Суд санацияси

Соддалаштирилган тартибда тўловга қобилиятсиз деб топиш тўғрисидаги аризани суд муҳокамасида кўриш жараёнида қарздор судга ёзма илтимоснома билан мурожаат қилиб, унда суд санацияси тартиб-таомилини жорий этишни сўраган.

Хўш, соддалаштирилган тартибдаги тўловга қобилиятсизликка оид ишларда суд санацияси қўлланиладими?

Мазкур мақолада шу хусусида сўз юритамиз. 

Суд санацияси тўловга қобилиятсизлик доирасида суд томонидан қўлланиладиган қарздорни соғломлаштиришга қаратилган чорадир.

Суд санацияси тартиб-таомили иқтисодий судда кўрилаётган тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш доирасида жорий этилади.

Хусусан, “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (бундан буён матнда Қонун деб юритилади) 93-моддасининг биринчи қисмига кўра, кузатув тартиб-таомили жараёнида қарздор, қарздорнинг муассислари (иштирокчилари) ёки қарздор мол-мулкининг эгаси, шунингдек учинчи шахс (шахслар) суд санацияси тартиб-таомилини жорий этиш ҳақида судга мурожаат қилиш тўғрисидаги илтимоснома билан кредиторларнинг биринчи йиғилишига ёхуд суд санацияси тартиб-таомилини жорий этиш ҳақидаги илтимоснома билан бевосита судга мурожаат қилишга ҳақлидир.

Қонуннинг 78-моддасига кўра, тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатилганда кузатув тартиб-таомили суд қарздор — юридик шахсга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги аризани иш юритишга қабул қилган санадан эътиборан жорий этилади, бундан ушбу Қонунга мувофиқ қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизликнинг бошқа тартиб-таомили қўлланилиши керак бўлган ҳоллар мустасно. Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатилган тақдирда суднинг аризани иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримида кузатув тартиб-таомили жорий этилганлиги кўрсатилади.

Шунингдек, Қонуннинг 16-боби тўловга қобилиятсизликнинг соддалаштирилган тартиб-таомилларига бағишланган бўлиб, мазкур боб

239-моддасининг иккинчи қисмига кўра, тугатилаётган юридик шахснинг тўловга қобилиятсизлигида кузатув, суд санацияси ва ташқи бошқарув тартиб-таомиллари қўлланилмайди.

Қонун 242-моддасининг биринчи қисмига кўра, суд ҳозир бўлмаган қарздорни банкрот деб топиш ҳақидаги аризани ўз иш юритувига қабул қилиб олган кундан эътиборан икки ҳафталик муддат ичида ҳозир бўлмаган қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилади.

Қайд этилган қонун талабларига кўра кузатув тартиб-таомили жараёни умумий тартибдаги тўловга қобилиятсизликка оид ишларда қўлланилиб, қонунда соддалаштирилган тартибдаги ишлар учун мазкур тартиб-таомилнинг қўлланилиши мумкинлиги назарда тутилмаган.

 

Шерзод Ғофуров,

Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси.