Фуқаролик судларида коммунал қарздорликни ундириш бўйича бериладиган суд буйруғига ўзгартиришлар киритилди

Маълумки, кейинги йилларда мамлакатимизда энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш, уларни талон-торож қилиш ҳолларининг олдини олиш ва мазкур соҳага инвестицияларни жалб қилиш орқали бозор механизмларини жорий этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга жисмоний шахслар томонидан истеъмол қилинадиган энергия ресурслари учун қарздорликни ундириш тартибини, шунингдек соддалаштирилган ижро ишини юритиш ва суд буйруғини чиқариш тартибини янада такомиллаштириш зарурати юзага келмоқда.

Хусусан, 2024 йил 28 августдаги “Ижро ишини юритиш янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-947-сонли Қонуни қабул қилиниши,билан эндиликда,“Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига истеъмол қилинган электр энергияси ва табиий газ учун мажбурий тўловларни ундириш тўғрисидаги ариза ваколатли органга ёки мансабдор шахсга берилгунига қадар қарздор жисмоний шахс энергия ресурслари тармоқларидан узилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ижро ҳужжатларига илова қилиниши керак эканлиги ҳақидаги талаб киритилмоқда. Ушбу талаб бажарилмаган тақдирда, давлат ижрочиси ижро ҳужжатини қайтаради.

Айтиш керакки, почта харажатларини ундириш тартиб-таомилини соддалаштириш мақсадида қарздор жисмоний шахслардан почта харажатларини ундириш тўғрисидаги суд ҳужжатларига нисбатан ижро ишини юритишнинг соддалаштирилган тартиби қўлланилади. Соддалаштирилган ижро ишини юритиш доирасида давлат ижрочисининг зиммасига ижро ҳужжатини берган судни ёки бошқа органни ушбу ижро ҳужжати қайси суд ҳужжатига ёки бошқа органнинг ҳужжатига асосан берилган бўлса, уша суд ҳужжати ёки бошқа органнинг ҳужжати бекор қилинганда ёхуд мазкур ижро ҳужжати бекор қилинганда ёки ҳақиқий эмас деб топилганда ижро ишини юритиш тугатилганлиги ҳақида хабардор қилиш мажбурияти хам юклатилмоқда.

Бундан ташқари Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига истеъмол қилинган электр энергияси ёки табиий газ учун қарздорликни ундириш ҳақидаги суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага истеъмолчи билан тузилган шартнома, пеня ҳисобланиши ҳақидаги ва истеъмолчини тегишли энергия ресурслари тармоқларидан узиш тўғрисидаги огоҳлантириш кўрсатилган, қарзни тўлаш ҳақидаги талаб, ушбу талаб истеъмолчига юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинган ҳолда, шунингдек истеъмолчи тегишли энергия ресурслари тармоқларидан узилганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилиниши кераклиги тўғрисида талаб киритилмокда.

Мазкур Қонун суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари ижросини таъминлаш тартиб-таомилларини соддалаштиришга ҳамда инсон омилини камайтиришга, жисмоний шахслар томонидан истеъмол қилинган электр энергияси ва табиий газ учун қарздорликни ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатларини мажбурий ижро этиш тизимини такомиллаштиришга хизмат килади.

 

Анвар Жумаев,

Фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси.