Янги қонун тадбиркорлар учун қандай имтиёзлар яратди
Бугун мамлакатимизда иқтисодий ислоҳатларни янада чуқурлаштириш ва тадбиркорликни ривожлантириш жамиятимиз ижтимоий ва сиёсий барқарорлигининг кафолати ҳисобланади.
Тадбиркорлик субъектларини ҳар тамонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қанча имконият ва имтиёзларни назарда тутувчи, уларни иқтисодий, ҳуқуқий жиҳатдан ҳимояловчи қонунчилик механизмлари шакллантирилди ва йилдан-йилга такомиллаштирилиб борилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 14 апрель кунидан қонуний кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги қонуни ҳам тадбиркорлик субъектлари манфаатини кўзлаган бўлиб, мазкур қонун билан тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, уларнинг ривожланишидаги тўсиқларни бартараф этиш, шунингдек юридик ва жисмоний шахсларнинг, якка тартибдаги тадбиркорларнинг тўловга қобилиятсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш билан бир қаторда иқтисодий ночор аҳволга тушиб қолган корхоналарга ўз фаолиятини қайта ташкил этиш ва тўлов қобилиятини тиклашга имкон бериш орқали иқтисодиётга таъсир ўтказиш, танг аҳволга келган тадбиркорлик субъектларини тугатиб юбориш эмас, балки уларни молиявий соғломлаштириш, шу билан бирга, соҳада вужудга келаётган янги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга қаратилган.
Ушбу Қонуннинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, тўловга қобилиятсизликнинг олдини олиш мақсадида қарздорнинг муассислари (иштирокчилари), бошқарув органи ёки қарздор мол-мулки эгасининг қарздорни тўловга қобилиятсиз деб топиш тўғрисидаги аризаси судга тақдим этилгунига қадар қарздорни молиявий жиҳатдан соғломлаштиришга қаратилган чора-тадбирлар кўрилади. Қарздорни молиявий жиҳатдан соғломлаштиришга қаратилган чора-тадбирлар қарздор билан тузилган битимга асосан кредиторлар ёки бошқа шахслар томонидан ҳам кўрилиши мумкин.
Жумладан, 2021-2022 йил мобайнида Зарафшон туманлараро иқтисодий суди томонидан қарздор корхоналарни банкрот деб топиш тўғрсида жами 15 та иқтисодий ишлар кўриб чиқилган бўлиб, шундан 13 таси, банкрот деб этироф этилган бўлиб, 1 таси қарздор қарзини тўлиқ тўлаганлиги сабабли аризани қаноатлантириш рад этилган ва 1 та ариза кўрмасдан қолдирилган.
Хулоса ўрнида айтганда, мазкур қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини мустаҳкамлаш ҳамда қонун йўли билан кафолатлашга хизмат қилади.
Шерзод Ғофуров
Зарафшон туманлараро
иқтисодий суди раиси