт билан воз кечилишига йўл қўйилмайди, ФК 1148-моддасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Меросдан воз кечиш тўғрисида ариза берган меросхўр кейинчалик уни бекор қилиши ёки қайтариб олиши мумкин эмас. Бундай воз кечиш фақат суднинг ҳал қилув қарори билан ва қонунда битимларни ҳақиқий эмас деб топиш учун белгиланган асосларга кўра ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин (ФК 113 – 128-моддалари).

Иш ҳужжатларида мавжуд маълумотлар, тарафларнинг тушунтиришлари ва судда аниқланган ҳолатларга кўра мархум Остоноев Бахтиёрдан қолган Нарпай тумани, “Зирабулоқ” МФЙ, Ф.Хўжаев кўчасида жойлашган 9-уй, 8-хонадон мерос мулки бўйича оталиги белгиланган вояга етмаган даъвогар Остонаев Умиджон Бахтиёр ўғлини биринчи навбатдаги ворислар жумласига киритиши ва ворисликка чақириши лозим бўлсада, Хатирчи туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус М.Энинг эътиборидан четда қолган.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролик кодексининг 116-моддасида қонун ҳужжатларининг талабларига мувофиқ келмайдиган мазмундаги битим, шунингдек ҳуқуқ-тартибот ёки ахлоқ асосларига атайин қарши мақсадда тузилган битим ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир. Бундай битимга нисбатан шубу Кодекс 114-моддасининг иккинчи қимида назарда тутилган қоидалар қўлланилиши кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 114-моддасига кўра, “ҳақиқий бўлмаган битим унинг ҳақиқий эмаслиги билан боғлиқ бўлган оқибатлардан ташқари бошқа юридик оқибатларга олиб келмайди ва у тузилган пайтидан бошлаб ҳақиқий эмасдир.

Суд, аниқланган ҳолатларга асосан ва даъво асосли бўлгани боис даъвосини қаноатлантиришни, Хатирчи туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус М.Э томонидан №NV1261673-сонли мерос иши бўйича, 2022 йил 15 сентябрь куни тасдиқланган, реестрга №202201783003342 рақам билан қайд этилган, қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топишни лозим топди.

Шунингдек ҳақиқий бўлмаган битимга асосан расмийлаштирилган 2023 йил 17 январ кунидаги Навоий шахарда хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Х.Ж томонидан расмийлаштирилган сотувчи О.Ф ва сотув олувчи А.Т ўртасидаги реестрга 218-сон билан қайд этилган олди сотди шартномаси ҳам ҳақиқий эмас деб топилди.

 

Баходир Бабақулов

Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман суд раиси 

Кредит шартномаси ўзи нма ва ун қандай ҳуқуқий аҳамиятга эга?

Кредит шартномаси бўйича бир тараф — банк ёки бошқа кредит ташкилоти (кредит берувчи, кредитор) иккинчи тарафга (кредит олувчига) шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағлари (кредит) бериш, қарз олувчи эса олинган пул суммасини қайтариш ва унинг учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олади[1] (ФКнинг 744-моддаси).

Ушбу таърифдан келиб чиқиб қўйида банк ва кредит ташкилотлари тушунчаларига таъриф бериб ўтамиз.

Ўзбекистон Республикасининг банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунига кўра банк — банк ҳисобварақларини очиш ва юритиш, тўловларни амалга ошириш, омонатларга (депозитларга) пул маблағларини жалб этиш, ўз номидан кредитлар бериш бўйича банк фаолияти сифатида аниқланган операциялар мажмуини амалга оширувчи тижорат ташкилоти бўлган юридик шахсдир.

Кредит ташкилоти эса– кредитлар бериш ҳамда бошқа молиявий хизматлар кўрсатиш мақсадида юридик ва жисмоний шахслар томонидан ихтиёрий тенг ҳуқуқли аъзолик асосида тузиладиган тижоратчи юридик шахсдир.

Кредит шартномасини тарафлари жисмоний ва юридик шахслар  бўлиши мумкин.

Биз юқорида кредит шартномаси бўйича қарз берувчи (кредит берувчи) албатта банк ёки кредит ташкилоти бўлиши муҳим эканлигини айтиб ўтдик. Лекин амалдаги фуқаролик кодексининг 744-моддаси 2-қисмига кўра кредит ташкилоти бўлмаган тижорат ташкилотлари ҳам қонунда йўл қуйилган ҳолларда кредитлашни амалга ошириши мумкин. Яьни кредит ташкилоти бўлмаган тижорат ташкилотларининг кредитлаш фаолияти қонун ҳужжатларида тўғридан тўғри белгиланган бўлиши шарт.

Шунингдек кредит шартномаси муносабатларига қарз шартномасига оид фуқаролик кодексининг нормалари қўлланишлиги ҳам фуқаролик кодексида мустахкамланган.

Кредит шартномаси ҳам ўз мохиятига кўра тарафларнинг келишувига кўра тузилади аммо кредитор кредит олувчини тўловга қобилиятсизлигини билган ҳолларда ёки кредит олувчи кредитдан аниқ фойдаланиш тартибини бузган ҳолларда кредит беришдан бутунлай ёки қисман бош тортиши мумкин.

Кредитга оид муносабатлар Ўзбекистон Республикаси фуқаролик кодексининг 744-748-моддалари билан тартибга солинади.

Сўнгги йилларда аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва бандликни таьминлаш ҳамда ишсизликни қисқартириш мақсадида “темир дафтарлар”да руйхатда бўлган ва ишсиз фуқароларни ижтимоий қўллаб қувватлаш мақсадида давлатимиз томонидан қатор ишлар амалга оширилганлигини  тилга олишимиз лозим бўлади.

Бу борада давлатимиз рахбари томонидан қабул қилинган фармонлар имтиёзли кредитлар ажратилиб аҳолини ижтимоий ҳимояга олинишига асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ, кредит ташкилотлари бўлмаган тижорат ташкилотларининг кредитлашини амалга оширишга йўл қўйилган ҳолларда кредит шартномаси тўғрисидаги қоидалар бундай тижорат ташкилотлари амалга оширадиган кредитлаш муносабатларига нисбатан қўлланилади (ФКнинг 744-моддаси, 2-қисм).

Кредит шартномаси ёзма шакдда тузилиши шарт. Ёзма шаклга риоя қилмаслик кредит шартномасининг ҳақиқий бўлмаслигига олиб келади. Бундай шартнома ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди. Айнан ушбу норма кредит шартномасини қарз шартносидан фарқлайди. Чунки кредит шартномаси фақат ёзма шаклда тузилиши шартлиги белгиланмоқда, қарз шартномаси эса оғзаки тузилиши ҳам мумкин.

Қарз ва кредит шартномалари ўртасидаги умумийлик билан бирга жиддий фарқлар ҳам мавжуд.

Биринчидан, кредит шартномаси бўйича кредитор сифатида фақат махсус объектлар — банк ёки бошқа кредит ташкилоти қатнашади.

Иккинчидан, кредит шартномаси бўйича қарз олувчи кредиторга фоизлар тўлаши шарт.

Учинчидан, кредит шартномаси фақат ёзма шаклда тузилади.

Тўртинчидан, кредит шартномаси реал эмас, балки консенсуал шартномалар гуруҳига мансуб. Шу сабабли шартнома тузилгандан кейин у тарафлар ўртасида ҳуқуқ ва мажбуриятлар вужудга келтиради. Бундай ҳолда шартноманинг бажарилмаслигига ФКнинг 746-моддасида белгиланган ҳоллардагина йўл қўйилади.

 

Ғайрат Якубов

Фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро суди судьяси


 

Ҳадя шартномасини шакли ва тузиш тартиби

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 31-боби ҳадя шартномасига бағишланган бўлиб, ушбу бобда ҳадя шартномасини шакли, уни тузиш, бекор қилиш ҳақида батафсил маьлумотлар мавжуд.

Фуқаролик кодексининг 502-моддасида белгиланишича Ҳадя шартномасига мувофиқ бир тараф (ҳадя қилувчи) бошқа тараф (ҳадя олувчи)га ашёни текинга мулк қилиб беради ёки бериш мажбуриятини олади ёхуд унга ўзига ёки учинчи шахсга нисбатан мулк ҳуқуқи (талаби)ни беради ё бериш мажбуриятини олади, ёхуд уни ўзи ёки учинчи шахс олдидаги мулкий мажбуриятдан озод қилади ёинки озод қилиш мажбуриятини олади.

Ушбу моддадан англанилишича ҳадя шартномаси бўйича нафақат ашё мулк қилиб берилади балки ашёга бўлган мулк  ҳуқуқи берилиши ёки мавжуд бўлган мажбуриятдан қарздорни озод қилиниши ҳам ҳадя бўлиши мумкин экан.

Ҳадя қилувчи фақат ўзига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мулкнигина ҳадя олувчига ҳадя қилишга ҳақли.

Ҳадя шартномаси мулк ҳуқуқининг  бир шахсдан иккинчи шахсга ўтишини назарда тутувчи битимлар тоифасига киради.

Ҳадя шартномаси текинга тузиладиган шартнома ҳисобланади.  Муайян бир ҳақ ёки наф эвазига тузилган ҳадя шартномаси ҳадя деб тан олинмайди.

Бундан ташқари, ашё ёки ҳуқуқ муқобил берилганида ё бўлмаса, муқобил мажбурият мавжуд бўлганида бундай шартнома ҳам ҳадя деб тан олинмайди ва бундан шартномаларга Фуқаролик кодексининг битимни ҳақиқий эмас деб номланган нормалари қўлланилади.

Бирон-бир шахсга ашёни ёки мулк ҳуқуқини текинга беришни ёки бирон-бир шахсни мулкий мажбуриятдан озод этишни ваъда қилиш (ҳадя этишни ваъда қилиш), агар ваъда тегишли шаклда берилган бўлса ва келажакда аниқ шахсга ашё ёки мулкий ҳуқуқни текинга бериш ёки уни мулкий мажбуриятдан озод қилиш мақсади аниқ кўриниб турган бўлса, ҳадя шартномаси деб тан олинади.

Ҳадя шартномасида ҳадя нарсаси аниқ кўрсатилиши лозим.

Ҳадя қилувчи ўзининг мол-мулкини ёки мол-мулкнинг бир қисмини ҳадя этишни ваъда қилиш ўз-ўзидан ҳақиқий эмас.

Шунингдек ҳадяни ҳадя олувчига ҳадя қилувчининг вафотидан кейин топширишни назарда тутувчи шартнома ўз-ўзидан ҳақиқий эмас.

Амалдаги Фуқаролик кодекси нормалари  ҳадя шартномасини тузиш шаклига бир қанча талабларни қўяди.

Мисол учун баьзи ҳадя шартномаларни оғзаки тузиш мумкин.

Лекин кўчар мулкни ҳадя қилиш шартномаси:

ҳадя қилувчи юридик шахс бўлганида;

фуқаролар ўртасида базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ортиқ суммага шартнома тузилаётганда;

шартномада келажакда ҳадя этиш ваъда қилинган ҳолларда оддий ёзма шаклда тузилиши лозим.

Яьни бу каби шартномаларни оғзаки тузилиши унинг ҳақиқий эмас деб топилишига сабаб бўлади.

Шундай ҳадя шартномалари бўладики, уларни тузилиши алохида хусусиятга эга.

Масалан кўчмас мулкни ҳадя қилиш шартномаси нотариал тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

Қонунчиликда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган автомототранспорт воситаларини ҳадя қилиш шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши керак.

Шуни унутмаслик керакки ҳадя шартномасига оид қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузилиши ҳадя шартномасини хақиқий эмаслигига олиб келади.

 

Ғайрат Якубов

Фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро суди судьяси 

Оилага эътибор – элга эътибор

Оила аталмуш муқаддас даргоҳ ҳамиша халқимизнинг диққат – эътиборида бўлиб келган.

Мамлакатимизда оила мустаҳкамлигини уларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, айниқса, ёш оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, зарур шарт-шароитларни яратиш борасида муҳтарам Президентимиз рахномалигида кенг миқёсли ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустақкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5325-сонли Фармони ҳам оила мустаҳкамлигини таъминлаш, хотин-қизларнинг оила ва жамиятдаги ролини ошириш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Жорий йилнинг 20 июнь куни Учқудуқ туман 10-сонли мактабининг мажлислар залида Учқудуқ тумани оила ва хотин қизлар бўлими ва тумандаги маҳалла ва овул фуқаролар йиғини раислар ва хотин-қизлар фаоллари иштирокида, ажралиш ёқасига келиб қолган оилаларни яраштириш чораларини кўриш юзасидан семинар бўлиб ўтиди.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида суд томонидан никоҳдан ажартиш ҳақида жами 16 та иш кўрилган бўлиб, шундан 8 та оилалар ажратилганлиги, 4 та оилалар арзимас сабабларга кўра никоҳдан ажратишни сўраб судга мурожаат қилганлиги сабабли уларни аризалари рад этилганли, 4 та оилалар оила ва хотин-қизлар бўлими билан хамкорликда яраштирилганлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, никоҳдан ажрашиш ҳақида ариза билан судга мурожаат этган ҳар бир оилани яраштириш ва уни сақлаб қолиш учун энг аввало уларнинг ота-оналари, маҳалла фуқаролар йиғини оилавий қадирятларни мустаҳкамлаш комиссияси, оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамда маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда иш олиб бориш, оилаларни сақлаб қолишда катта самара беришини, арзимаган сабабларга кўра бузилаётган оилаларни тиклаш, уларни мустаҳкамлаш чораларини кўриш, нотинч ва муаммоли оилалар билан кўпроқ иш олиб бориш, суд томонидан юборилаётган тарафларни яраштириш тўғрисидаги ажримлар бўйича кўрилган чора-тадбирлар ҳамда хулосаларни ўз вақтида тақдим этиш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ҳамда оилаларни мустаҳкамлигини таъминлаш ҳақида айтиб ўтилди.

 

Анвар Жумаев

Фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси

Зарафшонда хотин-қизлар ва боларар ҳуқуқларига доир янги қонунлар мазмун-моҳиятига бағишланган тарғибот тадбири ўтказилди

20 июнь куни Зарафшон шаҳар «Олтин водий» маданият уйида «Миллий тикланишдан-миллий юксалиш сари» шиори остида ижтимоий  маънавий муҳитни соғломлаштириш мақсадида семинар ўтказилди.

Семинарда фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро суди раиси A.Шукуров, туманлараро иқтисодий суд раиси Ш.Ғофуров ва мутасадди ташкилот раҳбарлари, фуқаролар, «НКМК МКБ» AЖ га қарашли ётоқхоналарда яшовчи аҳоли иштирок етди.

Семинар давомида A.Шукуров ва Ш.Ғофуровлар томонидан шаҳарда Ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, хотин-қизлар ўртасида радикаллашув, мутассибликни олдини олиш», «Диний екстремизм ва терроризм жамият барқарорлигига таҳдид», “Миссионерлик ва прозелитизмнинг салбий оқибатлари», «Оилавий ажримлар» ва жиноятчиликни олдини олиш, «Виждон еркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги ЎРҚ-699-сон Қонуни,  тўғрисида фикрлар аниқ фактлар асосида тушунтириб берилди.

Тадбирдар сўнгида «Огоҳ бўлинг», «Оила муқаддас»  мавзусидаги видеороликлар намойиш етилди.

 

Анвар Шукуров

Фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро суди раиси 

Навоий вилоят судида солиқ қарздорлигини суд тартибида ундиришнинг муаммоли жиҳатлари юзасидан солиқчилар иштирокида семин ўтказилди

2023 йил 17 июнь куни Навоий вилоят суди биносида Навоий вилоят суди ва фуқаролик ишлари бўйича туманлараро (туман) судлари судьялари ҳамда Навоий вилоят давлат солиқ бошқармаси ва туман (шаҳар) давлат солиқ инспекциялари иштирокида солиқ қарздорлигини субсидиар тартибда ундириш бўйича суд амалиёти ҳамда жисмоний шахслардан солиқ қарздорлигини суд буйруғи тартибида ундиришда мавжуд муаммолар мавзуларида семинар тадбири ўтказилди.

Семинарда Навоий вилоят суди раиси ўринбосари И.Касимов солиқ қарзини юридик шахс муассиси ёки раҳбаридан субсидиар тартибда ундириш ҳақидаги даъво аризаларни судлар томонидан кўриб чиқишда аниқланиши лозим бўлган ҳолатлар, жумладан юридик шахснинг ночорлиги (банкротлиги) шу юридик шахс учун мажбурий кўрсатмаларни бериш ҳуқуқига эга бўлган муассис сифатидаги шахснинг ёки юридик шахс мол-мулки мулкдорининг ғайриқонуний ҳаракатлари туфайли вужудга келтирилган бўлса, юридик шахснинг мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда бундай шахс зиммасига унинг мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгарлик юклатилиши мумкинлиги тўғрисида гапириб ўтди.

Шунингдек, Навоий вилоят суди судьяси А.Баҳронов Навоий вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан 2022 йил давомида судлар томонидан солиқ қарздорлигини буйруқ тартибида ундириш ва қарздорлар томонидан тақдим этилган эътирозлар асосида суд буйруқларини бекор қилиниши танлов асосида таҳлил қилинганлиги, ҳисоботларга кўра, 2022 йил давомида судлар томонидан жами 3359 та солиқ қарздорлигини ундириш ҳақида суд буйруқлари чиқарилиб, шундан қарздорлар томонидан тақдим этилган эътирозларга асосан 421 та, яъни 12,6 фоиз суд буйруқлари бекор қилинганлигини, қарздорлар томонидан солиқ қарздорлигини ундириш ҳақидаги суд буйруғини бекор қилиш ҳақидаги эътирозларида асосан солиқ қарздорлиги мавжуд эмаслигини, солиқ органи томонидан ариза хато киритилганлигини ёки солиқ қарздорлигини ундириш белгиланган уй-жой уларга тегишли эмаслигини кўрсатишган.

Семинарда, кун тартибидаги масалалар юзасидан келгусида ишларни тўғри ташкил этиш, солиқ қарзини ундириш ҳақидаги аризаларни судга тақдим этишдан олдин жисмоний шахсларни огоҳлантириш ва солиқ қарздорлиги мавжуд ёки мавжуд эмаслигига аниқлик киритиш келишиб олинди.

Семинар иштирокчиларига мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган бир қатор масалаларда саволларга жавоб берилди.

 

Азизжон Баҳронов

Навоий вилоят суди судьяси

Навоийда суд раислари томонидан олис ҳудудлардаги фуқаролар учун оммавий сайёр қабул ўтказилди

Фуқароларни оғирини-енгил, узоғини-яқин қилиш барча давлат органларининг бугунги кунлаги бош вазифасига айланиб бормоқда.

Хусусан, судлар томонидан ҳам айнан шу тамойил асосида халқимизнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги муаммоларини жойига бориб ўрганиш бош мақсад қилиб белгиланган. Шу сабабли жорий йилнинг 14 июнь куни Навоий вилоят суди раиси ва вилоят маъмурий суд раиси узоқ туманларда яшовчи фуқароларни мурожаатларини танглаш мақсадида, вилоят марказидан қарийб 300 км узоқликда бўлган туманлар Учқудуқ, Томди ҳамда Зарафшон шаҳарларида бўлиб, фуқаролар учун оммавий сайёр қабул ўтказдилар.

Сайёр қабуллар давомида уччала ҳудуддан жами 30 га яқин фуқароларни суд-ҳуқуқ соҳасига доир мурожаатлари тингланиб, аксарият мурожаатларни жойида ҳал қилиш чоралари кўрилди, қолган мурожаатларни ҳам берлиланган тартибда кўриб чиқиш чоралари кўрилди.

Шунингдек, Зарафшон шаҳрида ташкил этилган сайёр қабул жараёнида Жиноят ишлари бўйича Томди туман суди томонидан сайёр суд мажлиси ўтказилиб, инсонпарварлик тамойили асосида, илгари жиноят содир этган ва ҳозирги кунда пробация назоратида жазо муддатини  ўтаётган 2 нафар шахс шартли равишда муддатидан олдин жазодан озод қилинган бўлса, 7 нафарини жазоси енгилроғига алмаштирилди. 

Бундан ташқари, суд раислари йиғилганларга қонунчиликдаги янгиликлар ва уларнинг инсон манфаати учун фойдали бўлган томонлари ҳақида маъруза қилиб, инсон ҳақ-ҳуқуқлари доимо суд органлари орқали давлат ҳимоясида эканлигини таъкидлашди.

 

Азамат Ботиров

 

Навоий вилоят суди бош консультанти 

Фуқаролик судларида регресс талаблар билан боғлиқ ишларни кўриш амалиёти

Фуқаролик судларида регресс талаблар билан боғлиқ ишлар даъво тартибда кўриладиган ишлар тоифасига мансуб бўлиб, мазкур институт шахсларнинг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг ўзига хусусияти бўлиб бунда  бошқа шахс (меҳнат мажбуриятларини бажараётган ходим, транспорт воситасини бошқарувчи шахс ва ҳ.к) томонидан етказилган зарарни тўлаган шахс бу шахсга нисбатан, агар қонунда бошқача миқдор белгиланмаган бўлса, тўланган товон миқдорида қайта талаб қилиш (регресс) ҳуқуқига эга бўлади.

Жумладан: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1001-моддасига мувофиқ ҳисобланган, бошқа шахс (меҳнат мажбуриятларини бажараётган ходим, транспорт воситасини бошқарувчи шахс ва ҳ.к) томонидан етказилган зарарни тўлаган шахс бу шахсга нисбатан, агар қонунда бошқача миқдор белгиланмаган бўлса, тўланган товон миқдорида қайта талаб қилиш (регресс) ҳуқуқига эга.

Биргаликда етказилган зарарни тўлаган зарар етказувчи зарар етказувчиларнинг ҳар биридан жабрланувчига тўланган товоннинг ҳар бир зарар етказувчининг айби даражасига мос улушини талаб қилишга ҳақли. Айбнинг даражасини аниқлаш имконияти бўлмаганда улушлар тенг баравар деб ҳисобланади.

Терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суднинг мансабдор шахслари томонидан етказилган зарарни тўлаган давлат бундай шахсларнинг айби суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланган ҳолларда, бу шахсларга нисбатан регресс ҳуқуқига эга.

Террорчиликка қарши операция ўтказиш натижасида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаган давлат содир этилган айбли ҳаракатлари террорчиликка қарши операция ўтказилишига сабаб бўлган шахсга нисбатан тўланган товон миқдорида қайта талаб қилиш (регресс) ҳуқуқига эга.

            Фуқаролик судларида жисмоний ва юридик шахсларнинг қарздорнинг айби билан етказилган зарар учун учинчи шахсга тўлаган тўловларнинг қайта ундиришни кўриб чиқишда  юқоридаги қонун талабларига риоя қилган ҳолда, қарздорнинг айби ҳуқуқий ҳужжатлар билан тасдиқланган ҳолатларга  баҳо бериб хулоса қилинади.

            Фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманларо суди томонидан 2022 йил ва 2023 йилнинг январ-май ойларида прокуратура органларининг давлат бюджетидан молиялаштириладиган корхона ташкилотлар манфаатида тақдим қилган, суғурта ташкилотлари фуқаролик тусдаги шартномалар юзасидан, юридик ва жисмоний шахсларнинг регресс талаблар бўйича тақдим қилган 20 га яқин даъво аризалари қабул қилинган бўлиб, барча даъволар қаноатлантирилган.

 

            Хулоса қилиб айтганда мазкур институт жисмоний ва юридик шахсларнинг қарздорнинг қонун ва шартнома мажбуриятини бажармаганлиги оқибатида унинг етказган зарари учун тўлаган тўловларини қайта ундириш бўйича ҳуқуқларини амалга ошириш учун хизмат қилади.

ФИРИБГАРЛИК- ЁМОН ИЛЛАТ

Инсон, унинг шаъни, қадр-киммати ҳакида уйлаганимизда ёшлари улуғ отахон, онахонларнинг ўтмиш хотиралари тарихнинг рад этиб булмас манбаларига асосланиб ҳали ҳеч қайси жамиятда, ҳеч қачон инсон манфаатлари бу кадар улугланиб, давлат томонидан ҳимояланмаганлигининг гувохи бўламиз. Кундан-кунга чирой очиббораётган юртимиз, мехнаткаш, мард ва танти халкимиз , кузни кувонтираётган бунёдкорлик ишлари, илм-фан, иктисодиёт ва туризм борасидаги салохиятимиз, қўлга киритаётган ютукларимиз шу жаннатмакон юртга мухаббат ва яратиш иштиёкини оширади.Ок когозда кора нукта дарров кузга ташланганидай хаётимизда учраб коладиган баъзи товламачи, алдов йули билан ишонувчан кишиларнинг пул ва бойликларини узлаштириб юрган юртдошларимиз хам борлиги жамиятимизга тушган дог каби xунук куринади.

          Аммо бундай кишиларнинг килмиши жазосиз колмайди. Энди фикримизнинг асоси сифатида якинда куриб тамомланган бир жиноят иши тафсилотига тўхталиб ўтайлик.

          Б.Ш. муқаддам айнан фирибгарлик жинояти бўйича судланган бўлсада, яна фирибгарлик жиноятига қўл урди, яъни, у 2022 йил 24 октябрь куни қасддан жиноят содир қилиш йўлига ўтиб, алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида Пешку туман “Навоий” МФЙ Аллаёр қишлоғида яшовчи Б.Х.нинг яшаш уйига бориб, уни ишончига кириб, бир бош қора молини 9.000.000 сўмга сотиб олишини, пулларини эса “10” кун ичида келтириб беришини ваъда қилиб, уни ишонтириш мақсадида олдиндан (аванс) 100.000 сўм пул маблағларини бериб, бир бош қора молини алдов йўли билан қўлга киритиб, жабрланувчига моддий зарар етказиб, такроран фирибгарлик жиноятини содир қилган.

Шунингдек, у 2022 йил 03 ноябрь куни у ўз жиноий ҳаракатларини давом эттириб, Пешку туман Малишояк МФЙ Кўсаравон қишлоғида яшовчи Т.Х.нинг яшаш уйига бориб, уни ишончига кириб, уч бош чорва молларини жами 67.000.000 сўмга сотиб олишини, пулларини эса 1 ой ичида келтириб беришини ваъда қилиб, уни ишонтириш мақсадида олдиндан (аванс) 100.000 сўм пул маблағларини бериб, уч бош чорва молларини алдов йўли билан қўлга киритиб, келишилган пулларни ҳозирги кунга қадар бермасдан жабрланувчига анча миқорда моддий зарар етказиб, такроран фирибгарлик жиноятини содир қилган.

Бундан ташқари, у ўз жиноий ҳаракатларини давом эттириб, 2022 йил 22 декабрь куни Ромитан туманидаги “Қўрғон” мол бозорида, Ромитан тумани Ромитан МФЙ Мўзадўзон қишлоғида яшовчи фуқаро Б.С.нинг ишончига кириб, бир бош сигир ва боласини жами 11.000.000 сўмга сотиб олишини, пулларини эса “20” кун ичида келтириб беришини ваъда қилиб, уни ишонтириш мақсадида олдиндан (аванс) 300.000 сўм пул маблағларини бериб, бир бош сигир ва боласини алдов йўли билан қўлга киритиб, жабрланувчига моддий зарар етказиб, такроран фирибгарлик жиноятини содир қилган.

Шунингдек, у ўз жиноий ҳаракатларини давом эттириб, 2023 йил 28 январь куни Ромитан туман Ҳазортут МФЙ Ҳазортут қишлоғида яшовчи А. Э.нинг яшаш уйига бориб, уни ишончига кириб, уч бош қора молларини жами 12.000.000 сўмга сотиб олишини, пулларини эса “1” ҳафта ичида келтириб беришини ваъда қилиб, уни ишонтириш тариқасида олдиндан (аванс) 10.000 сўм пул маблағларини бериб, уч бош қора молларини алдов йўли билан қўлга киритиб, келишилган пулларни ҳозирги кунга қадар бермасдан жабрланувчига моддий зарар етказиб, такроран фирибгарлик жиноятини содир қилган.

           Ҳеч қандай жиноят жазосиз колмайди. Адолатли суд тизимининг саъй-харакатлари билан судланувчи Ш.Б.нинг килмишлари ўрганилди, у айбларига тўлиқ икрор булиб, фуқароларни алдаб, уларга тегишли молларини сўйиб тез кунларда пулини беришни айтиб, уларни алдаб, содир қилган фирибгарлик жиноятини тан олди ва чин кунгилдан пушаймонлигини билдирди.

Суд, судланувчи А.Б.га нисбатан жазо тайинлаш масаласини муҳокама килиб, жабрланувчиларнинг моддий даъвоси борлигини, етказилган зарарлар қопланмаганлигини эътиборга олиб, Жиноят ишлари бўйича Қоровулбозор туман суди 20.04.2023 йилдаги ҳукмига кўра уни Жиноят кодекси 168-модда 3-қисмининг “б” банди билан айбдор деб топиб, 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаш билан биргаликда судланувчи Ш.Б.дан жабрланувчи Х.Т. фойдасига 66.900.000 сўм, жабрланувчи Х.Б. фойдасига 1.500.000 сўм, жабрланувчи С.Б. фойдасига 5.720.000 сўм ва жабрланувчи Э.А. фойдасига 11.990.000 сўм ундириш белгилади.

          “Бирни куриб фикр кил, бирни куриб шукур кил”-дейди доно халкимиз.Чунки бир кишининг килган хатоси минглаб кишиларга сабоқ бўлиши албатта тайин. Нафс, текин даромад, бошкаларнинг мулкини узлаштириш мукаддас Куръонда, хадиси шарифларда хам кораланган. “Бир нафснинг ишини етмиш шайтон килолмайди”-дейилади “Киссаси Рабгузий”да. 

           Дархакикат, нафс барча ёмонларнинг онасидир. Зеро, барча ноконуний ишларнинг илдизи унга бориб такалади.

         Қолаверса, янги таҳрирдаги Конститутциянинг 54-моддасида “Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсадидир.Давлат инсон ҳамда фуқаронинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди”-деб бежизга кўрсатилмаган албатта.

 

           Фирибгарку жазосини олди, аммо унинг ногорасига уйнаганлар-чи? Улар хам бу вокеадан керакли хулоса чикариб, хушёрликни оширсалар максадга мувофик буларди.  

Skip to content