Атроф-табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш – фуқаролик бурчимиздир

Инсоният тарихида техниканинг тараққий этиши, турли хилдаги ихтиролар, саноатнинг ривожланиши инсонлар ҳаёти ва мамлакатлар тараққиётида муҳим ўрин эгаллаган бўлиши билан бир қаторда, инсон ва табиат ўртасидаги муносабатларга ҳам ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмади.

Буни сўнги йилларда кузатилаётган ҳавонинг меъёридан ортиқ исиши ва ифлосланиши, чўллашиш даражасининг ортиши, сув танқислиги, чанг бўронларнинг, ҳатто йилнинг қиш фаслида ҳам кўплаб содир бўлаётганлигида ҳам англаш мумкин.

Албатта, мазкур тараққиёт қайсидир маънода она табиатнинг софлиги, атроф-муҳитнинг тозалигига ўзининг салбий таъсирини кўрсатаётгани боис ҳозирдан бошлаб инсон ва табиат ўртасидаги нозик муносабат ҳамда мувозанатни мувофиқлаштириш, она табиатни асраб-авайлаш орқали уни келажак авлодга бор софлигича етказишга жиддий эътибор қаратиш энг долзарб масалалардан бири бўлмоқда.

Таъкидлаш жоизки, бу борада миллий қонунчилигимизда ҳам табиат ва атроф-муҳитни асраб-авайлаш, унга қилинган ҳар қандай тажовуз ва ножўя хатти-ҳаракатларга нисбатан қонунда белгиланган чоралар кўриш назарда тутилган.

Хусусан, Конституциямизнинг 62-моддасида, фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбур эканлиги назарда тутилган.

Ушбу Конституциявий нормадан келиб чиқиб, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Экологик экспертиза тўғрисида”ги ҳамда Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунларининг қабул қилинганлиги ҳам атроф-муҳитни асраб-авайлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда. 

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 193-204-моддалари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 65-96-моддаларида тегишли жавобгарлик белгиланиб, жазо чоралари қайд этилган, бундан ташқари, 2021 йил 25 август куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддалари ҳамда бошқа қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, жавобгарлик чоралари янада мустаҳкамланган.

Она табиатга етказилаётган тажовузларни олдини олиш ва уни ҳимоя қилиш борасида ҳам суд амалиётида кўплаб ишлар кўриб чиқилмоқда.

Зеро, Бош қомусимизнинг 68-моддасига кўра, ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир

Шу боис, биз атроф-муҳитга қандай муносабатда бўлсак, она табиат ҳам бизга худди шундай жавоб қайтаради. Шу сабабли, табиат ва атроф-муҳитни асраб-авайлаш ва уни келажак авлодга софлигича етказиш барчамизнинг инсонийлик бурчимиздир.

Албатта, бундай муносабатни ҳар биримиз, энг аввало, ўзимиздан, оиламиздан бошлашимиз лозим, азиз инсонлар!

 

Шерзод Ғофуров,
Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси.