“Аёллар дафтари”да рўйхатда турувчи хотин-қизлар билан учрашув

 

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш йўлида судлар томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси Х.Турсунов томонидан “Ифтихор” МФЙ биносида “Аёллар дафтари”да рўйхатда турувчи хотин-қизлар билан суд-ҳуқуқ масалалари бўйича сайёр қабул ташкил этилди.

Қабулда ҳудудда яшовчи  “Аёллар дафтари» ҳисобида турган хотин-қизлар билан суҳбат олиб борилиб, 9 нафарининг суд-ҳуқуқ масалалари бўйича  йўллаган мурожаатига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, жамиятда турли қийинчилик ва муаммоларга дуч келаётган хотин-қизларнинг қонун ва қонуности ҳужжатлар талабини тўлиқ билмаслиги, уларга берилган қонуний имтиёзлардан бехабар эканлиги, юзага келаётган қийинчиликларнинг асосий сабабларидан бири бўлиб, шу каби олиб борилаётган тарғибот ишлари натижасида, судьялар томонидан уларга кўрсатилган ҳуқуқий ёрдам ва тушунтиришлар муаммоларни ҳал этилишида муҳим аҳамият касб этиши тайин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ташкил этилган “Маҳаллабай” ишчи гуруҳнинг кўмаги билан кўплаб ҳамюртларимиз ўзларини қийнаб келаётган турли муаммоларга ечим топмоқда. Энг муҳими мурожаатлар тегишли ташкилотлар томонидан ўз вақтида қонуний ва адолатли ҳал этилаётгани фуқароларимизнинг ҳаётдан рози бўлиб, эртанги кунда ишонч ҳисси билан яшашларида муҳим омил бўлмоқда.

Мухтасар айтганда, сайёр қабуллар аҳолининг айниқса “Аёллар дафтари”да ҳисобида турган хотин-қизларнинг муаммоларини жойида, тез ва самарали ҳал этиш имконини бераётгани, ҳудудларда йиғилиб қолган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этилишида давлат органлари ва ташкилотлари олдига вазифалар қўяётгани ва ушбу вазифаларни тўлақонли бажаришга ундаётгани билан муҳим аҳамият касб этмоқда.

 

 

Хуршид Турсунов

Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси