“Ўзбекистон – 2030” стратегияси”нинг мазмун-моҳияти тушунтирилди

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Навоий академик лицейида Навоий вилоят суди раиси Ҳамидулла Қудратов ва вилоят маъмурий суди раиси Акмал Муродовлар ўқувчилар билан учрашди.

Учрашувда 2023 йил 11 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги Президент фармони мазмун-моҳияти, унинг  
2023 – Инсонга эътибор ва сифатли таълим йилида амалга оширилишини таъминлаш мақсадида белгиланган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилди.

Стратегияда 5 та йўналиш бўйича 100 та мақсад назарда тутилган. Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш, барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш, сув ресурсларини тежаш ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш ҳамда мамлакатни хавфсиз ва тинчликсевар давлатга айлантириш ишларини давом эттириш асосий йўналишлар сифатида белгиланган.

– Стратегия 4-йўналишнинг 2-банди “Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар”га бағишланган бўлиб, унда бир қатор устувор вазифалар белгиланган, – дейди вилоят суди раиси Ҳ.Қудратов. – Жумладан, 84-мақсад “Конституция ва қонунларнинг устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашни суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бош мезонига айлантириш”, деб номланган. Унда озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш амалиётини 30 фоиздан 20 фоизга тушириш, судлар ҳамда тергов органлари фаолиятида айрим процессуал ҳаракатларни масофадан туриб амалга ошириш имкониятларини камида 2 баробарга ошириш назарда тутилган. Бундан ташқари, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда маъмурий адлия тизимини янада ривожлантириш, суд ҳокимиятининг мустақиллигини кучайтириш ва унинг фаолиятида очиқликни таъминлаш каби устувор вазифалар ҳам белгиланганки, бу мақсадларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши аҳолида одил судловга бўлган ишончнинг янада ошишига хизмат қилади.

Албатта, судларга бевосита мурожаат қилишга тўсқинлик қилаётган омилларни тўлиқ бартараф этиш, судга қадар босқичда низоларни ҳал қилиш самарадорлигини ошириш, маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўриб чиқиш натижалари устидан судларга юборилаётган шикоятларнинг электрон шаклда келиб тушишига эришиш, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига нисбатан кўрилаётган жиноят ишларида ҳимоячи ёки жамоат ҳимоячиси иштирокини таъминлашга эришиш юртимизда инсон қадри тобора улуғланиб, инсон манфаатлари ҳар нарсадан устун эканлигининг бир исботидир.

– Бугунги учрашувда Стратегиянинг мазмун-моҳияти, унда белгиланган мақсадлар, жумладан, суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилиши кўзда тутилган мақсадлар ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлдик, – дейди лицей ўқувчиси Иқбол Мамаюсупова. – Албатта, бу ҳужжат мамлакатимизнинг ҳар томонлама ривожида муҳим қадамлардан бири бўлиб, биз ёшлар учун дастуриламал ҳужжатлардан саналади. Тадбирда судьяларимиз нафақат судларда, балки адвокатура тизимида белгиланган мақсадлар ҳақида ҳам гапириб ўтишди. Таъкидланганидек, адвокатура институтини ўз-ўзини бошқариш тизимига ўтказиш ҳамда унинг давлат органлари ва бошқа тузилмалардан мустақиллигини таъминлаш ўта муҳим вазифадир. Қолаверса, адвокатлар малакасини оширишнинг замонавий ва халқаро стандартларга мос келувчи ва муқобиллик тамойилига асосланган тизимини жорий этиш, адвокатлар ҳамда судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасида электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш ҳам яратилаётган қулайликлардан бири, деб ўйлайман.

Учрашувда судьялар ўқувчиларни қизиқтирган барча саволларга жавоб беришди.

ЎзА