АЖРИМ ЁКАСИДАГИ ЯНА БИР ОИЛА ЯРАШТИРИЛДИ

Қадриятларимизга кўра, оилани асраб-авайлаш, унинг мустаҳкамлигини таъминлаш, дарз кетган оилаларни яраштириш энг эзгу амаллардан ҳисобланади.

Бу борада мутасадди идоралар, хусусан Зарафшон шаҳар ҳокимлиги Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими билан ҳамкорликда фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро суди томонидан ўтказилаётган тарғибот тадбирлари ҳамда сайёр қабуларда кенг кўламли тушунтириш ва ташвиқот ишлари олиб борилиб, оилавий ажримларнинг салбий жиҳатлари ва оқибатлари оила қурган ва қурмоқчи бўлган ёшлар ва уларнинг ота-оналарига тушунтириб келинмоқда.

Албатта, бу ўзининг ижобий самарасини бериб, ажрим ёқасига келиб қолган оилаларнинг ярашишига ҳамда эр-хотин ўртасидаги мўайян тушунмовчиликларнинг бартараф этилишига олиб келмоқда.

Жумладан, ана шундай оилалардан бири бўлган Зарафшон шаҳридаги «А.Навоий» МФЙда яшовчи Р.М. 2021 йил 30 июль куни фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, унда турмуш ўртоғи А.А. билан ўрталарида тузилган қонуний никоҳни бекор қилишни сўраган.

Суд томонидан мазкур мурожаатни ўрганиш жараёнида тарафларнинг биргаликдаги турмушидан бир нафар вояга етмаган фарзанди борлиги, оиладаги ўзаро келишмовчиликлар сабабли оила ажрим ёқасига келиб қолганлиги аниқланиб, мазкур ҳолатлар ҳамда оилани сақлаб қолиш имкони борлиги инобатга олинган ҳолда суднинг ажрими билан оилани яраштириш чораларини кўриш учун тегишли муҳлат берилиб, мазкур муддат мобайнида тарафларнинг ўзаро ярашиб олишлари учун суд томонидан зарур чоралар кўрилган.

Натижада, тарафлар суд томонидан ярашиш учун берилган ушбу муддатдан унумли фойдаланиб, ўрталарида мавжуд бўлган тушунмовчиликларни ўзаро бартараф этишиб, ўз оиласининг тикланишига эришдилар.

Бу эса ўз навбатида, вояга етмаган фарзанднинг ўз ота-онаси бағрида улғайиб, меҳрга зор бўлмаслигига, шунингдек эр-хотин ўртасидаги турли низоларни ҳамда улар ўртасида келиб чиқиши мумкин бўлган турли ноҳуш оқибатларнинг олдини олишга имкон яратди.

Юқорида келтирилган ҳолатлардан келиб чиқиб, мазкур хайрли ишлар келгусида ҳам фаоллик билан ҳамкорликда давом эттирилиб, бу борада мақсад қилинган оилавий ажримлар сонини камайтириш, вояга етмаган бегуноҳ фарзандларнинг тирик етим қолишини олдини олиш, аёлларни оилавий ажримдан сўнг оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолишидан сақлаш ва бунинг натижасида оғир салбий оқибатлар келиб чиқишининг олдини олиш учун муносиб ҳисса қўшиб борилади, албатта.

Анвар Шукуров

 

Фуқаролик ишлари бўйича

Зарафшон туманлараро суди раиси