Учқудуқда Фармон мазмун-моҳияти кенг жамоатчиликка етказилди
Бугун мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини ошириш борасидаги ўзгаришлар фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда.
Жорий йилнинг 24 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-11-сон ҳамда “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-12-сон Фармонлари мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш мақсадида Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси Д.Турдиев, жиноят ишлари бўйича туман суди раиси А.Қурбонов ва фуқаролик ишлари туман суди раиси А.Жумаевлар ҳамда бир қатор давлат органлари вакиллари иштирокида туман Молия бўлимида тарғибот тадбири ўтказилди.
Тадбирда туман Адлия бўлими, молия, ғазначилик ва бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг тегишли ходимлари иштирок этди.
Суд раислари томонидан тадбир иштирокчиларига 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, шунингдек, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини ошириш мақсадида ПФ-11-сон Фармон қабул қилинганлиги, Фармон билан суд-ҳуқуқ тизимининг жадал ислоҳ қилинишини таъминлаш, аҳолининг одил судловга эришиш даражасини янада ошириш бўйича 2023 — 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси тасдиқланганлиги ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2023 йил 16 январда “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-12-сонли Фармони ҳақида тўхталиб, илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда айрим тоифадаги фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриш ваколатини тегишлилиги бўйича маъмурий органларга ўтказилиши ва айрим тоифадаги жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни қуйи инстанция судларининг ўзида якунлаш тартиби белгиланиши назарда тутилганлиги ҳақида маълумотлар берилди.
Бир сўз билан айтганда, мазкур Фармонларниг қабул қилиниши “Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини янада мустаҳкамлаш билан биргаликда, халқимиз манфаати ва инсон
қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Тадбир якунида иштирокчиларга ўзларини қизиқтирган саволлари юзасидан тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси
Дилшод Турдиев